date

Германия иш бозорида ҳар тўртинчи ходим муҳожир ёки унинг авлоди

Германия иш бозорида ҳар тўртинчи ходим муҳожир ёки унинг авлоди

Германия Федерал статистика идораси маълумотларига кўра, 2024 йил якунларига келиб мамлакатда меҳнат фаолияти билан банд аҳолининг чорак қисмидан ортиғини муҳожирлар ва уларнинг авлодлари ташкил этган. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич умумий ишчи кучи таркибининг 26 фоизи атрофида. Айрим тармоқларда эса бу улуш деярли яримгача етиб борган.

Таҳлилларга кўра, муҳожирлар Германия иқтисодиётининг энг меҳнатталаб соҳаларида муҳим ўрин эгаллаб турибди. Хусусан, пайвандлаш ишларида уларнинг улуши 60 фоизга етган, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва ошпазлик соҳасида — 54 фоиз, қурилиш ускуналарини ўрнатишда — 48 фоиз, жамоат транспорти ҳайдовчилари орасида — 47 фоиз, гўштни қайта ишлашда — 46 фоиз, овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатиш соҳасида — 45 фоиз.

Бошқа йирик ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам муҳожирларнинг ҳиссаси катта: пластмасса ва резина маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 44 фоиз, меҳмонхона ва туризм соҳасида 40 фоиз, юк ташишда — 39 фоиз, металл ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда — 37 фоиз, қарияларга қараш хизматларида — 33 фоиз.

Бундан фарқли равишда, давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида муҳожирлар сони анча кам. Масалан, полиция тизимида уларнинг улуши бор-йўғи 7 фоиз, тез ёрдам ва қутқарув хизмати ходимлари орасида — 8 фоиз. Солиқ инспекцияси, давлат ва суғурта муассасалари, бошланғич мактаб ўқитувчилари ҳамда юристлар каби касбларда бу кўрсаткич 9–10 фоиз атрофида.

Маълумотлар 2024 йил давомида мамлакат бўйлаб ўтказилган кенг қамровли микросўровнома асосида жамланган. Сўровда 15 ёшдан катта аҳолининг тахминан 1 фоизи иштирок этган. Бироқ натижаларда ётоқхона ва ижтимоий турар жойларда яшовчи шахслар ҳисобга олинмагани сабабли, кўплаб қочқинлар ва вақтинчалик муҳожирлар бу статистикадан ташқари қолган.

Мутахассислар таъкидлашича, Германия иқтисодиётида муҳожирлар улушининг бундай даражада юқори бўлиши мамлакат меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини сақлаб туришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, саноат, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида уларнинг ҳиссаси Германиянинг барқарор иқтисодий ўсишига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, таҳлилчилар давлат хизматлари тизимида муҳожирларнинг фаоллигини ошириш, улар учун махсус таълим ва малака дастурларини жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда. Бу мамлакатдаги меҳнат бозорини янада диверсификация қилиш ва ижтимоий интеграцияни кучайтириш имконини беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия иш бозорида ҳар тўртинчи ходим муҳожир ёки унинг авлоди