19:00 / 02.09.2024
75

Президент билан учрашувдан кейин солиқда нималар ўзгаряпти?

Президент билан учрашувдан кейин солиқда нималар ўзгаряпти?
Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га берган интервюсида солиқ тизимида кутилаётган ўзгаришларни шарҳлаб берди. Асосий янгиликлар кафе ва ресторанлар, меҳмонхоналар ва туроператорларга тааллуқли. Шунингдек, электрон товар юк хатини расмийлаштириш соддалаштирилмоқда.

“Ўзбекистон фуқароси бир бурда нон едими, у – солиқ тўловчи”

— Асосий мавзуга ўтишдан олдин, “Ориат Доно” радиосидаги эфирда солиқлар қаерга кетаётганини ҳукуматдан талаб қиладиган аҳолига нисбатан негатив фикр билдириб, “сен ўзинг кимсан, солиқларни қаерга кетаётганини сўрашга ҳаққинг йўқ” деган маънода фикр билдирилган экан, шу фикрга мутахассис сифатида ўзимнинг фикримни билдиришни жоиз деб топдим.

Ҳурматли блогер, журналистлар, шоирлар – агар сизнинг мутахассислигингиз бўйича масалаларга биз аралашадиган бўлсак, бизни танқид қилишга арзийди. Лекин солиқ масаласига келганда, бироз эҳтиёт бўлишингизни сўрардик. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси солиқ тўловчи ҳисобланади. У даромад топиб солиқ тўлаши шарт эмас, бир бурда нон едими, у солиқ тўловчи. Ҳар бир истеъмол қилаётган маҳсулотингиз ичида солиқ бор. Масалан, қўшимча қиймат солиғининг охирги тўловчиси – истеъмолчи ҳисобланади. Сотиб олаётган нарсамдан барча солиқларни олиб ташлаб, менга сотадиган бўлса, унда “солиқ тўламагансан” деб айтишса бўлади. Даромад топдикми, топмадикми, истеъмолчи сифатида юрибмизми – солиқ тўловчимиз. Солиқ тўловчи бўлдикми, ҳар бир шахснинг ҳукуматдан тўлаган солиқларим қаерга кетди, деб сўрашга ҳаққи бор. Чунки ҳукумат, давлат деган шахс йўқ. Давлатни ҳам шу солиқ тўловчилардан ташкил топган одамлар бошқаради холос. Бизнинг пулимизни қаерга ишлатяпсан дейишга ҳаққимиз бор. Айнан шу нарсани талаб қилиши, ҳар бир сўм қаерга кетаётганини кўрсатиш – солиқ маданиятини оширадиган омиллардан ҳисобланади.

Оддий мисол, Японияда солиқ тўловчи йил тугагандан кейин декларациясини топширадиган бўлса, 10 минут ичида унга смс келади. Бир йил ичида тўлаган солиқларингнинг қайси бири қаерга кетди деб, ҳар бир манба бўйича ажратиб беради. Кўприкка кетдими, мудофаага кетдими, тиббиётгами, кўрсатиб беради. Шунчалик шаффофлик даражаси юқорики, кетган суммага қараб, тиббиётга қанча пул кетди-ю, айнан менинг пулимга нима олинди деган нарсагача кузатса бўлади, Бу даражада шаффофлик, солиқ тўловчилар тўлаган солиқлари қаерга кетганини кўра олиши одамларда солиқ маданиятини оширади. Одамлар солиқ тўламасликка уялади кейин.

Бошқа соҳа вакилларидан ҳам, ҳукуматдан ҳам сўрайман: солиқ тўловчиларга бунақа муносабат қилиш тескари эффект бериши мумкин.

— Асосий мавзумизга қайтсак. Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ҚҚС тўлашга ўтган кафе ва ресторанлар 1 декабрдан бошлаб нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмаслиги айтилди. Бу янгиликни мутахассис сифатида қандай тушунтириб бера оласиз?

— Сал орқага қайтсак. Президент ҳузуридаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кенгаши ва ССП томонидан 20га яқин соҳа вакиллари билан очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Тадбиркорларда қандай муаммолар юзага келаётгани ўрганилиб, шу фикрлар билдирилган ва тегишли мутасаддилар орқали президентга олиб чиқилган.

Умумий овқатланиш корхоналарида нақд пулга сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳужжат талаб қилмаслик масаласи бор. Бу таклифни ўзим ҳам бергандим. Тадбиркорда бир хусусият бор, ишлаб топган пулини банкка топширишдан кўра, бу пул меники деган ҳиссиёт бўлади. Бу менинг пулим кетиб қолади деган қўрқувга айланади. Мақсадимиз солиқ олиш бўлса, солиғини олайлик, лекин қўлидаги пулига тегмайлик, деган позицияга ўтилди. Нақд пул тушди, тадбиркор у пулни инкассация қилиб, банкдан қайтариб олиб, бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиб олгунча, дейлик бир кунда 10 млн сўм 2 марта айланади. Бундан ҚҚС тўланади дейдиган бўлсак, бу пул 1 млн 200 минг сўмга айланяпти. Тадбиркор шундай тоифаки, у пулни ҳозир ва тезроқ айлантириши керак. Кассада нақд пули борми, у пулни 2 марта айлантиргандан кўра, 1 кунда ўша пулни 2 марта айлантиргани яхши. 2 кунда 1,2 млн сўм эмас, 1 кунда 2,4 млн сўм бюджетга тушсин. Эркинлик яратайлик, кейин талаб қилайлик деган фикр президент томонидан қўллаб-қувватланди.

Умумий овқатланиш корхоналари томонидан нақд пуллар кассага урилиши шарти талаби сақланиб қолади, кассадан урган пулларидан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаверади. Шу кунгача солиқ органлари томонидан текширув бўлганда, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотини кимдан олдинг, ўзи етиштирганми ёки йўқ, даромад солиғини тўлаганмисан деган муаммо келиб чиқади. Бозордан олиб келган нарсасига 12 фоиз даромад солиғини қўйишарди. Ўша нарсанинг ҳам олди олиниб, ҳеч қандай ҳужжат сўрамаслик тартиби ишга тушяпти. Умумий овқатланиш корхоналари учун катта енгиллик бўлади бу.

Нақд пулга савдосини қилди, олиб келди. Энди солиғим кўпайиб кетди деган ҳиссиёт бўлади. Энди кенгроқ имконият яратиб берилди: пластик картага савдо қилган қисми 60 фоиздан ошадиган бўлса, тўлаган ҚҚСнинг 40 фоизи кешбэк сифатида қайтариб берилади, деган нарса бўлди. Стимул бундай: нақд пулга қилган савдонгга маҳсулот сотиб олавер, лекин пластик картага қилган савдонг учун тўлаган қўшимча қиймат солиғингнинг 40 фоизини қайтариб берамиз. Савдо 60 фоиздан камроқ бўлса, 20 фоизини қайтарамиз. Бу бир-бирига қарама-қарши, бизнесни оққа олиб киришга стимул сифатида кўрилади.

— Бу тартиб умумий овқатланиш корхоналаридан ташқари, меҳмонхона ва туроператорлар учун ҳам татбиқ қилиняпти. Кимларга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи, кимларга 40 фоизи кешбэк сифатида қайтарилади?

— Умумий овқатланиш корхоналари нақд пулга савдосини қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келди. Бу катта имконият. Қорабозорни оққа стимул қилиш учун ҚҚСдан кешбэк бериш йўлга қўйилади. Банкдан ташқари айланмаларни қисқартириш учун шундай қилиняпти.

Умумий савдо тушумининг 60 фоизидан юқори қисми пластик карта орқали амалга оширилган бўлса, тўлаган ҚҚСнинг 40 фоизи кешбэк сифатида қайтарилади. Агар 60 фоиздан паст бўлса, 20 фоизи қайтарилади. 58 фоиз бўлиб қолди дейлик, қўлимдаги нақд пулни олгандан кўра, 20 фоизни кешбэкка айлантираман деб кўпроқ карта орқали инкассация қилишга ҳаракат қиламан. Бу қорабозорни бир қадам бўлса ҳам оққа ўтказишга стимул беради.

— Кафе ва ресторанларга оид яна бир янгилик бу – кунлик ишлайдиган ходимлар, официантларни ишга олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниши билан боғлиқ. Тадбиркорларда кадрлар қўнимсизлиги муаммолардан бири, ишга кирган ходимлар тез-тез кетиб қолади. Уларни ишга ёллашга оид бу соддалаштирилган тартиб қандай ишлайди ва ҳақиқатан муаммони ечишга ёрдам берадими?

— Ҳозир ҳар бир ходимни ишга қабул қилишда mehnat.uz’дан ўтказиш керак. Меҳнат шартномаси тузиб, меҳнат дафтарчасини юритиш жараёни катта бўлиб кетяпти, келаётган кадрлар – идиш ювувчилар, официантлар билан меҳнат шартномасини қиламиз дейдиган бўлса, у касб эгаларига бунақа нарса керак эмас. Қайси маънода? Уларнинг ўзи ҳам бугун ишлаб эртага кетишини билади. Бу нарса умумий овқатланиш корхоналари учун ноқулай. Уларни расман ишга олиш келаётган кадрлар учун қулай эмас.

Кичик соддалаштирилган шаблон ишлаб чиқилади. Ўша шаблон бухгалтерияга тақдим этиладиган бўлса, фуқаролик ҳуқуқий шартнома тусида шакллантирилади ва mehnat.uz’га киритиб ўтирилмаса, жараён жуда қисқаради. Бир варақ қоғоз билан хоҳласа, бир кунга, хоҳласа бир йилга тузилади. Хоҳласа келди, келмаса, келган куни учун пулини олади. Бу ходимлар қўнимсизлиги муаммосини ечади. Корхонани бориб текширсангиз, 50та одам юрган бўлиши мумкин, ҳужжатда 5-6 одам бўлиши мумкин. Уларга кунлик пул бериш учун кассага урилмаган пулдан беришга тўғри келаётганди. Энди кунлик ишга келадиганлар учун табел қилиниб, кассага уриладиган пулдан ҳақ берилади. Биринчидан, ходимларнинг ҳаммаси қонуний кирим қилинсин, иккинчидан, уларга берилаётган пул қонуний бўлсин. Биз шунақа шароит яратгандан кейин ҳам ходимни кирим қилмаса, унга берадиган ойликни кўрсатмайдиган бўлса, ундан кейин жазоласак арзийди.

— Яна бир масала: Электрон товар юк хатини расмийлаштириш жараёни нисбатан соддалаштириляпти, уни тўлдиришдаги кўрсаткичлар 49 тадан 4 тагача тушади. Ўзи бу борада муаммо нимада эди?

— 1 майдан бошлаб йирик солиқ тўловчиларга, 1 июлдан бошлаб ҳамма солиқ тўловчиларига товар юк хатларини электрон юк хатини расмийлаштириш мажбурий тусга кирди. Ишлаб чиқариш заводидан ўзингизнинг дўконингизга товар жўнатадиган бўлсангиз, аввал қоғоз кўринишида юк хати қилинарди. Кўчада кимдир тўхтатса, бу ўғирланган товар эмас, фалончининг товари деган нарсани кўрсатиш учун шундай қилинарди. Айнан шу нарсани электрон кўринишга ўтказиш мажбурий бўлди. Бундан мақсад – қорабозордан оққа ўтказиш эди. Солиқ органлари минглаб юк ташиш билан шуғулланадиганларнинг ҳеч бири солиқ тўламаяпти, дейди. Электрон қиладиган бўлсак, бюджетга тушумлар кўпаяди деган позиция эди.

Соя ортидаги бошқа яхшилик бор. Электрон товар юк хати кўрсаткичлари нима сабабдан 49 тадан 4 тага туширилди, дейдиган бўлсак, бу жуда мураккаб жараён эди. Юз фоиз оққа олиб чиқиш учун кўрсаткичлар кўпайиб кетган. Корхонаниниг номи, ИННдан тортиб, юк ташувчи ким, техпаспорт, ҚҚС билан қиймат, ҚҚСсиз қиймат, неча килограмм юк бор, бундан ташқари локация, километрларни ҳам белгилаб беришингиз керак эди. Бунча нарсани киргизгунча кўп вақт кетади. Тадбиркорлар ҳар бир юк хати учун 35-40 дақиқа сарфлайди. Яна ҳам мураккаб томони нимада бўлдики, юк ташиётган ҳайдовчи Face id қилиб, шу машинани қабул қилдим деб тасдиқлаши керак. Ҳайдовчиларнинг ўзида эса смартфонлар йўқ. Уларга ҳужжат қил десангиз, қўрқиб кетадиган одамлар. Бу даражадаги мураккаблик тадбиркорларнинг юк ташишини 90 фоиз ҳолатда ноқонунийга олиб келди. Шунинг учун бу жараён соддалаштирилди ва кўрсаткичлар 49 тадан 4 тага туширилди. Бу соҳада солиқ қўмитасининг ўзи ҳам хайрихоҳлик билдириб, президентгача олиб чиқди. Энди бу 4 кўрсаткич – жўнатувчи ким, қабул қилувчи ким, қайси товарни қаерга олиб кетяпти, шулардан иборат бўлади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Президент билан учрашувдан кейин солиқда нималар ўзгаряпти?