20:03 / 22.06.2019
4 173

Oнангизни йўқладингизми?

Oнангизни йўқладингизми?
Оналар ҳақида шунчалар кўп ёзилганки, киши яна шу ҳақда қалам тебратар экан, оналар мадҳини ёзиб тугатиб бўлармикин, дея иккиланиб қолади. Ҳақиқатан, ҳар бир киши, ижтимоий рутбасидан, мавқеидан қатъи назар, онасидан моддий ва маънавий озуқа олиб камолга етади. Пайғамбару валийлар, буюк даҳою олимларни ҳам она тарбия қилади.

Она меҳри, она муруввати, она қалбининг ниҳоятда улуғлиги ҳақида сўз юритар эканмиз, оналар мақтовини уддалай олишга кўзимиз етмай қолади. Она қалби яралишдан беўлчов. Унда меҳр ҳам, сабр-бардош ҳам, меҳр-шафқат ҳам чексиз. Ҳомиладорликнинг қийноқлари ва чекловларидан қувониш, азобларига дош бериш, туғруқ чоғида бир ўлиб-тирилиш, сўнг икки-уч йилгача боласи учун бир тунни ўн беш-йигирма бўлакка бўлиб оромдан кечиш…

Оналар ҳатто боласи улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам унга меҳр-шафқат кўрсатишни тўхтатмайди. Фарзандни ардоқлаш, аяш фақат оналаргагина хос. Туғма мажруҳ фарзандини умр бўйи ғинг демай парваришлаш, хаста ёки бошига ташвиш тушган боласи билан баравар дард чекиш ҳам онагагина хос.

Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламдан оналарга ҳурмат кўрсатишнинг буюк намуналари бизга мерос қолган. У зот, ҳатто, ўзларини эмизган сут оналари Ҳалимаи Саъдиянинг зиёратига борганда чопонларини ечиб, унинг устига ўтқазганлар, сут оналари ҳар гал ичкарига кириб-чиққанида ўринларидан туриб, ҳурмат кўрсатганлар.

Бир саҳобий онасини елкада кўтариб ҳаж қилдиргач, "унинг ҳаққини адо қилолдимми?" деб сўраганида: "Сени туғишдаги қийинчиликларидан биттасини ҳақини ҳам адо қилолмадинг", деб жавоб қилишган.

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Бағдод зиндонида тутқунликда азоб чекиб ётганларида "Аҳволимни онамга билдирманглар, ҳамма нарсага чидайману аммо у кишининг қайғу чекканига чидолмайман", деганлар.

Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд "Қабримизни зиёрат қилгани келганлар, аввало, онамиз қабри зиёратидан бошлашсин", деганлар.

Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг: "Онамни нега севмай, у мени бир муддат жисмида, сўнгра кўп замон қучоғида, ўлгунга қадар эса қалбининг шафқат хонасида ташигандир", деган сўзи бор.

Ёки мана бу ибратли ривоятнинг мағзини бир чақиб кўринг: Мусо алайҳиссалом ўзига жаннатда ким қўшни бўлишини билдиришни сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилди. Бир куни шундай нидо келди: “Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг ва дўстинг бўлади…”. Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қассобнинг қайси ибодати учун бунга муносиб кўрилганини билиш ниятида йўлга чиқди. Бориб, қассобни ахтариб топди. Қассоб ҳазрати Мусонинг ҳақ пайғамбар эканини билган ва бунга иймон келтирган, лекин пайғамбарнинг ўзини кўрмаган эди, шунинг учун танимади.

Кечқурун қассоб ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Таом тайёрлаб, дастурхон тузади. Овқатланишга киришишдан олдин у деворга осиқлиқ бир саватни ерга туширди ва ундан қимирлашга мадори қолмаган бир қари кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна саватга солиб, деворга илиб қўйди. Шунда кампир нималардир деб пичирлади. Унинг нима деяётганини тушунмаган Мусо алайҳиссалом қассобдан сўради: “Бу кампир кимингиз бўлади?” “Бу аёл менинг онамлар. Ўтириб-туришга, еб-ичишга мадорлари етмайди. Шунинг учун ўзим овқатлантираман, сув ичираман, тозаликларига қарайман. Қўлимдан келганича хурсанд қилишга уринаман”, деди қассоб.

“Ҳозиргина нимадир деб пичирлаганди, шунда нима деди?” сўради ҳазрати Мусо. “Парвардигорим, мен ўғлимдан розиман, Сен ҳам ундан рози бўл! Жаннатда уни ҳазрати Мусога қўшни қил”, деб дуо ўқиди. Шунда Мусо алайҳиссалом ўзини танитиш вақти келганини тушунди ва: “Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусоман. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини сўраб илтижо қилган эдим. Жаноби Ҳақ сен эканингни маълум қилди. Сенга хушхабар бўлсин, онангга қилган хизматларинг эвазига Аллоҳ сендан рози бўлди. Онанг дуосини қабул айлади ва сени жаннатда менга қўшни қилди”, деди.

Бу ибратли мисоллар рўйхатини чексиз давом эттириш, ундаги ҳикматдан истаганча завқ олиш мумкин. Аммо буларни келтиришдан мақсад бўлак: ўзимизни тафтиш қилиш! Меҳрибон оналаримиз ҳаққини адо эта оляпмизми? Турмуш ташвишларидан бўшаб, улар зиёратига вақт топаяпмизми? Бемаъни қилиқларимиз, малол келадиган гап-сўзларимиз, эътиборсизликларимиз билан улар дилини оғритиб қўймаяпмизми? Танбеҳ-насиҳатларига қулоқ солаяпмизми? Ўтиб кетганлари ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат-мағфират тилаб, дуо қилишга ҳафсала қиляпмизми? Бу саволлар, шубҳасиз, ҳар биримизни ўйлантиради. Аммо натижалар ҳамиша ҳам ижобий эмас. Бу ҳақда яна бир бор ўйлаб кўрайлик, азизлар!

Валихон АЗИМБОЕВ,
Тошкент Ислом институти мударриси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Oнангизни йўқладингизми?