
Бугун Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Қонунга кўра, эндиликда қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш харажатларини қоплаш мақсадида утилизация йиғими жорий этилади. Бу йиғим атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасидаги масъулиятни кучайтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳужжат орқали “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ҳамда “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг номи ва ҳуқуқий мақоми ҳам янгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлашича, янги тартиб:
қурилиш ойнаси саноатини ривожлантириш;
фуқаролар соғлиғини ҳамда атроф-муҳитни зарарли таъсирдан ҳимоя қилиш;
ойна чиқиндиларини қайта ишлаш соҳасини кенгайтириш;
экологик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, расмий статистика соҳасидаги маъмурий ислоҳотлар доирасида статистика органлари фаолиятини такомиллаштириш, маълумотлардан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароит яратиш кўзда тутилган.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан якдиллик билан маъқулланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!