
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим Жўмарт Тўқаев ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Учрашув чоғида Ўзбекистон–Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тарихида янги босқич бошланаётгани таъкидланди. Ташриф доирасида Тошкентда ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форуми, маданий тадбирлар ва “Қозоғистон тиббиёти кунлари” ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.
Йилнинг ўтган даврида икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 4 миллиард долларга етган. Томонлар бу кўрсаткични 10 миллиард долларга ошириш, шунингдек, юк ташиш ва авиақатновлар сонини кўпайтириш бўйича келишиб олдилар.
Сўнгги йилларда 6,5 минг қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, устувор тармоқларда 8 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар учун қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф этилди.
Музокараларда энергетика, транспорт, кимё, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва экология соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш мақсадида 2026-йилда биринчи Ҳудудлар кенгашини Қозоғистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро масалаларда ҳам ўзаро фикр алмашдилар.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.