00:13 / 23.07.2022
2 151

Зулм технологияси: Муқаддима

Зулм технологияси: Муқаддима
Ёлғоннинг тахтдаги минг йил даврони
Ҳақиқат айтилган бир дамча бўлмас.

Омон Матжон

Инсоният тарихи – урушлар тарихидан иборат, деган фикр ҳақиқатдир. Айни пайтда одамлар бу урушлар оралиғида тинимсиз тинч яшаш йўлини ахтаргани ҳам ҳақиқатдир. Асрлар давомида халқлар, мамлакатлар ва давлатлар ҳаёти жангу жадаллардан, ҳеч бўлмаса, уларга тайёргарликдан иборат бўлиб келди ва ҳозир ҳам ҳарбий тайёргарлик масаласи давлатлар стратегиясининг олдинги қаторидан чекинган эмас. «Ё сен ўлдирасан, ё сени ўлдиришади», - асрлар давомида эл-улуснинг хаёли шу серғулув фикр билан батамом банд бўлиб келди.

Бутун тарих давомида давлатлар ўта ҳарбийлашган эди. Замон ўзгарар, онг ўзгармасди. Қуроллар такомиллашар, тош ўрнини – найза, камонлар ўрнини – пилта милтиқлар, милтиқлар ўрнини – автоматлар, автоматлар ўрнини – ракеталар, бомбалар эгалларди... Фикр эса – ўша-ўша. Ҳокимият, бир томондан, ташқи душманлари билан, иккинчи томондан, уруш тинган заҳоти ўз халқи билан курашиб ётарди. Шахс эрксиз эди. Тахт талашган қўмондонлар тўқиган ақида ҳам ўзини оқлаб келди: «Ўз жангчисини боқмаган юрт бегона юртнинг аскарини боқади!» Яъни, уни босиб оладилар ва талайдилар.

Аммо ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб одамзод онгида маълум ўзгаришлар юз берди. «Душман»га қўшиб «дўст»ни ҳам йўқотиб юборадиган оммавий қирғин қуроллари – ядровий бомбаларнинг пайдо бўлиши натижасида жаҳон урушида маъни қолмади. Ядро қуроли ишлатиладиган урушда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлмайди – заминнинг, тирикликнинг ўзи хавф остида қолади. Бундан ташқари, инсониятнинг тор манфаатларга ўралашиб қолганлиги, ўз ҳаракатининг оқибатларини, глобал жараёнларни ўйламаслиги натижасида унинг бошига қатор экологик, демографик, технократик кулфатлар ёғила бошлади. Куррамиздаги экологик вазият вайронлаша бошлади.

Инсоннинг нозик баданларини кимёвий уруш қуроллари эмас, автоларнинг тутунлари зимдан емирмоқда, одамларни жанг майдонида танклар эмас, тинчгина уйида рак, СПИД, юрак-томир касалликлари қириб юбормоқда. Жаҳон ҳамжамияти олдида қатор муаммолар кўндаланг турибди. Ўсиб бораётган аҳоли курраи заминнинг қайта тикланмас бойликларини ютиб бормоқда Бу кетишда ер ўз фарзандларини боқа олмай қолиши турган гап. Қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришининг ҳамда уларнинг маҳсулотини истеъмол этаётган ер аҳлининг тинимсиз ўсиши натижасида замин толиқа бошлади, атроф-муҳитнинг мувозанати бузилди.

Ютоқилик шу суръатда давом этаверса, сайёрамизнинг ҳам, унинг бир парчаси бўлган одамзоднинг ҳам тақдири катта хавф остида қолиши аниқ. Бунинг устига, фан ва техниканинг улкан тараққиётига қарамасдан, инсоният зилзила, вулқон, тўфон каби минглаб одамларнинг жонига жабр қилаётган табиат ҳодисаларининг сабабини ҳам, вақтини ҳам тушунтиришга ожизлигича қолмоқда. Яратганнинг қудрати олдида яратилганлар абадий лолдирлар.

Ҳаётнинг ўзи ХХ аср охирига келиб яқин-яқингача жаҳон урушларида бир-бирига ғаним бўлиши мумкин бўлган мамлакатларни, халқларни ва давлатларни муроса қилишга, қуролсизланишга, тўсатдан ҳамманинг олдида кўндаланг бўлган дунёвий демографик, экологик, технократик муаммоларни ечиш учун ҳамкорлик қилишга ундамоқда.

Афсуски, XXI аср бўсағасида ҳам инсониятнинг маънавий-руҳоний ўсиши унинг илмий-техникавий, ижтимоий-иқтисодий ривожидан ортда қолмоқда. Космик кемалар ясаб, фазоларда учиб юрган одамзод ҳали-ҳануз ғийбату ҳасаддан қутулолмади, саҳроларни, дарёларни жиловлаган инсоният ўз ғазабини жиловлай олмаётир. Ейиш-ичиш, учиш-қўниш, сўзлаш-тинглаш учун замонавий техникаларни яратган инсон тафаккури бир-бирини қириш учун ҳам энг замонавий асбоб-ускуналар ясаш билан машғулу овворадир. Зим-зиё Коинотда беш-олти миллиард фарзандини ортмоқлаб кезиб юрган омонат замин оммавий қирғин қуролларга тўладир, ер ўз қотилларни ўз бағрида кўтариб юрибди. Инсоният онасининг кўксини эмиб туриб, биқинига пичоқ тираётган ношукур гўдакка ўхшаб кетади.

Замин - ҳаммамизнинг ягона Ватанимиз, биз туғилган макон эса шу улкан ернинг ажралмас бир парчасидир. Уй-жой, тупроқ, ер, тожу тахт талашиб юрган кимсалар каттакон ҳўкизнинг яғринида ёки думғазасида туриб, жунлари орасидан қон сўришга жой талашаётган бургаларни эслатадилар, поёнсиз уммонда чўкиб бораётган, ҳали замон ғарқ бўладиган кемани бадтар чайқатиб, дарғалик мансабини талашаётганларга ўхшайдилар. Бугун чайқалиб турган заминда ҳар бир кишининг, ҳар бир халқнинг манфаатлари бутун инсониятнинг манфаатлари, Коинотда инсониятнинг яшаб қолиши масаласи билан чоғишган ҳолда қаралиши керак.

«СССР» номи билан маълум бўлган «қизил салтанат» парчаланди, «социалистик» аталган қулдорлик ва мустамлакачилик тузуми қулади. Дунёнинг 1917 йилда инқилобий йўл билан жаҳон тараққиётидан ажратилган қисми яна тадрижий ривожланиш измига тушмоқда. Мустақил давлатлар барпо этилди, уларда мустақил халқлар камол топмоқда, мустақил шахслар шаклланмоқда.

Айни пайтда инсоният тарихига, социалистик тузум кечмишига, шу жумладан, бу тузум олиб борган урушларга ҳам янгича, жаҳоний мезонлар билан ёндашмоқ лозим. 1917 йилги Октябрь тўнтаришига, «қулоқ»ларга, тақводорларга, зиёлиларга қарши ўтказилган қирғинларга, қатағонларга, фуқаролар урушига унча-мунча холис баҳо берилди. «Босмачилик» аталган кураш ҳам аслида миллий-озодлик ҳаракати бўлгани эътироф этилди. Ҳаттоки, яқиндагина кечган (1979-1989) СССРнинг афғон халқига қарши урушига ҳам адолат билан қарашга ўргандик – у синфий фашизм салтанатининг, совет империясининг озод афғон халқини босиб олиб, авторитар социализмни ўрнатиш учун олиб борган босқинчилиги, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига зид қирғини экани очиқ эътироф этилмоқда. Ҳали бу соҳаларда батафсил илмий-тарихий изланишлар олиб борилади, албатта.

Бироқ 1939-1945 йиллардаги Иккинчи Жаҳон уруши ҳақидаги тасаввурларимизни деярли ўзгартирган эмасмиз. Ҳолбуки, давр жуда кўп жумбоқларга ойдинлик киритди, шу пайтгача махфий сақланган ҳужжатлар ошкор қилинмоқда. Ҳақиқат ҳеч кимга оғир ботмаслиги керак, зеро Ватанни севмаслик ва Ватандаги номақбул ижтимоий-сиёсий тузумни севмаслик бошқа-бошқа нарсалардир. Ватанни севамиз, оғир кунда уни ҳимоя қилган ботир жангчиларни ҳурмат қиламиз, қурбонлар қошида бош эгамиз, бу шубҳасиздир, аммо Ватанннинг бошига шу кунларни солган, ададсиз қурбонларга сабаб бўлган «социалистик» ҳарбий-маъмурий тузум ҳақидаги барча ҳақиқат айтилиши керак. Бу тузум олиб борган Иккинчи Жаҳон уруши ҳам бундан мустасно эмас.

Иккинчи Жаҳон уруши тўғрисидаги мулоҳазаларни баён этиш учун бутун XX асрни қамраб олиш керак, чунки, бизнинг назаримизда, бу урушнинг «тамал тош»лари аср бошидаёқ қўйила бошлаган, оқибатлари эса аср сўнгигача чўзилиб келди. Урушнинг бошланиши, бориши ва якуни тўғрисида, гарчанд ўта мафкуравийлаштирилган, афсонавийлаштирилган ҳолда, ҳоким идеологияга мақбул тарзда бўлса-да, кўплаб ёзма, оғзаки, кино, фото, санъат асарлари яратилган. Шунинг учун биз кўпроқ унинг ёритилмаган қирраларига, сабаб ва оқибатларига мурожаат қиламиз.

Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан буён ярим асрдан кўп вақт ўтди. Бугун ўша боболаримиз ҳимоя этган «Она-Ватан» – СССР шонсиз қулади, у энди йўқ, боболаримизни қирғин-барот урушга йўллаган тузум – социализм ҳам шармандаларча таназзулга учради. Аммо юрт хавф остида қолганда фашизмга қарши аждодларимиз кўрсатган жасорат, матонат, сабр-бардош абадий ёдлагуликдир. Иккинчи Жаҳон уруши мавзуида беҳисоб асарлар яратилган. Айтиш мумкинки, бу мавзу анчайин афсонавийлаштирилган, сохталаштирилган, ғалаба эса «социалистик тузум шарофати» сифатида нотўғри талқин қилинган.

Қолаверса, бугун – шўро тузумининг босқинчилик, мустамлакачилик ҳаракатлари, халққа қарши қирғинлари, самарасиз иқтисоди, даҳрий маънавияти фош бўлгач, «Ғалаба байрами» бу даврнинг ягона мақтангулик иши бўлиб қолмоқда. Аммо бу урушни келтириб чиқарган жиноий сабаблар ва унинг жаҳоний оқибатлари деярли ёритилмаганлигича қолмоқда. Совет тузуми ҳурфикрли одамларни қамоққа ташлаган бўлса, ҳаққоний ҳужжатларни ҳам архивларга умрбодга «қамаб қўяди». Бугун кеча яширилган кўп ҳақиқатлар ошкор бўлмоқода. Бугун айтилмаётган гаплар эртага, албатта, айтилади. Чархи кажрафторнинг ғилдираги шу тахлит биздан олдин ҳам айлангани каби, биз билан ҳам ва биздан кейин ҳам айланаверади.

Нодон кимса қилган хатоларни бошқалардан кўради-ю, озгина ютуқларини ҳам ўз фазилатидан деб билади. Худди шундай жоҳил шўро тузуми ҳам қилган машъум хатоларини, иқтисодий бўҳронларини, аянчли кирдикорларини «халқ душманлари», «империализм айғоқчилари», «социализмни кўромайдиганлар», «ғайришўровий унсурлар» ва ҳоказоларга тўнкаб, коммунистик зулм даврида халқнинг тинимсиз меҳнати эвазига эришилган озгина ютуқларни ҳам ҳамиша «социализм шарофати», «одил совет тузумининг меваси» деб кўрсатди.

Шу жумладан халқнинг раҳбарларининг нўноқлигига, урушолди қатағонларига, ҳарбий-стратегик бошқарувнинг сакталикларига қарамай, миллионлаб қурбонлар, дарё-дарё қонлар эвазига фашизм устидан қозонган ғалабаси ҳам ярим аср давомида «КПСС бошчилигида совет социалистик тузуми эришган ғалаба» деб келинди. Ҳолбуки, бу халқнинг ғалабаси эди. КПСС ва совет тузуми эса бу даҳшатли урушнинг бошланишига, қурбонлари ҳаддан зиёд бўлишига, жангларга раҳбарликнинг калтабинлигига «ҳисса» қўшди, холос.

Уруш узоқ давом этди ва унда беҳад кўп қурбонлар берилди. Немислардан 5,5 миллион киши ўлган бўлса, совет томонидан 26 миллион киши ҳалок бўлди . Бевосита ҳарбий йўқотишларимиз ҳам немисларникидан тўрт баробар зиёд эди. Уруш ҳарбий-стратегик «раҳбарлик» даражасини, Сталиннинг «доно саркарда»лигини шунинг ўзи кўрсатиб турибди. Нега шундай бўлди?!

Биринчилан, немис фашизмнинг ҳарбий қудрати мустаҳкамланишига совет тузуми катта ҳисса қўшди. Бугун аниқ маълум бўлдики, 1920-1941 йиллар давомида немислар совет ҳудудида танкчилик, учувчилик мактабларида таҳсил олдилар, немислар буюртмасига кўра СССР уруш олдидан немисларга танклар, самолётлар, снарядлар ишлаб чиқариб берди. Немислар 1939 йилги савдо ва ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартномаларга кўра Совет Иттифоқидан катта миқдорда нефть, металл, дон ва бошқа хомашёларни, ҳарбий-стратегик маҳсулотларни ола билдилар. Фашизм советлар ёрдамида кучга тўлди.

Иккинчилан, дунё яккалаб турган бир пайтда советлардан ёрдам олиб кучга тўлган немис фашизми Совет Иттифоқига қўққисидан ҳужум қилди, совет раҳбарлари ва уларнинг каллакесар қўрбошиси Сталин одамхўр Гитлер билан «ҳамкорлик шартномалари» тузганига ишониб урушга тайёргарлик кўрмади. Шартномалар Гитлернинг қўлини ечди ва урушга сабаб бўлди.

Учинчидан, Сталин 1934-1939 йиллар давомида халқ ва партия сафида «тозалаш» – қирғин олиб борди, уруш олдидан халқнинг энг оқил, зиёли, фикрловчи қисмидан 15 миллион киши териб олиниб, сталинча тоталитар итоаткорона социализм қуришга ҳалақит бермасин учун йўқ қилинди, халқнинг қуввати уруш олдидан «халқ душмани» сифатида қатли ом қилинди. Улар уруш олдидан сталинчи қотиллар қўлида, НКВД авахталарида ўлмаганида гитлерчи фашистларга қарши турган бўларди ва фашистларга халқ бу қадар кўп қурбонлар бермаган бўларди.

Тўртинчидан, 1934-1939 йилги «тозалаш»лар даврида армиянинг ўзи ҳам бошсизлантирилди, яъни 40.000 офицер қатағон қилинди, энг юқори офицерлар таркибидан 5000 ҳарбий саркарда отиб ташланди, шу жумладан, Қизил Армиянинг бешта маршалидан учтаси уруш арафасида ўлдирилди. Уруш бошланганда ҳам жуда кўп ҳарбийлар «халқ душмани» сифатида қамоқда ўтирардилар.Бешинчидан, совет тузумининг иккиюзламачилиги, сўзда «халқ ҳокимияти»ни эълон қилиб, амалда халқни қул қилиб, унинг тепасига чармкамзулли парткомлар ва комиссарларни чиқариб эзғилаши, айниқса, қамоқ ва қатағонлари халқнинг қалбида исённи ҳам етилтирарди.

Албатта, ошкор гапирганлар қатағон қилинган, аммо халқ гапирмаса ҳам, дилида бу тузумдан рози эмасди ва бу Гитлер босиб келган ҳудудларда унга ҳайрихоҳликни намоён қилгани ҳам, шунинг учун фашистлар осонлик билан мамлакат ичкарисига кириб келгани ҳам, халқнинг осонлик билан асир тушгани, совет зулмидан озод бўлиш умидида тургани ҳам сир эмас. Фашистларнинг ҳам ашаддий золимлиги аён бўлгачгина халқ қўзғолди ва оғир урушда ғалабага эришди, аммо бу ғалабани ҳам Сталин ўзининг «донолиги»дан деб ўз «хизмати» сифатида эгаллаб олди.

Уруш шу каби қатор сабабларга кўра қўққисидан бошланди ва қатағонлардан, қашшоқликдан силласи қуриган халқ учун оғир бўлди.

Бу машъум хатолар ҳақида гапириш ва ёзиш фашизм устидан қозонилган ўалабанинг қадрини пасайтирмайди, аксинча, кўтаради – ахир, фашистлар совет тузуми ёрдамида кучга тўлганига, халқнинг ақлли фарзандлари ва армиянинг саркардалари уруш олдидан қатағон қилинганига, урушга раҳбарликнинг малакасиз олиб борилганига, совет тузумининг самарасизлигига, ноқобилликларига қарамай, халқ ўалаба қилди. Бу ўалаба шунинг учун ҳам, шубҳасиз, янада оламшумул, ҳайратли ҳодисадир.

Албатта, жаҳон халқларининг тарихи ва тафаккури шуни кўрсатадики, урушда қилинган ғолиблик билан мақтаниш маънавий жиҳатдан ноўриндир. Бу бировни ўлдиргани билан, бир халқни қиргани билан мақтанишдир. Иккинчи Жаҳон уруши немис халқи учун ҳам, «совет халқи» аталган халқлар учун ҳам катта фожеа бўлди. Бу икки мамлакат тепасига келган фашистик тузумлар икки халқнинг ва жаҳоннинг бошига солган даҳшатли фожеа эди. Олмония жаҳонга фақат Маркс ва Гитлерни берган эмас, немис халқи даҳоси жаҳон тафаккурига Гёте, Шиллер, Вагнерни, Кант, Шопенгауэр, Нитсше каби даҳоларни қўшди. Жангга кираётган совет аскари ён чўнтагида Гёте шеърларини олиб юргани ҳам маълум...

Гарчанд, Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалаба натижасида совет тузуми Шарқий Оврўпога социализмни яна зўрлаб тиқиштирган, бу халқларга ҳам ўз иродасига кўра ўзига мақбул тузумни танлашга йўл бермаган, бугунга келиб совет тузуми асоратларидан қутулган Шарқий Оврўпо, Болтиқбўйи, Кафказ, Марказий Осиё халқлари мустақилликдан шодумон, ўз истиқлол йўлларини барпо этаётган бўлсалар-да, 1945 йилги ўалаба бир халқнинг иккинчи халқ устидан, бир тузумнинг бошқа тузум устидан ғалабаси эмас, халқларнинг фашизм устидан ғалабаси сифатида қадрлидир.

Тўғри, ғайриодамий совет тузумининг кирдикорлари, ғайриинсоний моҳияти унинг иккиюзламачи сиёсатида, самарасиз иқтисодида, иймонсиз маънавиятида акс этгани каби у олиб борган урушларда ҳам яққол кўринади. Аммо халқ – юксак ҳилқат, ҳар қандай сиёсий ўйинлардан юксакроқдир.

Урушларнинг, шу жумладан, Иккинчи Жаҳон урушининг хулосаси шуки, уруш билан бахтли бўлиб бўлмайди, у ҳамиша инқироз йўлидир. Тараққиёт йўли эса – демократия, муроса, музокара, ақл ва тафаккур йўлидир.

Шўро тарихчилари «Улуғ Ватан уруши» ҳақида ёзаётганда, аён тарихий фактларни четлаб ўтиб келдилар. Аввало урушни «улуғ» дейишнинг ўзи маънан нотўғридир, бу «улуғ жанжал», «улуғ қотиллик» дегандай бир гапдир. Бугун аёнки, ягона «Ватан уруши» бўлган эмас, 1939-1945 йилларда СССР учта урушни олиб борган: биринчи уруш – Финляндия ва Польшага қарши мустамлакачи босқинчилик уруши бўлиб (1939-1941), Сталин айнан шу пайтда Болтиқбўйи давлатларини, Шимолий Буковинани ва баҳсли ҳудуд бўлган Бессарабияни ҳам босиб олган эди; иккинчи уруш – Олмония фашизмига қарши мудофаа уруши бўлиб, уни «Ватан уруши» аташ жоиздир; учинчи уруш – СССРнинг халқларни «озод қилиш» баҳонасида Шарқий Оврўпо ва Болқонда олиб борган мустамлакачи босқинчилик урушидир. Фақат иккинчи уруш – гитлерчи босқинчиларга қарши мудофаа уруши эди, биринчи ва учинчи урушларни империалистик урушлар атамоқ жоиздир, зеро улар совет мустамлакачи салтанатини кенгайтириш мақсадида олиб борилган эди.

Совет давлати босиб олган ерларининг халқларига (хоҳ Чехословакия, ГДР, Польша, Венгрия, Булғористон, Югославия бўлсин, хоҳ Куба, Ангола ёки Афғонистон бўлсин) ҳеч қачон озодлик берган эмас, миллатларнинг жаҳон эътироф этган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олган ҳам эмас, аксинча, ўзи бу халқларнинг тақдирини белгилаб, ҳаммасига «социализм» йўлини зўрлаб тиқиштирди, тиқиштирганда ҳам социализмнинг тоталитар шаклини, ҳурфикрликка, ташаббусга, эркка йўл бермайдиган мустабид шаклини тиқиштирди, авторитар тузумни ўрнатди. Қайсидир мамлакат социализм тузоғидан чиқмоқчи бўлса, ҳатто озроқ ислоҳ қилмоқчи бўлса (масалан, Югославия (Броз Тито раҳбарлигида), Венгрия (1956 йил), Чехословакия (1968 йил)) танклар ва автоматлар билан «социалистик лагер»га қайтарилди.

Улар озодликни, тоталитар социализм исканжасидан халос бўлишни кутиб яшадилар ва бугунга келиб озод юртларга айланмоқдалар. Улардаги «социализм» онгли равишда эмас, қўрқувда тутиб келинганини шундан ҳам билса бўладики, СССР қулагач, уларнинг ҳеч бири социализмни ҳимоя қилиб, асраб ўтирмадилар, қафасни бузиб ташладилар. Аслини олганда, социализмнинг емирилиши айнан йиллар бўйи миллий туйғулари жиловлаб келинган халқларнинг миллий озодлик ҳаракатлари туфайли юз берди. Тўғри, эркинликка чиққан эллар ҳавоси бўғиқ бўлса-да, тузоқ учидаги тайин «дон»га ва «қафас ҳимояси»га кўниккан қушлар каби тоза ҳавога, парвозга қийин ўрганмоқдалар, учай деса – бургутдан, ерга тушай деса мушукдан ҳадиксираб турибдилар, қанотларига энди куч инмоқда, айрим иродасизлар орқага – «қафас»га ундамоқдалар. Аммо мустақилликка чиққан халқлар озодликнинг, эркнинг қадрини англадилар, энди ортга йўл йўқлигини билдилар.

«Қизил салтанат» қулаб, нафақат хорижий «социалистик» давлатлар, балким СССР таркибидаги халқлар, шу жумладан, ўзбеклар ҳам истиқлолга эришдилар, асрий орзулари рўёбга чиқди, ўз мустақил давлатларини барпо этмоқдалар ва тарихдан сабоқ чиқариб, яна халқни эзмаслик учун бу давлатни ҳуқуқий демократик фуқаролик жамияти сифатида қуришга азму қарор қилдилар. Коммунистларнинг «доҳий»си Владимир Ленин Россияни «халқлар маҳбусхонаси» деб атаган эди. Унинг коммунистик салтанати ҳам бу маҳбусхонани йўқотмади, аксинча, мукаммаллаштирди, кенгайтирди. Бугун «халқлар маҳбусхонаси» - СССР парчаланиб, халқларга битта-битта мустақил «изолятор»лар тегди. Энди унинг ҳавосини тозалаш, панжараларини очиш, демократиклаштириш, суверен давлатларда халқ ва шахснинг ҳам суверенлигини таъминлаш жараёни бормоқда. Бу жараённинг бир қирраси ҳурфикрликдир, шу жумладан, узоқ ва яқин тарихни холис идрок этмоқ демакдир.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зулм технологияси: Муқаддима