Мусулмонларнинг байрамларидан бўлган Қурбон ҳайити муносабати билан динимиз аҳкомларига кўра қанча бойликка эга бўлган киши қурбонлик қилиши керак деган мавзу ўртага чиқади. Буни билиш ўзимиз ва яқинларимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Балки қурбонлик қилишимиз вожиб бўлиб, буни билмай юргандирмиз?
Ақл-ҳуши жойида, балоғатга етган, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслиясидан ортиқча 85 гр тилла ёки 596 гр кумуш қийматига тенг нарсаси бор кишиларга қурбонлик вожиб бўлади.
Ислом фиқҳига кўра қурбонлик вожиб бўлиши учун закот нисобларидан фойдаланилади. Аммо, закот тўламайдиган баъзи инсонлар ҳам қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Закот бериш, олиш, қурбонлик қилиш бўйича 3 хил нисоб мавжуд:
• Закот бериш вожиб бўлган нисоб;
• Закот олмаслик учун белгиланадиган, шунингдек, фитр садақасини беришни ва қурбонликни вожиб қилувчи нисоб;
• Тиланишни ҳаром қиладиган нисоб.
Биринчи нисобни белгилашда аслий эҳтиёждан ташқари ўсиб турувчи мол-мулклар ҳисобланади. Масалан, тилла, кумуш, нақд пуллар, тижорат моллари ва закоти берилиши шариатда белгиланган чорва ҳайвонлари шулар жумласидандир.
Иккинчи нисобни белгилашда эса ўсувчи моллар ҳам, ўсувчи бўлмаган моллар ҳам ҳисоб қилинади. Ўсиб турувчи моллар юқорида айтиб ўтилди. Ўсиб турмайдиган моллар эса тижорат мақсадида эмас, балки фарзандлар учун сотиб олинган бўш ерлар, ижарага берилмай бўш турган уйлар, ўғил-қизга бериш мақсадида олиб қўйилган, лекин ҳали уларга мулк қилиб берилмаган сеп-сидирғалар (агар уларга мулк қилиб берилган бўлса, олган ўғил-қизнинг нисоби доирасида ҳисобланади), ҳеч қачон истемол қилинмайдиган сувенир ва идишлар, шунингдек, телевизор каби ашёлар ҳам аслий эҳтиёждан ташқари мол саналади.
Шунингдек, бир кишининг яшаб турган уйида умуман фойдаланмаётган хонаси бўлса ва унинг қиймати нисобига етган бўлса, мазкур хона ҳам аслий эҳтиёждан ташқари деб эътиборга олинади. Бу нарслар закот беришда ҳисобга олинмасада, закот олишда ҳисобланади. Кимнинг аслий эҳтиёжидан ташқари юқорида зикр қилинган нарсалари бор бўлиб, қиймати нисобига етган бўлса, бундай кишиларга закот олиш жоиз бўлмайди, лекин қурбонлик қилиш ва фитр садақа бериши вожиб бўлади. Биринчи нисобни билиш закот берувчилар учун зарурдир.
Иккинчи нисобни билиш эса берувчига (ўз ўрнига бериш учун) ҳам олувчига ҳам зарурдир, чунки иккинчи нисобда ҳам кўп ҳукмлар бор. Масалан, бундай кишиларга фитр садақасини бериш, қурбонлик қилиш вожиб бўлади, улар садақа олмаслиги (ҳадия бўлса жоиз) назр қилинган гўштни емаслиги, назр қилинган нарсаларни олмаслиги керак бўлади.
Учинчи нисоб эса бир кунлик егулиги бўла туриб, тиланчилик қилиши ҳаром бўлган нисоб.
Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсаларга ҳожати аслия дейилади. Озиқ-овқат, киядиган уч сидра кийими, яшаш жойи, миниб турган улови, ҳунармандларнинг асбоб-анжоми ёки завод-фабрикасидаги станоклари ҳожати аслияга киради. Яшаб турган ҳовлисидан бошқа пулни банд қилиш учун сотиб олинган уй, улов, тижорат молларининг барчаси ҳожати аслиядан ташқари ҳисобланади. Улардан ташқари ҳамма нарсанинг қиймати ҳисобланади. Нисобга етса, киши учун қурбонлик вожиб бўлади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.
Аёллар учун тақинчоқ, сувенир ва бошқа молларининг қиймати нисобга етган бўлса уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик вожиб бўлади. Улар ўз пулларидан қурбонлик қилишади. Агар аёлнинг нақд пули бўлмаса, у эри ёки бошқа яқинидан олиб ёки тақинчоқларидан сотиб, қурбонликни адо этади. Эр аёлининг ижозати билан унинг номидан қурбонлик қилиши мумкин. Агар эр аёлидан ижозат олмай ёки уни хабардор қилмай жонлиқ сўйиб юборса, аёлнинг қурбонлиги адо бўлмайди. «Фатавойи Оламгирия»да «Кишининг зиммасига балоғатга етган фарзандлари ва аёли номидан қурбонлик қилиши вожиб эмас. Лекин улар ижозат беришса жоиз», дейилган.
Қурбонлик гўштини фақат фақирларга бериш шарт эмас, ўзи ва ўзига тўқ бошқа инсонлар ҳам бирдек истеъмол қилишлари мумкин.
Нисоб эгасининг қурбонлик кунлари жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши вожиб. Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади.
Учта ёки тўртта ўғли бор, улар билан биргаликда тижорат қилувчи ва рўзғори, турар жойи умумий кишининг тижоратдаги асл мол ўзиники, фарзандлари эса унга ёрдамчи бўлса, бундай ҳолатда отанинг қурбонлик қилиши вожиб. Фарзандлардан эса қурбонлик соқит бўлади. Агар фарзандларининг моли нисобга етса, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик вожиб бўлади.
Абдулманнон Абдуллоҳнинг “Закот китоби”
маълумотлари асосида тайёрланди
маълумотлари асосида тайёрланди
“Закот китоби” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича кўмитанинг 2021 йил 3 июлдаги 03-07/4255 ҳамда 2022 йил 13 январдаги 03-07/208 рақамли хулосалари асосида чоп этилган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди