date

Чет элга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар фош этилди

Чет элга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар фош этилди

Наманганда фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш баҳонасида уларнинг ишончини суиисте’мол қилган икки нафар фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳридаги хусусий бандлик агентлигининг норасмий ходими Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи тўрт нафар фуқарога Жанубий Кореяга ишга жойлаштиришни ваъда қилган. У танишлари орқали уларни хорижга ишлаш учун юборишни айтган ва бу хизмат учун ҳар биридан 2000 АҚШ доллари талаб қилган.

Фуқароларнинг ишончини қозонган шахс олдиндан 1000 АҚШ долларини олган пайтда ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, иккинчи ҳолатда Наманганда фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари ҳам шунга ўхшаш йўл билан ўзининг ҳамшаҳарини алдаган. У мансабдор танишлари орқали Словакия давлатига ишга жойлаштириб бермоқчи бўлганини айтган ва бундан 40 миллион сўм талаб қилган.

Фирма раҳбари олдиндан виза расмийлаштириш баҳонасида 600 АҚШ доллари ва 2,8 миллион сўм пулни қабул қилиб олган вақтда қўлга олинган.

Энг ёмони, мазкур шахс илгари ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлишига қарамай, ўз хатосидан тегишли хулоса чиқармагани маълум бўлди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни Фирибгарликнинг 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар фуқароларни бу каби ноқонуний таклифларга ишонмасликка, фақат лицензияга эга агентликлар ва расмий манбалар орқали ишга жойлашишга чақиради. Чунки сўнгги йилларда хорижда ишлаш баҳонасидаги фирибгарлик ҳолатлари кескин кўпайган ва кўпчиликнинг орзуси шундай йўл билан пучга чиқмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чет элга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар фош этилди