21:46 / 30.08.2023
210

Озарбойжоннинг Ўзбекистон учун муҳимлиги нимада?

Озарбойжоннинг Ўзбекистон учун муҳимлиги нимада?

Озарбойжон Ўзбекистоннинг Туркияга, Туркия орқали Яқин Шарқ ва Европага боғланиш имкониятини очади. Дунё денгизлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан кўпроқ назорат қилинар экан, расмий Пекин қуруқлик орқали дунё бозорига чиқиш йўлларини излайди. Пекиннинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг асосий мақсади – АҚШдан мустақил инфраструктура яратиш ва Европа ҳамда Осиёга боғлиқликни кучайтиришдир. Ана шундай улкан масштабдаги манфаатлар кесишувида Ўзбекистоннинг ҳам бўлиши ҳамда унинг мамлакат учун фойдаси ҳақида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримовлар билан суҳбат ўтказилди.

— Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларининг бугунги даражаси қандай? Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзолангани нимани англатади?

Фарҳод Каримов: — Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатлар тарихан шаклланган. Собиқ иттифоқ даврида ҳам битта давлат таркибида эди. Туркий давлатлар бўлганимиз учун ҳам муносабатлар илиқ бўлган доим. Мустақиллик бошида ҳам бу икки давлат ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилган. Гарчи 1995 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган бўлса-да, ҳамкорлик тез ривожланган. 1996 йилда Ўзбекистонда Озарбойжон элчихонаси очилган бўлса, 1998 йилда бизнинг элчихона очилган. Биринчи президентимиз Ислом Каримов 1996 йилда Озарбойжонга ташриф буюрган. Шундан кейин бундай олий даражадаги ташрифлар бир қанча бўлган икки давлат ўртасида.

Ўзаро савдо муносабатлар яхши йўлга қўйилган. Асосан қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик кучли. Охирги 2-3 йилдаги фаол ташқи сиёсатимизнинг бир вектори сифатида Озарбойжон ҳам бор. Озарбойжон орқали ўрта савдо коридори ўтган бўлиб, Туркия ва Европага чиқиш учун жуда қулай. Биз Озарбойжон билан бир-биримизни юридик нуқтаи назардан ҳам яхши тушунамиз, чунки иттифоқ даврида 70 йилдан ошиқ бир хил база шаклланган бизда. Ҳозирги кундаги қонунчилик ҳам кескин фарқ қилмайди. Инфратузилмаларимиз ҳам бир пайтда ўсгани учун тўғри келади. Айниқса охирги 1 йил ичида икки давлат ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиқди.

— Икки давлатнинг муносабатлари ўзаро қандай манфаатларга эга?

Камолиддин Раббимов: — Ўзаро манфаатлар жуда кўп. Лекин бошқа томонни ҳам гапириб ўтмоқчиман. Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатлари бошқа давлатлар муносабатларигаям таъсир қилган. Қорабоғ ҳудуди Арманистон томонидан босиб олингани учун Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти давридаёқ Арманистон билан муносабатлар пасайган эди. Яъни биз 90 йиллар ва 2000 йилларда туркий давлатлар билан муносабатларимиз ўтиш даврида эди, масалан, Туркия билан, қўшни республикалар билан ҳар хил муносабатда бўлдик. Лекин ўша даврларда ҳам Озарбойжон билан алоқаларимиз яхши эди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатлари иккинчи динамик даврни бошдан кечиряпти. Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач, 2-3 йил «пауза» даври бўлди.

2020 йилда Қорабоғ қайтариб олингач, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари Озарбойжонни қўллади. Хусусан, Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида Қорабоғда ҳам бўлди ва Ўзбекистон халқи номидан қурилган мактабни очиб берди. Бу ҳам катта рамзий маънога эга.

Озарбойжон — Кавказ минтақасидаги ягона туркий давлат. Марказий Осиё ва Туркияни боғлашда хавфсиз бўлган ҳудуд албатта Кавказ. Эрон орқали боғланиш мумкин, лекин Эрон геосиёсий силкинишларга тез-тез тушиб турадиган давлат. Шунинг учун Озарбойжон билан муносабатлар стратегик катта аҳамиятга эга.

Фарҳод Каримов: — Қорабоғ масаласида Ўзбекистон позицияси доим бир хил бўлган. Яъни Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини бошидан тан олиб, урғулаб келган. Бугунги кунда ҳам бу нарса давом этяпти, қурилган мактаб ҳам бунга ишора.

— Мирзиёев ташрифи давомида Ўзбекистон Қорабоғда Озарбойжон учун Мирзо Улуғбек номидаги мактабни очди, Арманистон томони буни нормал қабул қилдими?

Камолиддин Раббимов: — Ўтган 30 йил давомида Арманистон босиб олинган тоғли Қорабоғни ўзлаштириш учун бор ресурсларини ишга солди, лекин кучи етмади. Арманистон иккинчи Исроил бўлмоқчи бўлди, худди Исроил Фаластин ҳудудини ўзлаштиргани каби. Лекин эплай олмади, қудрати етмади, унинг демографик ва иқтисодий ресурслари имкон бермади, аҳоли сони жиҳатдан Кавказдаги энг кичик давлат Арманистон Озарбойжондан 3 баробар кичик. Аҳолиси 3,5-4 млн киши атрофида. Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам Қорабоғни бутун дунё Озарбойжонники деб тан олган. 2020 йилдаги урушдан кўриндики, Арманистон бу ҳудудни олишига тоқати ҳам, ресурслари ҳам йўқ. Шунинг учун Арманистон сиёсий элитасида нормал сиёсат олиб борганимиз яхши, деган тафаккур шаклланяпти энди.

 Фарҳод Каримов: — Озарбойжон ва Арманистон урушидан сўнг икки давлат ўртасида шартнома тузилган, яъни Арманистон ортиқ бу ҳудудга даъво қилмайди. Арманистон парламенти ҳам буни ратификация қилган ва халқаро ҳамжамиятга ҳам ўз позициясини билдирди. Озарбойжон ҳам Арманистонга нисбатан баъзи даъволаридан воз кечди. Каспий ва Марказий Осиёга транзит вазифасини бажаришда Арманистоннинг ҳам маълум қисми қўшиладиган бўлди. Бу икки давлат шундай келишувларга эришган экан, бизнинг у ерда мактаб қуришимизга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас.


НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Озарбойжоннинг Ўзбекистон учун муҳимлиги нимада?