
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 11-декабр куни асосий ставкани йиллик 14% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор бу қарорни инфляцияни ушлаб туриш ва инфляцион хавфларни минималлаштириш зарурати билан изоҳлади.
Ноябр ойида йиллик инфляция 7,5% гача пасайди, бу эса асосий инфляциянинг 6,3% гача секинлашиши билан боғлиқ. Валюта курси мустаҳкамланиши ҳам барқарорлаштирувчи таъсир кўрсатди.
Импорт маҳсулотлари нархининг пасайиши эса ноозиқ-овқат товарлари нархларининг ўсишини нормаллаштиришга ёрдам берди. Марказий банк прогнозларига кўра, 2025-йил якунида инфляция 7,3% атрофида бўлиши, 2026 йил охирига бориб эса 6,5% гача пасайиши кутилмоқда.
Иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланмоқда: меҳнат бозори талаби ўсиши, савдо ва пуллик хизматлардан тушумларнинг кўпайиши, шунингдек, банклараро транзакциялар ҳажмининг ортиши кузатилмоқда. Йил якунида иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари 7–7,5% атрофида бўлиши кутилмоқда.
Марказий банк инфляцияни 5% даражасида ушлаб туриш мақсадида пул-кредит сиёсатини қатъий сақлаш ниятида. Асосий ставка бўйича кейинги йиғилиш 2026 йил 28 январда бўлиб ўтади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.