Дунё бўйлаб фаолият юритаётган 460 дан зиёд яҳудий олим, сиёсатчи ва маданият арбоблари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда халқаро ҳамжамиятга Исроил ҳукуматига қарши санкциялар жорий этиш ҳақида очиқ мурожаат йўллади. Улар Фаластиннинг ишғол қилинган ҳудудларидаги ҳаракатларни виждонсизлик ва геноцид деб атади.
Мурожаатномада таъкидланишича, Исроил Ғазо, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги ҳаракатлари билан халқаро ҳуқуқ нормаларини бузмоқда. “Бизнинг фаластинликларга ҳамдардлигимиз яҳудийликка хиёнат эмас, аксинча унинг инсонпарвар моҳиятини ифода этади. Биз зулм тугаб, оккупация ва апартеид сиёсати барҳам топмагунча тинчимаймиз”, — дейилади баёнотда.
Имзолар орасида Исроил парламентининг собиқ спикери Авраам Бург, тинчлик музокаралари делегацияси собиқ аъзоси Дэниел Леви, режиссёр Жонатан Глейзер, актёр Уоллес Шон, ёзувчи Майкл Розен, адиба Наоми Кляйн, Пулицер мукофоти соҳиби Бенжамин Мозер ва бошқалар бор.
Тадқиқотчилар фикрича, икки йилдан буён давом этаётган урушда камида 68 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлган, шундан юзлаб болалар ва аёллар қурбон бўлган. Ҳатто 10 октябрь куни эълон қилинган оташкесимдан кейин ҳам Исроилнинг ҳужумлари давом этгани қайд этилди.
БМТ ҳисоботларига кўра, Ғарбий соҳилда ҳам зўравонлик авж олган — 2025 йилнинг ўзида 3200 фаластинлик яҳудий посёлкалари аҳолиси томонидан ҳужумга учраган. “Save the Children” ташкилоти болалар ўлими кескин кўпайганини тасдиқлаган.
Лондон университети олимлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид даражасига етган уруш” деб баҳолаган. Улар XXI асрда бирор можарода шунча фоиз аҳоли ҳалок бўлмаганини таъкидлаган.
Сўнгги икки йил ичида Исроил ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари ҳатто яҳудий жамоатчилиги ичида ҳам кескин танқид қилинмоқда. “B'Tselem” ва “Physicians for Human Rights” ташкилотлари ҳам мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматини геноцидда айблаган.
“The Washington Post” сўровига кўра, АҚШдаги яҳудийларнинг 61 фоизи Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини ҳарбий жиноят деб ҳисоблайди, 39 фоизи эса буни геноцид деб аниқ баҳо берган.
Муаллифлар халқаро ҳамжамиятни Исроилга нисбатан санкциялар жорий этишга, қурол етказишни тўхтатишга ва тинчлик жараёнини қайта тиклашга чақирмоқда. Улар “инсон ҳаётига бўлган ҳурмат яҳудийликнинг асосий қиймати бўлиб қолиши лозим”, деган фикрни илгари сурди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!