
Ўзбекистонда келаси йилда қурилиш материаллари соҳасида энергия тежамкор ва экологик маҳсулотлар улушини 25 фоизга етказиш, 2030 йилга келиб эса бу кўрсаткични 35 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев танишиб чиққан тақдимотда маълум қилинди.
Шунингдек, умумий қиймати 2,4 миллиард доллар бўлган 112 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу 13,5 мингта янги иш ўрни яратишга имкон беради. Келгусида лойиҳа портфели 3,5 миллиард долларга етказилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қиймати 110 миллион долларга тенг бўлган бешта йирик лойиҳа стратегик аҳамиятга эга бўлади. 2024 йилда каолинни чуқур қайта ишлаш бўйича 515 миллион доллар қийматидаги 40 лойиҳа амалга оширилиши ва шу йўналишда 460 нафар мутахассис тайёрланиши режалаштирилган.
Тақдимотда экспорт салоҳияти ҳам муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, қўшни давлатларда қурилиш материалларига бўлган талаб 4 миллиард доллардан ошади.
Ўзбекистон эса 26 давлатга тўққиз турдаги маҳсулот етказиб беришни кенгайтириши мумкин. Президент илмий тадқиқотларнинг аҳамиятини таъкидлади.
Келгуси йилдан бошлаб қурилиш материаллари бўйича илмий лойиҳаларга 30 миллиард сўм ажратилади. Ушбу соҳа Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан мослаштирилмоқда: бугунги кунгача 125 халқаро стандарт жорий этилган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 166 тага етади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.