09:16 / 11.04.2020
3 281

«Ҳозирги инқироз даврида компанияларга эмас, аҳолига пул тарқатиш самаралироқ»

«Ҳозирги инқироз даврида компанияларга эмас, аҳолига пул тарқатиш самаралироқ»
Инқироздан чиқиш учун одамларга ҳукумат томонидан пул тарқатилиши – иқтисодий занжир қайта жонланишига олиб келади, деб ҳисоблайди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.
АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «MFactor» лойиҳаси меҳмони бўлиб, коронавирус пандемияси ва карантин чораларининг иқтисодиётга таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Инқироз қанча вақт давом этади?
Кузатилаётган иқтисодий инқироз қанча муддатга чўзилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Ҳошимов қуйидагича жавоб берди.

«Биринчидан, касаллик тез тугаса, инқироз ҳам тез тугаши эҳтимоли баланд. Иккинчидан, бу ҳукуматлар ва жамиятларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Инқироздан тезроқ чиқиб кетишга йўналтирилган иқтисодий сиёсат тўғри бўлса, инқироздан тезроқ чиқилади. Агар [иқтисодий сиёсат] нотўғри бўлса, пул нотўғри йўналтирилса, бу жараён албатта секинроқ бўлади.

Бу инсонлар ва ҳукуматларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Шунинг учун 3 ой, 6 ой ёки 1 йилда ўтаркан, дейиш ғалати. Чунки мен улар қандай ҳаракат қилишларини билмайман. Бу худди карта ўйинига ўхшайди», – деди Беҳзод Ҳошимов.

«Бу инқироз жуда ноёб»
Унинг таъкидича, ҳозиргидек иқтисодий инқирозлар тарихда кўп ҳам кузатилмаган.

«Иқтисодий инқирозлар [одатда] талаб ёки таклиф масалаларидан бошланади. Масалан, 2008 йил дунё молиявий инқирозининг сабаблари АҚШдаги инвест банклар нотўғри қоғозларни сотиб, уй ва кўчмас мулк бозорини қулатган. Ундан кейин домино эффектига қолган бозорлар ҳам қулашни бошлаган. Умумий талаб пасайган. Компаниялар инқироз туфайли инвестиция қилишни тўхтатган, шу сабабли ҳамма нарса тўхтаган. Инсонлар пулларини жамғаришни бошлаган. Бу эса инқирозга олиб келган», – деди Ҳошимов.

Иқтисодчининг тушунтиришича, коронавирус туфайли юзага келган жорий инқироз мураккаб инқироз ҳисобланади.

«Ҳозир бизда ҳам талаб, ҳам таклиф қисқаряпти. Биз онгли равишда иқтисодни ишлаб чиқаришдан «ўчириб қўйяпмиз». Ҳам талаб, ҳам таклифнинг бирга тушиши инсоният тарихида жуда камдан кам бўлган нарса.

Масалан, урушларда ҳам талаб кўп бўлган. Чунки ҳукумат ҳарбий соҳа учун ишлаб чиқаришни давом эттирган. Шунинг учун ҳам уруш вақтида [бир вақтнинг ўзида] ҳам талаб, ҳам таклиф тушиб кетмаган», – дейди у.

Кризис пайтида иқтисодий сиёсат қандай бўлиши керак?
Олимнинг ҳисоблашича, жорий иқтисодий инқироздаги тўғри иқтисодий сиёсат икки мақсадга эга бўлиши керак.
«Биринчиси, ҳозирги иқтисодий инқирозда қийналиб қолган инсонларнинг чиқиб кетишига ёрдам берадиган, яъни тўғридан тўғри моддий ёрдам бериш, оддий қилиб айтганда нақд пул тарқатиш. Инсонлар ўлиб кетмаслиги ёки молиявий қийин аҳволга тушиб кетмаслигини таъминлашимиз керак.

Иккинчиси – жами иқтисодиёт ўсиб кетиши таъминланиши керак.
Кўп мамлакатлар қўллаётган методлардан бири – ўз халқига, инсонларга пул тарқатиш. Агар ҳукумат одамларга пул тарқатса, улар олган пулини харажат қилади. Улар харажат қилгани натижасида иқтисодиёт ҳам ўз ўрнига тушиб кетади.

Оддий қилиб айтсак: карантин тугади, одамларда жамғарма, пул йўқ. Одамларда пул бўлмаса, улар ҳеч нарса сотиб олишолмайди. Бу дегани сотувчилар ҳам камаяди», – дейди Ҳошимов.

Унинг таъкидича, одамларга [давлат томонидан] пул тарқатилса, улар пулни жамиятда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар учун сарфлайди. Натижада жамиятдаги иқтисодий занжир қайтадан «ёқилади». Агар ҳеч кимда пул бўлмаса, ҳеч ким даромад ололмайди, оиласини боқа олмайди.

«Давлатнинг аҳолига пул берилиши чўғни ёқиб юборишдек гап. Бироз кутилса, чўғ ёниб кетиши мумкин, тезроқ ёқиш учун нақд пул ташлаб уни ёқиш иложиси бор», – деди Ҳошимов.

«Компанияларга пул тарқатиш тўғри эмас»
У жорий инқироздан чиқишда давлат томонидан компанияларга тўғридан тўғри пул беришни тўғри бўлмаган сиёсат, деб ҳисоблайди.
«АҚШда ҳам бу айтиляпти. Компанияларга тўғридан тўғри пул бериш иккита сабабга кўра нотўғри бўлиши мумкин.

Биринчиси, агар ҳукумат пулни ўзи тарқатса, бу коррупция ва ёмон иллатларга олиб келиши мумкин. Чунки қайси компаниялар кўпроқ пулга даъвогар? Ўн миллион сўм йўқотган компаниями ёки юз миллион сўм йўқотган компаниями? Ҳукумат буни адолатли тарқатиши жуда қийин. Чунки юз минглаб компаниялар бор.

Иккинчиси, қарзлари бор давлат компаниялари бор. Улар чет элдан қарз олишган. Уни қайтариш керак. Агар пуллар уларга йўналтириладиган бўлса, у қарзини тўлаб юборади, лекин иқтисодиёт оёққа туриб олиши учун унчалик самарадор пул бўлмайди.

Худди шу пулни аҳолига берсак, ўша чўғ занжири тезроқ ўз жойига тушиб кетади. Шунинг учун тўғрироғи инсонларнинг қўлига пул бериш бўлади», – деди Беҳзод Ҳошимов.

Маълумот учун, АҚШ, Япония, Сингапур каби мамлакатларда инқироз туфайли аҳоли қўлига маълум миқдорда пул берилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » «Ҳозирги инқироз даврида компанияларга эмас, аҳолига пул тарқатиш самаралироқ»