date

Йил давомида энг кўп қимматлашган маҳсулотлар...

Йил давомида энг кўп қимматлашган маҳсулотлар...

Марказий банк 2025 йил сентябрь ҳолатига оид инфляция кўрсаткичларини эълон қилди. Маълумотларга кўра, умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган бўлса, 2023 йилда 8,8 фоизгача пасайган. 2024 йилда инфляция бироз ошиб, 9,8 фоизни ташкил этган, 2025 йил сентябрь ҳолатига келиб эса 8 фоизга тушган.

Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, нархи 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улуши йиллар давомида қисқарган. Агар 2022 йилда бундай маҳсулотлар умумий бозорнинг 52 фоизини ташкил этган бўлса, 2025 йил сентябрига келиб бу кўрсаткич 14 фоизгача пасайган. Бу нарх босимларининг барқарорликка ўтиб, “юқори инфляцияли” элементлар сони сезиларли камайганини англатади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Инфографика маълумотларига кўра, айрим маҳсулотлар нархи анча арзонлашган. Масалан, қовоқ (-59,2%), помидор (-31,5%), бодринг (-30,7%), бақлажон (-21%), шафтоли (-20,5%) ва анор (-20,4%) нархлари пасайган.

Бироқ баъзи маҳсулотларда кескин қимматлашиш кузатилган. Сабзи нархи 57,5%, лимонники 52,5%, пахта мойи 35,9%, шолғом 30,8%, карам 27,4%, қўй гўшти эса 26,8 фоизга қимматлаган.

Ноозиқ-овқат товарлари

Бу тоифада айрим маҳсулотлар арзонлаган: пропан нархи 19,7%, қоғоз А4 – 3,7%, шприцлар эса 0,4%га тушган.

Шу билан бирга, олтин бозоридаги рекорд даражадаги ўсиш заргарлик буюмлари нархларига ҳам таъсир қилган — никоҳ узуги 33,4 фоизга қимматлаган. Шунингдек, метан (+30,6%), газета (+15,3%), бензин (+11,8%) ва табиий гуллар (+10,9%) нархлари кўтарилган.

Хизматлар соҳаси

Хизматлар бозорида ҳам сезиларли фарқ кузатилган. Пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархи 2,5%га, нодавлат олий таълим муассасаларида ўқиш ҳақи эса 0,2%га арзонлашган.

Бироқ айрим хизматлар кескин қимматлаган. Ҳайдовчилик курслари нархи 73,3%, ички авиақатновлар 57,3%, тармоқ газ 39,2%, совуқ сув 35,1%, музей хизматлари 32,3%, ҳуқуқий хизматлар эса 29,1 фоизга кўтарилган.

Сентябрь ойи якунида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган маҳсулотлар улуши озиқ-овқатда 86%, ноозиқ-овқатда 96%, хизматлар соҳасида эса 56%ни ташкил этди.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу кўрсаткичлар бозордаги барқарорликка ва инфляция босимларининг сусайишига ишора қилмоқда. Шу билан бирга, айрим маҳсулотлардаги мавсумий нарх ўзгаришлари иқтисодий жараёнларга таъсир этишда давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Йил давомида энг кўп қимматлашган маҳсулотлар...