
Ўзбекистон делегациясининг яқинда Анқарага амалга оширган ишчи ташрифи доирасида ички ишлар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва меҳнат миграциясини соддалаштиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Туркия Ички ишлар вазирлигидаги учрашувда вазир ўринбосари Мехмет Ақташ икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг юқори даражасини таъкидлади. Музокаралар чоғида турк томони Ўзбекистон фуқаролари учун бир қанча асосий ташаббусларни кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди:
• Электрон меҳнат визалари: Ўзбекистон фуқаролари учун электрон меҳнат визаларини олишнинг соддалаштирилган механизмини жорий этиш имконияти ўрганилмоқда.
• Жойида қонунийлаштириш: Туркияда бошқа виза категориялари бўйича бўлиб турган ўзбекистонликларга мамлакатни тарк этмасдан ишлаш учун рухсатнома бериш имконияти кўриб чиқилади.
• Ноқонуний миграцияга қарши кураш: Томонлар икки давлат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахсларни самарали ҳисобга олиш учун ягона электрон маълумотлар базасини яратишда биргаликда иш олиб боришга келишиб олди.
Бундан ташқари, икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши кураш ва фуқароларни она юртига ташкил этилган ҳолда қайтариш масалаларини тартибга соладиган ҳамкорлик меморандумини имзолашга тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувда вазир ўринбосари Муса Кулакликая Туркия ва Ўзбекистонни умумий тарих, маданият ва дин бирлаштириб туришини алоҳида қайд этди.
Музокараларда томонлар сиёсий яқинлашув, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган ўзаро манфаатдорликни тасдиқлаб, меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик узоқ муддатли истиқболга эга эканлигини таъкидлашди.