
Шимолий Американинг энг нуфузли мусобақаларидан бири саналган МЛС яқин йилларда ўз тарихидаги энг катта ўзгаришлардан бирини амалга оширади. Лига расман маълум қилганидек, 2027/28 йилги мавсумдан бошлаб мусобақа анъанавий “баҳор–күз” эмас, балки Европа футболида кенг қўлланиладиган “күз–баҳор” тизимида ўтказилади.
Ушбу ўзгариш жараёни 2027 йил февраль–май ойлари оралиғида босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу вақт мобайнида МЛС раҳбарияти янги тақвимга мослашиш, жамоаларнинг логистикаси, қатнашувчилари ва трансфер ойналари билан боғлиқ масалаларни бирма-бир ҳал қилиб боришлари кутилмоқда.
Лига 2027/28 йилги мунтазам мавсумнинг янгиланган формати кейинроқ оммага тақдим этилишини маълум қилди. Айниқса плей-офф босқичида ҳам тарғиботлар бўлиши эҳтимоли спорт жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди — айрим таҳлилчилар бу МЛС тарихидаги энг интригалиси бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
МЛС комиссионери Дон Гарбер бу ўзгаришларни лига учун стратегик қадам сифатида баҳолади:
“Тақвимни қайта кўриб чиқиш — биз қабул қилган энг муҳим қарорлардан бири. Янги тизим жамоаларимиз рақобатбардошлигини оширишга, трансферлар ойнасидан унумли фойдаланишга ва глобал бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу Шимолий Америка футболи учун янги даврнинг бошланиши бўлади”, — деди Гарбер.
Аслида ушбу қарор бир неча йилдан бери муҳокамада эди. МЛС жамоалари Европа клублари билан трансфер масалаларида, янги футболчиларни олиб келишда ва ёшлар сиёсатида муаммоларга дуч келаётгани сир эмас. Мавсумнинг Европа тақвимига яқинлашиши эса бу жараёнларни осонлаштириши аниқ.
Шунингдек, янги тизим мухлислар учун ҳам қулай бўлиши мумкин — айниқса халқаро мусобақалар ва континентлараро тақвимлар билан уйғунлик таъминланса, МЛС жамоаларининг халқаро майдондаги иштироки ҳам яхшиланади.
Қисқаси, МЛС 2027 йилдан бошлаб мутлақо янги қиёфада намоён бўлади. Муттахассисларнинг фикрича, ушбу ўзгариш лигани жаҳон футболида рақобатчи кучга айлантиришда муҳим омил бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.