21:50 / 11.06.2023
65

Италияга ташриф: оддий ҳамкорликдан жипс иқтисодий шериклик сари дадил қадам

Италияга ташриф: оддий ҳамкорликдан жипс иқтисодий шериклик сари дадил қадам

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Италия президенти таклифига биноан президент 7–9 июн кунлари расмий ташриф билан Италияда бўлди ва Ғарбий Европа давлатида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Хўш, мазкур ташрифни қандай хулосалаш мумкин?

Мазкур ташрифнинг асосий нуқталарини ёш сиёсатшунос Тахмина Абдуллаева билан таҳлил қилдик.

— Италия ва Ўзбекистон алоқалари қандай тарихий ва ижтимоий-сиёсий, иқтисодий омилларга таянади?

— Италия Ўзбекистон суверенитетини тан олган дастлабки давлатлардан бири ҳисобланади. 1996 йил июн ва 2000 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти И.Каримовнинг Италияга расмий ташрифлари чоғида Ўзбекистон-Италия муносабатларининг асослари яратилди.

1997 йил май ва сентябрь ойларида Италия президенти ва Вазирлар кенгаши раисининг Ўзбекистонга жавоб ташрифлари амалга оширилди. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий негизида 1996 йилда имзоланган Ўзбекистон ва Европа давлатлари шартномаси туради.

1992 йилдан буён ўтган давр ичида Ўзбекистон ва Италия ўртасида конструктив сиёсий мулоқот ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг самарали механизмлари йўлга қўйилди.

Италия G7 аъзоси, иқтисодиёт жиҳатдан дунёнинг кучли ўнталигига киради ва ўз-ўзидан, биргина мана шу фактнинг ўзи бу давлат билан муносабатларимизни янада чуқурлаштириш тақозо қилади. Ўзбекистон ва Италия муносабатларида асосий устувор йўналиш иқтисодий муносабатлар туради. Шунингдек бугунги кунда маданий ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

— Ўзбекистон президентининг Италияга ташрифи кун тартибидан жой олган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти бош директори Сюй Дунюй билан ҳам учрашувининг аҳамияти нима?

— Президентимиз Италияга ташрифининг илк кунида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) раиси Сю Дунюй билан учрашди. Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотга 2001 йилда аъзо бўлган ва 2014 йилда ташкилотнинг юртимиздаги ваколатхонасини очган. Ўша йили шериклик келишуви имзоланган.

Ташриф чоғида кўрилган асосий масалалар аграр тармоқларини модернизация қилиш ва озиқ-овқат ҳавфсизлигини таминлаш бўйича ҳамкорлик бўлди. Глобаллашув даврида озиқ-овқат хавфсизлигига нисбатан таҳдидлар ошмоқда. Бу эса ўз-ўзидан ташкилот билан яқинликни тақазо этади. Шунингдек, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз ва FAO ўртасида имзоланган Доиравий дастурни тўла-тўкис амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва FAO ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада жадаллашмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида FAOнинг Ўзбекистондаги портфели умумий қиймати 65 миллион долларга 59 та миллий, минтақавий ва глобал лойиҳани ташкил этмоқда.

— Шавкат Мирзиёевнинг Милан шаҳрида Ломбардия вилояти губернатори ва Италиянинг етакчи компания ҳамда ташкилотлари раҳбарлари билан учрашуви ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

— Президент Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифининг иккинчи кунида Милан шаҳрида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан учрашув ўтказди. Италия шимолида жойлашган Ломбардия мамлакатнинг аҳоли сони ва майдони бўйича энг йирик ҳамда иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. У республика ялпи ички маҳсулотининг 22 фоизини таъминлайди ва бу кўрсаткич бўйича Европа Иттифоқида бешинчи ўринни эгаллайди.

Учрашувда, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўтган йилда Ўзбекистон ҳудудларининг Ломбардия билан товар айирбошлаш ҳажми 83 фоизга ошди. Апрел ойида Милан ва Тошкент ўртасидаги авиақатновлар қайта тикланди. Ҳудуднинг Pietro Fiorentini, Terranova, Danieli, Fin. Opera каби етакчи компаниялари билан мустаҳкам шериклик алоқалари йўлга қўйилган.

Ўзбекистон президенти қўшма савдо ва инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технология ва билимларини Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Тадбирлар давомида 9 миллиард евролик шартномалар имзоланди. Шунингдек, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023–2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда 2026 йилга қадар маданий алмашинувлар дастури қабул қилинди.

— Мазкур олий даражадаги ташриф Ўзбекистонда Президент сайловлари арафасида ва Украинадаги уруш тобора ҳуманитар кризис кучайиши фонида муайян рамзий маъно касб этадими?

— Биз бу ташрифни Украинадаги можаролар билан боғлашимиз тўғри, менимча. Чунки бизнинг Европа Иттифоқи билан иқтисодий манфаатларимиз қизиқтириши керак. Бўлажак сайловга тўхталадиган бўлсак, дунё иқтисодий гигантларидан бири Ўзбекистон билан алоқа қилишни кучайтирмоқчи экан, бу албатта арезидентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари катта. Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар билан боғлиқ. Буни дунё ҳамжамияти ҳам кўриб турибди.

Бизнес-форумда ҳам Италия компаниялари раҳбарларига Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда тадбиркорлик ва хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида сўзлаб берилди.

— Хабарингиз бор Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига чиқди, бу нимани англатади?

— Стратегик шериклик оддий муносабатлардан юқорироқ даражадаги алоқаларга айтилади. Масалан, Италия ва Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш бу иқтисодий масаладир. Италия дунёнинг Топ-10 иқтисодиётига киради ва Европа Иттифоқида эса кучли 3 ликдан ўрин олган.

— Ўзбекистон ва Италия глобал сиёсатда ҳам ўзаро бир-бирини қўллайдими? Италия Афғонистон масаласида қандай ўрин тутади?

— Италия ва Ўзбекистон Республикалари Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотлари доирасида қатор масалаларда ёндашувлари бир бирига яқин. Ташрифда икки мамлакат етакчилари Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди. Афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, шу жумладан, Термиз шаҳридаги логистика маркази имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Учрашувда Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Нормуҳаммад Али суҳбатлашди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Италияга ташриф: оддий ҳамкорликдан жипс иқтисодий шериклик сари дадил қадам