Санэпидқўмита янги тарқалаётган вирус юзасидан огоҳлантириш берди

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида вакцина ва аниқ давоси мавжуд бўлмаган ўта хавфли Нипаҳ вируси тарқалаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси мазкур вирус бўйича расмий маълумот ва тушунтириш берди.
Қўмита маълум қилишича, Нипаҳ вируси зооноз турдаги юқумли касаллик ҳисобланади ва у ҳайвонлардан инсонга юқиши мумкин. Хусусан, вируснинг асосий манбалари сифатида кўршапалаклар қайд этилган. Шунингдек, зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ёки инсондан инсонга юқиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Мутахассислар таъкидлашича, Нипаҳ вируси оғир кечадиган касаллик бўлиб, у бош мия яллиғланиши (энцефалит) ёки нафас йўллари билан боғлиқ жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Айрим ҳолатларда касаллик ўта оғир шаклда намоён бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилмоқда.
Сўнгги йилларда ушбу вирус билан боғлиқ эпидемик ҳолатлар асосан Ҳиндистон ҳудудида кузатилмоқда. Шу билан бирга, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам инсон касалланиш ҳолатлари қайд этилган.
Қўмита расмий равишда таъкидлаганидек, ҳозирга қадар Нипаҳ вируси Ўзбекистон ҳудудида аниқланмаган ва мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор ҳисобланади.
Шу билан бирга, Ҳиндистонга ёки ушбу вирус тарқалган ҳудудларга сафар қилишни режалаштираётган ўзбекистонликларга эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилиш тавсия этилди. Жумладан, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, қўлларни совун билан тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш, текширилмаган сувни ичмаслик муҳим экани уқтирилди. Айниқса, кўршапалаклар тишлаган ёки тирнаган, шикастланган меваларни истеъмол қилмаслик алоҳида таъкидланди.
Агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, умумий ҳолсизлик ёки бошқа шубҳали белгилар кузатилса, зудлик билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш лозимлиги эслатиб ўтилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!