date

Дунё болалари орасида семизлик эпидемия даражасига етди

Дунё болалари орасида семизлик эпидемия даражасига етди

Жаҳонда болалар орасида ортиқча вазн ва семизлик муаммоси жуда тез кучаймоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти 16 октябрь — Жаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан эълон қилган ҳисоботида бу хавфли тенденция яна бир бор таъкидланди.

Ҳисобот маълумотларига кўра, 2024 йилда ер юзидаги 670 миллион киши очликдан азият чекаётган бўлса, бошқа томондан 391 миллион бола ортиқча вазнга эга. Улардан 188 миллиони эса оғир семизлик даражасига чалинган. Яъни ҳар беш боладан бири ортиқча вазн билан, ҳар ўнтасидан бири эса семизлик билан юзма-юз.

FAO таҳлилчилари бу ҳолат айниқса Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Америка қитъасида кескин намоён бўлаётганини таъкидламоқда. Масалан, Чилида болаларнинг 58 фоизи, Жанубий Тинч океани оролларида эса қарийб ярми ортиқча вазнга дуч келган.

Мутахассислар фикрича, нотўғри овқатланиш, ҳаракатсиз ҳаёт тарзи ва тайёр овқатларга боғлиқлик бу ҳолатнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Бу эса болалар соғлигига жиддий хавф туғдиради.

FAO ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни ўргатиш ва болаларни спортга жалб қилиш бўйича давлатлар миқёсида кенг қамровли дастурларни амалга ошириш зарурлигини таъкидламоқда.

Олимлар фикрича, семизлик нафақат жисмоний, балки руҳий соғликка ҳам таъсир кўрсатади. Шу сабабдан бу муаммога қарши кураш глобал даражадаги устувор вазифага айланиши лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунё болалари орасида семизлик эпидемия даражасига етди