19:53 / 29.04.2022
1 561

Президент аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини маълум қилди

Президент аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини маълум қилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қайд этилишича, уйма-уй ўтказилган хатловлар Ўзбекистонда 2,2 миллион аҳоли ижтимоий ёрдамга муҳтожлигини кўрсатди.

«Эҳтиёжманд аҳолининг муаммолари билан республикамизда 16 та вазирлик ва идора шуғулланса-да, улар маҳалла даражасига тушиб иш олиб бормаётгани боис одамларда бу соҳага эътирозлар кўп.

Аслида ушбу аҳоли қатлами билан вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, аёллар фаоллари ҳар куни хонадонбай ишлаши керак
», деган президент.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд қатламини ҳисобга олиш, уларга пенсия ва нафақалар тайинлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш борасида ишлар кўлами янада кенгайтирилиши маълум қилинди.

Мамлакатда 3 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг қарийб 9 фоизини нуронийлар ташкил этади.

Кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, ҳар куни ғамхўрлик қилиш, эътиборни кучайтириш бўйича маҳалла даражасида тизим яратилади. Жумладан:
  • 16 мингдан зиёд ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз яшовчи кексаларнинг ҳар йили санаторийларда даволаниши ташкил этилади;
  • 25 минг нафар шароити оғир ва кам таъминланган кексаларнинг дори-дармонлари, протез-ортопедия мосламалари давлат томонидан олиб берилади, жарроҳлик амалиётларига харажатлари ҳам бюджетдан қоплаб берилади;
  • нуронийлар учун стадион, теннис-корт, спорт заллари, бассейн каби спорт иншоотларига ойлик абонементининг 540 минг сўмгача қисми қоплаб берилади;
  • кексаларнинг театр ва музейларга чипта олиш харажатлари ҳам тўлиқ қоплаб берилади.

Туризм вазирига вилоят ҳокимлари билан бирга 1 майдан бошлаб кекса авлод вакилларини зиёратгоҳлар, янги барпо этилган боғлар, маданият мажмуалари ва марказларига саёҳатларини бошлаш топширилди.

Оилавий болалар уйларининг тарбияланувилари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, гигиена воситалари хамда бошқа турдаги бирламчи эхтиёж учун зарур бўладиган маҳсулотларни сотиб олишдаги қийинчиликлар сабабли давлат бюджети ҳисобидан мазкур соҳага соддалашган тартибда маблағ ажратиш тизими жорий этилади:
  • бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатдан келиб чиқиб болани тарбияга олган ота-оналарга ушбу маблағлар пластик карталарга ўтказиб борилади;
  • муассасанинг коммунал (электр, сув, газ) харажатлари жисмоний шахслар учун белгиланган нархларда амалга оширилади. Бу орқали Оилавий болалар уйларининг коммунал тўловлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари ўрта ҳисобда 30 фоизга иқтисод қилинишига эришилади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг бошқа ходимларига (ошпаз, фаррош, кир ювувчилар) уларнинг ойлигининг 50 фоизи миқдорида устамалар тўланади. Бунинг учун 2022 йилга қўшимча 30 млрд сўм ажратилади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар таълим муассасаларига бадиий адабиётлар хариди учун ҳар йили 5 млрд сўмдан маблағ ажратиш асосида кутубхона фонди тўлдирилади ва янгилаб борилади.

2022-2023 йилларга мўлжалланган манзилли дастурда барча давлат ижтимоий муассасаларида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш (430 млрд сўм) ва жиҳозлаш ишлари учун (150 млрд сўм) жами 600 млрд сўмга яқин маблағ йўналтирилади.

Президент ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан:
  • 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади;
  • ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилади, улар касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига иш ҳақи тўлаш учун давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади.

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш мақсадида янги «Нурли маскан» номини олган мактабларда янги ўқув йилидан:
  • қўшимча 850 та ўқув хоналари ва 1 минг 200 та ётоқхона ўрни ташкил этилади;
  • давлат буюртмаси асосида ушбу мактаб кутубхоналари Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар билан тўлиқ таъминланади.

2023 йилдан ушбу тажрибани республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш вазифаси қўйилди.

2023 йилдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари бюджети 2 баробарга (ёки 19 млрд сўмга) оширилади.

2022 йилда ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган 3 минг нафар заиф эшитувчи болалар 11 млрд сўмлик замонавий эшитиш мосламалари билан таъминланади.

1 октябрга қадар 20 дона экзоскелет, 880 та ногиронлик аравачаси, 4 мингта овозли термометр ва тонометр, 6 мингта «ақлли» соат харид қилиниб, ҳудудларга етказилади. Бунга 31 миллиард сўм ажратилади.

123 нафар ногиронлиги бўлган Афғон уруши жангчи-фахрийларига 5,8 млрд сўмлик индивидуал ўлчовлар асосида замонавий протез-ортопедия мосламалари олиб берилади.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига (озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария маҳсулотларини хариди учун) бир йилда 10 млн сўм миқдорида маблағ ажратиб борилади. Амалда давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ушбу тоифа талабалари учун мазкур турдаги тўлов жорий этилган.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат томонидан олиб берилган уйларни уларнинг номига ўтказиш учун нотариус ва кадастр хизматлари учун (2 млн сўмгача миқдоридаги) давлат божи тўловлари бекор қилинади.

«Саховат» уйларида яшовчи иш стажи бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга шахсий сарф-харажатлари учун нафақаларининг 20 фоизини (124 минг сўм миқдорида) тўлаб бориш амалиёти жорий этилади. Амалда ушбу тартиб «Саховат» уйларида яшовчи пенсия олувчи шахсларга татбиқ этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини маълум қилди