
Испания Ла Лигасининг 10-туридан ўрин олган энг кутилган баҳс — “Эль-Класико” жангидек кечди. Мадриддаги “Сантяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтган “Реал Мадрид” ҳамда “Барселона” учрашуви мухлислар хотирасида узоқ сақланадиган шиддатли ўйин бўлди.
Беллашувни фаол бошлаган “қироллик клуби” илк дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олди. 22-дақиқада янги юлдуз Килиан Мбаппе ўз маҳоратни яна бир бор намоён этиб, дарвоза тўрига тўпни йўллади ва ҳисобни очди. Унинг зарбаси “Барселона” ҳимоячилари учун кутилмаган бўлди.
Бироқ каталонияликлар ҳам жавобсиз қолмади. 38-дақиқада Фермин Лопес аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Бу гол “Барса”га куч бағишлади ва ўйин янада қизиди. Аммо шундай дамда Жуд Беллингемнинг 43-дақиқадаги маҳоратли зарбаси мадридликларга биринчи бўлимни ғалаба билан якунлаш имконини берди.
Иккинчи тайм ҳам драматик воқеаларга бой бўлди. 52-дақиқада “Реал” пенальти ишлаб олди — Мбаппе иккинчи голини уриш имконига эга бўлди, аммо “Барса” дарвозабони Войцех Шесни ажойиб сакраш билан зарбани қайтарди. Бу лаҳза “Эль-Класико”нинг энг қизиқ эпизодларидан бири бўлди.
Ўйиннинг сўнгги қисмида ҳис-ҳаяжон яна авжига чиқди. “Барселона” ярим ҳимоячиси Педри қўпол ҳаракат қилиб, Тчуменига қарши қўпол фол ишлатди ва иккинчи сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди. Каталон клуби ўйинни 10 киши билан якунлади.
Учрашув якунланганда таблода — 2:1. Бу ғалаба “Реал Мадрид”га очколарини 27 тага етказиб олиш имконини берди ва мадридликлар турнир жадвалида пешқадамликни янада мустаҳкамлади. “Барселона” эса мағлубият орқали ўз мавқеини йўқотди ва иккинчи ўрин учун курашда орқада қолди.
«Реал Мадрид» — «Барселона» 2:1
Голлар: Мбаппе (22’, ассист Беллингем), Фермин Лопес (38’, ассист Рэшфорд), Беллингем (43’, ассист Милитао)
«Реал» таркиби: Куртуа, Валверде, Милитао, Хейсен, Каррерас, Чуамени, Камавинга, Гюлер, Беллингем, Винисиус, Мбаппе.
«Барселона» таркиби: Шенсни, Кунде, Эрик Гарсия, Кубарси, Балде, де Йонг, Педри, Фермин, Ямал, Рэшфорд, Ферран.
Алмашинувлар: Диаз – Гюлер (66’), Карвахал – Валверде (72’), Родриго – Винисиус (72’), Араухо – Эрик Гарсия (74’), Касадо – Ферран (74’), Барджи – Кубарси (84’), Гарсия – Беллингем (90’), Себалос – Мбаппе (90’), Мартин – Балде (90+7’)
Огоҳлантиришлар: Валверде (23’), Педри (42’, 90+10’), Хуйсен (57’), Лопез (90+9’)
Беллашувдан сўнг мадридлик мухлислар “Бернабеу”ни триумф муҳитида тарк этишди — Мбаппе ва Беллингемнинг голлари “Реал” учун нафақат ғалаба, балки чемпионлик йўлида муҳим қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!