Фото: ukrsugar.com
Россия ва Украина ҳукуматлари томонидан баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига тақиқ киритилиши Ўзбекистондаги нархларнинг ҳам қимматлашишига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Россия ва Украина ўртасида юзага келган ҳарбий зиддият сабаб ушбу мамлакатлардаги иқтисодий вазият ниҳоятда ёмонлашиб кетди.
Украина ҳукуматининг тегишли қарори билан гўшт, сули, жавдар, гречка, шакар, шарбат ва туз экспортига чеклов жорий қилинди. Шунингдек, буғдой, жўхори, парранда гўшти, товуқ тухуми ва кунгабоқар ёғи каби маҳсулотлар экспорти мамлакат иқтисодиёт вазирлигининг тегишли рухсатномаси билангина амалга оширилади.
Россия ҳукумати ҳам 14 мартдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар, оқ шакар ва шакарқамиш экспорт қилиш бўйича тақиқ киритди. Хусусан, 2022 йилнинг 30 июнига қадар буғдой, арпа, меслин, маккажўхори ва жавдар, 31 августга қадар эса шакар экспорт қилиш чекланмоқда. Шунингдек, экспорт қилинадиган кунгабоқар ёғи учун бож 2022 йилнинг 1 апрелидан 313 долларгача оширилади.
2021 йилда Ўзбекистон Россия билан 7,51 млрд долларлик (импорт ҳажми 5,45 млрд доллар), Украина билан эса 704 млн долларлик (импорт ҳажми 472,4 млн доллар) ташқи савдо айланмаси қайд этган. Ушбу мамлакатлардаги экспорт тақиқлари Ўзбекистон ички бозорига қандай таъсир қилиши мумкин?
Россия ва Украинадан Ўзбекистонга қандай озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади?
2021 йилда Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан 2,92 млрд долларлик озиқ-овқат товарлари импорт қилинган. Бу асосан Қозоғистон (34,1 фоиз), Россия (27,3 фоиз), Бразилия (11,2 фоиз), Беларусь (3,6 фоиз) ва Украина (2,2 фоиз) каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Украинадан асосан гўшт (ушбу мамлакатдан умумий озиқ-овқат импортининг 18,4 фоизи), шакардан тайёрланган қандолат маҳсулотлари (улуши 13,4 фоиз), ўсимлик ёғи (улуши 12,6 фоиз), какао ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (улуши 11,6 фоиз) импорт қилинган.
Россия эса ўсимлик ёғи (улуши 26 фоиз), маргарин (улуши 10,8 фоиз), какао ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (улуши 10,5 фоиз), спиртсиз ичимликлар (4,6 фоиз), қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари (улуши 4,3 фоиз), сут маҳсулотлари (улуши 2,2 фоиз) ва гўшт (улуши 1,2 фоиз) каби товарлар импортида салмоқли улушни эгаллаган.
Беларусдан эса гўшт (улуши 79 фоиз), сут ва сут маҳсулотлари (улуши 12,1 фоиз) импорт қилинган.
Ушбу мамлакатларда чекловлар жорий қилингани ёки эҳтимолий кучайтирилишининг Ўзбекистондаги гўшт, шакар, ўсимлик мойи ва дон маҳсулотлари нархларига таъсирини икки хил омил билан баҳолаш мумкин.
Ўзбекистонга дон маҳсулотлари ва ун асосан Қозоғистондан импорт қилинади. Gazeta.uz маълумотларига кўра, 2021 йилда Қозоғистондан Ўзбекистонга дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн долларни (умумий дон импортининг 97,9 фоизи), ун етказиб бериш эса 92,9 млн долларни (умумий импортнинг 97,2 фоизи) ташкил қилган.
Дон маҳсулотлари
Дон маҳсулотлари импортида Россиянинг улуши жуда кам бўлса-да, бу бошқа омил билан характерланади. Eldala.kz маълумотларига кўра, 2021 йилда Қозоғистонда ғалла ҳосили меъёрдан тахминан чорак бараварга (одатий йиллардаги 20-22 млн тонна ўрнига 16 млн тонна) кам бўлган. Бу эса буғдой экспортини бож ёки квоталар орқали чеклаш ҳақида таклифлар янграшига сабаб ҳам бўлади. Аммо Россиядан Қозоғистонга катта миқдорда буғдой экспорт қилиниши (ЕОИИ доирасида товар етказиб беришда экспорт божлари олинмаслиги ҳисобига ҳам Россиядан импорт қилиш нархларни қимматлаштирмайди) мамлакат ички бозорини сезиларли даражада қўллаб-қувватлаган. Рақобат вужудга келиши нархларнинг барқарорлигини таъминлаган ва Қозоғистонда етиштирилган дон маҳсулотларининг бир қисми Марказий Осиё давлатларига (хусусан, Ўзбекистонга) экспорт қилинган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан импорт қилинган ҳамда 26,8 минг тонна буғдой дони (Тожикистонга ҳамда Қирғизистонга) ва 949,1 минг тонна ун (1 млн 265 минг тонна буғдой ҳисобида) Афғонистонга экспорт учун йўналтирилган. Россияда дон маҳсулотлари экспортига тақиқ жорий қилиниши эса Қозоғистон ички бозорида талабнинг ортишига, нархларнинг нисбатан ошишига ва экспорт қисқаришига (ёки нархлари ошишига) олиб келиши мумкин. Бу эса Ўзбекистондаги дон маҳсулотлари ва ун баҳосига бевосита таъсир ўтказади. Шунингдек, Россияга қарши киритилган иқтисодий санкциялар фонида дон нархи жаҳон бозорида кескин кўтарилиб кетди. Чунки Россия дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиси (жаҳон савдосининг деярли 20 фоизи) ҳисобланади.
Бундан ташқари, табиий газ нархлари ошиши ҳисобига минерал ўғитлар нархи қимматлашиши ҳам дон маҳсулотлари нархига (маҳсулотни етиштириш таннархи ошиши) таъсир ўтказадиган омиллардан яна бири бўлиши мумкин.
Гўшт ва шакар
Ўзбекистон ташқи бозорлардан катта миқдорда гўшт ва шакар импорт қилмайди ва ушбу маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёж маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таъминланади. Аммо ушбу маҳсулотлар нархларининг қимматлашишига ҳам бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Хусусан, ўтган йилда «Ангрен шакар» МЧЖ ва «Хоразм шакар» МЧЖ корхоналари томонидан 595,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 23,2 минг тонна шакар хориждан импорт қилинган.
Шу билан бир қаторда, ўтган йил якунига қадар 620 минг тонна шакар хомашёси Бразилиядан импорт қилинган, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам тайёр маҳсулот учун хомашёнинг асосий қисмини хориждан экспорт қилади. Шу нуқтайи назардан, қуйидаги икки омил шакар нархларига таъсир кўрсатиши мумкин:
Биринчидан, Ғарб давлатларининг санкциялари сабабли Ўзбекистондан олисда жойлашган Бразилиядан хомашё импорт қилишдаги логистика харажатлари ошади. Айни вазиятда юк ташиш саноати жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Иккинчидан, нефть ва газ нархи ошиши бевосита шакар, маккажўхори ва айрим ўсимлик мойлари нархи ошишига олиб келади. Қандай қилиб нефть шакар нархига таъсир кўрсатиши мумкин? Саволга жавоб жуда оддий – биоэтанол орқали. Нефть қанчалик қиммат бўлса, биоэтанол ишлаб чиқариш шунчалик фойдали бўлади ва етиштирилган шакарқамиш ҳажми биоэтанол ишлаб чиқаришга йўналтирилади ва шакар ҳамда озуқа ишлаб чиқариш учун улар шунча кам таклиф қилинади.
Статистикага кўра, гўшт маҳсулотлари ҳам асосан Ўзбекистондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирилади. Нархларнинг қимматлашишига арпа, буғдой ва бошқа чорва озуқаларининг қимматлашиши ва Қозоғистон томонидан чорва моллари экспортига тақиқлар жорий қилингани таъсир ўтказиши мумкин.
Ўсимлик ёғи
Ўзбекистон истеъмол бозорида ўсимлик ёғига бўлган йиллик эҳтиёжининг (475 минг тонна) ўртача 45 фоиз қисми импорт ҳисобидан қопланади. Кунгабоқар етиштириш бўйича дунёдаги энг етакчи мамлакатлар эса айнан Украина ва Россия (мос равишда 1-ва 2-ўринларда туради). Ушбу мамлакатларда божлар оширилиши ва маълум чекловлар ўрнатилиши эса Ўзбекистон ички бозорида ўсимлик ёғи нархларига таъсир қилиш эҳтимоли жуда юқори.
Хусусан, 2021 йил биринчи чорагида экспорт қилишдаги муаммолар сабаб ўсимлик ёғи нархи кескин қимматлаб кетганди. Шундан сўнг нархни барқарор сақлаш мақсадида ушбу маҳсулот вақтинчалик муддатга қўшимча қиймат солиғидан озод ҳам қилинган.
Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Украина ҳудудидан ва Болтиқбўйи давлатлари портларидан кейинчалик Россия ҳудуди бўйлаб транзит ҳолда Ўзбекистонга етиб келадиган кўплаб турдаги маҳсулотлар баҳоси қимматлашади. Шунингдек, Россия орқали экспорт қилинадиган баъзи маҳсулотларимизни халқаро бозорга етказиб беришда маълум муаммоларга ҳам дуч келиниши мумкин.
Аввалроқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республикада аҳоли ва корхоналар талабини узлуксиз, етарли миқдорда ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ички бозорларда нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш тўлиқ таъминлангани ҳақида хабар берганди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”