Бразилиялик олимлар инсон миясини қаришдан муҳофаза қила оладиган табиий воситани топишди. Риу-Гранди-ду-Сул Федерал университети тадқиқотчилари аниқлашича, Америка райҳони экстракти миядаги оксидловчи стрессни камайтиради, яллиғланиш жараёнларини сустлаштиради ва ҳужайраларнинг қаришини секинлаштиради. Тадқиқот натижалари нуфузли “Nutrients” журналида эълон қилинган.
Олимлар бу натижага каламушлар устидан ўтказилган илмий тажрибалар орқали етишди. Улар райҳон экстрактининг гиппокамп — хотира ва ўрганиш учун жавоб берадиган мия қисмига таъсирини ўрганган. Тадқиқот натижаларига кўра, райҳон таркибидаги фойдали бирикмалар организмдаги моддалар алмашинуви жараёнида ҳосил бўладиган ва ҳужайраларни шикастловчи актив кислород шаклларини (АКШ) камайтиради.
АКШ миқдорининг ортиши оксидловчи стрессга сабаб бўлади, бу эса нейронларнинг фаолиятини бузади, мия ҳужайралари мембраналарини емириб, нерв импулсларининг узатилишини секинлаштиради. Аммо райҳон экстракти бу зарарли жараёнларнинг олдини олади, ҳужайраларни фаол ҳолатда сақлайди.
Қайд этилишича, тажрибаларда райҳон экстракти қўлланилган каламушларда гиппокамп ҳужайраларининг бузилиши олдини олинган, яллиғланишни кучайтирувчи TNF-α ва IL-1β молекулалари даражаси эса анча пасайган. Бу моддалар организмда яллиғланишни кучайтиради, уларнинг юқори даражаси эса мияда “нейрояллиғланиш” деб аталувчи жараённи тезлаштиради.
Биокимёвий таҳлиллар шуни кўрсатдики, Америка райҳони антиоксидант моддаларга, хусусан розмарин ва хлореген кислоталарига бой. Айнан ушбу бирикмалар мия ҳужайраларини ҳимоя қилади, нейронлар фаолиятини барқарорлаштиради ва хотирани мустаҳкамлайди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу натижалар келгусида Америка райҳони асосида биологик фаол қўшимчалар ва нутрасевтик воситалар яратиш имконини беради. Бироқ, инсон учун оптимал доза ва қўлланиш шаклини аниқлаш учун яна қўшимча илмий ишлар зарур бўлади.
Мутахассислар бу кашфиётни нейродегенератив касалликлар — хусусан, Альцгеймер ва Паркинсон синдромларига қарши курашда муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Латвияда инсон соғлиги учун хавфли бўлган янги синтетик наркотик — “спирохлорфин” аниқланган эди. Мутахассислар дунёда бир вақтнинг ўзида ҳам хавфли моддалар, ҳам табиий шифобахш ўсимликлар кашф этилаётганини таъкидлаб, соғлом турмуш тарзини сақлаш муҳимлигини уқтиришмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!