14 нафар вояга етмаган бола Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди

Россия Федерацияси ҳудудида ота-она парваришисиз қолган 14 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга олиб келинди. Бу иш Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Болалар Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт орқали Ватанга етказилиб, дастлаб вақтинча Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказига жойлаштирилди. У ерда уларга зарур тартиб-таомиллар бўйича ёрдам берилди ва ҳолати назоратга олинди.
Расмийлаштириш жараёнлари якунлангач, 13 нафар бола ўз ота-онасига топширилди. Яна бир нафар бола эса марказ ходимлари ҳамроҳлигида Андижон шаҳрига юборилиб, онасига топширилиши белгиланди. Қайд этилишича, болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий мослаштириш ишлари уларнинг яшаш манзилидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давом эттирилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!