Бир дарвеш узоқ ва ҳорғин йўловчиликдан кейин бир қишлоққа тушибди. Қишлоқдагилардан ўзига егулик ва ётоқ берадиган бирор ким бор-йўқлигини сўрайди. Қишлоқдагилар ўзларининг фақир ва уйлари кичиклигини айтиб, уни Шокир исмли бир кишининг ҳовлисига жўнатишибди. Дарвеш йўл-йўлакай қишлоқдагилардан Шокирнинг ўша ҳудуддаги энг бадавлат одамлардан бири эканини билиб олибди. Ўша ҳудудда Ҳаддод исмли яна бир бой бўлган экан.
Шокирнинг ҳовлисида Дарвешни жуда яхши кутиб олишибди. Дарвеш қорнини тўйдирибди, чанқоғини қондирибди ва ётиб дам олибди. Шокир ва унинг яқинлари меҳмоннавоз ва бағрикенг инсонлар экан. Дарвешнинг йўлга чиқадиган вақти бўлибди, Шокирга миннатдорчилик билдириб, хайрлашаётганида “Шундай бадавлат бўлганинг учун ҳар доим шукр қил” дебди. Шокир дарвешнинг елкасига қўл ташлаб жилмайибди:
– Ҳеч бир нарса шундайлигича қолмайди. Баъзан кўринган нарса ҳақиқат бўлиб қолмайди. Бу ҳам ўткинчи...
Дарвеш йўл давомида бу жумлани узоқ мушоҳада қилибди.
Орадан бир неча йил ўтиб, дарвешнинг йўли яна шу ҳудудга тушибди. Шокирни эслабди ва уни бир кўриб ўтмоқчи бўлибди. Қишлоқдагиларни учратиб ундан Шокирни сўрабди.
– Ҳааа, Шокирми? – дейишибди қишлоқдагилар. – У жуда ҳам фақирлашиб қолди, ҳозир Ҳаддоднинг ёнида ишлаяпти.
Дарвеш шу заҳоти Ҳаддоднинг майдонига борибди ва Шокир билан учрашибди. Эски дўсти кексайган, устида эски-туски кийимлар илиб олган экан. Ерлари ҳам унумдорлигини йўқотгани учун чорасиз қолиб, селдан зарар кўрмаган, яна-да бойиб кетган Ҳаддоднинг ерларида ишлаётган экан. Шокир ва оиласи уч йилдан бери Ҳаддоднинг хизматкорлари бўлиб ишлаётган экан.
Шокир бу сафар жуда ғариб аҳволдаги уйида меҳмон қилибди. Ва ўзлари қаноат қилаётган бор-йўғини дастурхонга қўйиб, дарвешга икром этибди. Хайрлашаётганда дарвеш Шокирга бўлган воқеалардан хафа бўлганини айтган экан, Шокирдан шундай жавоб олибди:
– Хафа бўлма. Буям ўтиб кетади...
Етти йилдан кейин дарвешнинг йўли яна шу томонларга тушибди. Ва сўнгги воқеаларни эшитиб ҳайратда қолади. Ҳаддод бир неча йил олдин вафот этган, оиласи бўлмагани учун бутун мол-дунёсини эски дўсти ва хизматкори Шокирга васият қилган экан. Шокир Ҳаддоднинг қўрғонида яшар, унинг чексиз ерлари ва минглаб сигир-бузоқлари билан қишлоқнинг энг бадавлат одамига айланганди.
Дарвеш эски дўстини бундай кўрганидан хурсандлигини айтганида яна ўша жавобни эшитибди: “Бу ҳам ўтиб кетади”.
Бир неча йил ўтиб дарвеш яна Шокирни кўрмоқчи бўлибди. Унга бир тепаликни кўрсатишибди. Тепада Шокирнинг мозори бор экан ва тошда шундай ёзилган экан: “Бу ҳам ўтади”.
Дарвеш “Ўлимнинг нимаси ўтар экан?” деб ўйлабди. Кейинги йил Шокирнинг қабрини зиёрат қилиш учун келибди. Лекин тепаликда қабр кўринмасмиш. Кейин суриштириб кучли сел келганини, тепаликни супуриб-совуриб кетганини, Шокирнинг қабри ҳам текисланганини билади.
Ўша йилларда юртнинг султони ўзига ҳеч кимда бўлмаган бир узук ясатмоқчи бўлади. Шундай узук бўлиши керак эдики, султон тушкунликка тушганида унга қараб кўнгли кўтарилиши, хурсандчиликда эса буткул ўзидан кетиб қолмаслиги керак бўлади.
Ҳеч ким султоннинг истагини амалга оширадиган бундай узукни ясай олмайди. Бир куни султоннинг одамлари донишманд дарвешни топишади-да, ундан ёрдам сўрашади. Султон узук орзусидан ҳамон воз кечмаган эди. Дарвеш султоннинг заргарига бир мактуб ёзиб мурожаат қилади. Қисқа фурсатда узук султонга тақдим этилади. Султон аввалига ҳеч нарсага тушунмайди. Чунки бир қараганда бошқалардан фарқ қилмайдиган оддий ва жўн узук экан. Шу хаёлда узукка тикиларкан устидаги ёзувга кўзи тушибди. Бироз ўйга ботибди ва юзида фавқулодда бир севинч балқибди. Узукнинг устида “Бу ҳам ўтади” деган ёзув қайд этилган экан...
Қиссадан ҳисса: Ҳаёт бир текис давом этадиган йўловчилик эмас. Тушиш ва чиқишлари кўпдир. Ҳаёт йўловчилигида давом этадиган ҳар бир кишининг устига “Бу ҳам ўтади” деган ёзувли узукка эҳтиёжи бор...
Умида Адизова таржмиаси
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди