Ижтимоий тармоқларда бугун, 13 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Д.Султонов ва Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Абдиевлар бошчилигида йиғилиш режалаштирилгани ва унда тижорат банкларида P2P операциялари ва уларни солиққа тортиш масаласи муҳокама қилиниши айтилган ҳужжат сурати тарқалди.
Xabar.uz мазкур ҳужжатнинг тўлиқ нусхасини қўлга киритди. Унга кўра, хабарнома Солиқ қўмитасининг Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси бошлиғи в.б Ф.Аҳмедов томонидан барча тижорат банклари бошқарув раисларига жўнатилган. Улардан ўринбосарлари, бош бухгалтер ва уларнинг ўринбосарларининг йиғиғилишдаги иштирокини таъминлаб бериш сўралади.
Жорий йилнинг 10 февраль имзоланган Президентнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратишни назарда тутувчи ПФ-21-сон Фармони 7-бандида 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъий назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгиланган эди.
Кейинроқ эса мазкур банд қатор фаоллар томонидан сўроқ остига олинганидан сўнг, Адлия вазирлиги «лойиҳада Фармоннинг 7-банди 4-хатбошисида назарда тутилган талаблар мавжуд бўлмаганлиги»ни маълум қилган эди.
Аммо ҳозирда имзоланиб бўлинган мазкур Фармон кучда ва унга кўра, 1 майдан бошлаб тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун «0» сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради.
«Яъни Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги (Солиқ қўмитаси) P2P пул ўтказмалари бўйича электрон фактуралар воситасида тўла ахборотни ўзида жамлай бошлайди. Бу жараёнда мантиқ бўйича кейинги қадам солиққа тортиш бўлиши керак», деб ёзади иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров.
Солиқ қўмитаси эса ўз вақтида бу масалага муносабат билдириб, (албатта, мазкур банднинг Президент фармони лойиҳасига қандай кириб қолгани ҳақида эмас) мазкур тартибнинг «солиқ ислоҳотлари доирасида тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитини яратиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада кафолатлаш»ига урғу берган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг