Насл-насаб ҳоллари, нафақа, мерос ва бошқа эр-хотинлик ҳаётига тааллуқли бўлган роҳат-фароғат, ўзаро ҳамжиҳатлик билан турмуш қуришнинг муҳим ва жиддий ишларидан ҳисобланади. Шунинг учун, никоҳдан олдин «Хитба» – совчилик қилиш зарурдирки, никоҳ боғлашдан олдин эр аёли ҳақида ва аёл эри ҳақида таниш-билишлар қўни-қўшнилар орқали маълумотга эга бўлиши керак. Чунки никоҳ аниқ маълумотлар асосида бўлса, никоҳ ақди доимий, жуфтлар орасидаги ҳаёт эса гўзал бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен, уйландим, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қандоққа уйландинг?» дедилар. «Эрдан чиққанга», дедим. «Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, Абдуллоҳ вафот этиб, ортидан етти (ёки тўққиз) қизни ташлаб кетди. Ўшаларга қараб турадиган кишини келтирдим», дедим. Шунда У Зот менинг ҳақимга дуо қилдилар» (Бешовлари ривоят қилишган).
Шарҳ: Ривоятда зикр қилинган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталаридир. У киши Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар.
«Етти ёки тўққиз қиз» дейилгани ровийдан бўлган шак туфайлидир.
Ушбу ҳадисдан қизга уйланиш афзал эканлиги олинган.
Жобир розияллоҳу анҳу сингилларини ўйлаб, шундай аёлга уйланган эканлар. Ёш қиз олсалар, етти ёки тўққизта қайинсингилга қараб, уларни бошқариш қийин бўлганидан шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Умуман, янги уйланган кишилар ҳақига дуо қилиш марғубдир.
Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир (барги) ейилган дарахт, бир (барги) ейилмаган дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди. «Ейилмаганида», дедилар У Зот.
Яъни, (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади.
Ушбу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса, баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйланганидан кўра қизга уйланган афзал эканлиги ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар.
Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари ичида у кишига қиз ҳолида теккан ягона аёл эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди. «Йўқ», дедилар. Кейин У Зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом Ҳоким ривояти).
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўраш яхшилиги.
2. Туғмас аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам уйланмаган маъқул экани.
3. Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги.
Бу сифатлар унга яқин аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин, қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, кўпинча уларнинг уруғида бўлган ёшлар ҳам ўша сифатларга эга бўлади.
«Эй Аллоҳнинг расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», дейилди.
«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», дедилар» (Сунан эгалари ривоят қилишган).
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».
Демак, эр назар солса хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлади.
Бу аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрлари кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».
Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.
Албатта, шаръий рухсат берилган ишлар доирасида итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас.
Чунки Холиққа маъсият ишларида махлуққа итоат қилинмайди.
Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин оила аъзолари, жумладан, аёл унга итоат қилиши керак.
Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.
Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».
Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлмоқчи аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак. Чунки шу туфайли оилада уруш-жанжал чиқиши, ўзининг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин. Яна аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ. Мўмина-муслима аёл-қизларимиз, ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этмоқлари лозим. Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.
Икки Шайх ва Имом Термизий ривоятида: «Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган.
Шарҳ: Аёл киши иймон-эътиқодли, диндор, солиҳа, одоб-ахлоқли бўлмаса бало-офат эканлиги ҳақидаги фикрга ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам қўшилади. Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини эса тажриба кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид.
Шунинг учун ҳам келин танлашда жуда эҳтиёт бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш маъқул. Бошқа кўрсатмаларга амал қиламан деб, эркаклар учун дунёдаги энг зарарли фитнага учраб қолмаслик керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деди. «Уни ўзингдан ғариб қил», дедилар. «Нафсим унга эргашишидан хавф қиламан», деди. «Ундан фойдаланиб юр», дедилар У Зот» (Абу Довуд ва имом Насаий ривояти).
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деган жумлани эркаклардан ўзини олиб қочмайди ёки мол-мулкни ҳаддан ташқари исроф қилади, деб икки хил таъвил қилинган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ хотинни талоқ қилиб юборишга маслаҳат берганлар. Лекин эр хотинини талоқ қилса, ундан кўнгил уза олмай, ўзи қийналишини баён қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ бўлса, ундан фойдаланиб юравер, деганлар.
Шундан қўлни ман қилмаслик молу мулкни исроф қилиш маъносида эканлиги келиб чиқади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг қўлини қайтармайдиган аёл билан бирга яшайверишни маслаҳат беришлари мумкин эмас.
Муносиб келин ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганганимиздан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани равшанлашади. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу йўл билан оила қуришдан кўзланган софлик, унсу улфат, бахт-саодат ва хотиржамликка эришилиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва мустақимликка биринчи ўринда эътибор берилиши керак.
Чунки никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Бир умрга керак нарса. Диндорлик умр ўтиши билан қувватланиб боради. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади.
Ўз соҳибига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи бу сифатларга эга бўлган умр йўлдошини танлаш оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлиши мумкин сифатлардир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида: «Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деганлар.
Мусулмон киши ўзига яхши умр йўлдоши танлар экан, оиласининг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг бахтиёр бўлиши билан бирга, бўлажак фарзандларини муносиб мусулмонлар қилиб ўстиришни ҳам кўзда тутиши керак.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:
1. Диндорлик.
2. Серфарзандлик.
Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
5. Насаби яхши бўлиши.
6. Ҳуснли бўлиши.
Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди.
7. Қариндошлардан бўлмаслиги.
Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўлиб, ижтимоий алоқалар ривожланади.
Умида АДИЗОВА
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”