
Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган Яккасарой туманида мораторий талабларига зид равишда 144 туп можжевельник дарахти кесиб ташланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги инспекция маълум қилди.
Вазирлик маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, 25 октябрь куни эрталаб ижтимоий тармоқларда ноқонуний дарахт кесилиши акс этган видеолавҳа тарқалганидан сўнг, экология инспекцияси ходимлари воқеа жойига етиб борган. Текширув натижасида Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан то Бобур кўчасининг давомида жами 144 туп можжевельник дарахти кесилгани аниқланган.
Гувоҳлар маълумот беришича, ушбу дарахтларни кесиш туман ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Рахмонов топшириғи билан амалга оширилган. Кесиш ишлари тунги вақтда “Ободонлаштириш бошқармаси” ходимлари томонидан бажарилган. Бу ҳаракат 2019 йилда Президент фармони билан жорий этилган дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича мораторий талабларини қўпол равишда бузади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган моддий зарар 620 миллион 472 минг сўмни ташкил этмоқда. Экология вазирлиги бу иш бўйича барча ҳужжатларни расмийлаштириб, прокуратура органларига юборган.
Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, текширув жараёнида айрим экология инспекторларига босим ўтказилгани боис ўрганиш тўлиқ амалга оширилмаган. Шу сабабли, вазирлик бу ҳолатни шахсан ўз назоратига олган. У прокуратурадан қонун доирасида холис ва қатъий чора кўришни сўраган.
“Бундай ҳолатлар фуқароларда чуқур норозилик уйғотмоқда. Агар ҳокимият вакиллари ўзи қонунни бузса, бу жамиятда ишончни йўқотади ва Президент белгилаган экологик сиёсат тамойилларига зиддир”, — деди Кушербаев ўз мурожаатида.
У, шунингдек, аввал Фарғона вилояти Қувасой туманида ҳам 270 туп дарахт ноқонуний кўчирилгани ва натижада 1,8 миллиард сўмлик зарар етказилганини эслатиб ўтди.
Экология вазирлиги ҳозирда барча далиллар прокуратурага тақдим этилганини ва бу иш юзасидан қонун доирасида кескин чоралар кўрилишини билдирди. Мутахассислар бундай ҳолатларни такрорланмаслиги учун назоратни кучайтириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!