Японияда умр давомийлиги борасида навбатдаги рекорд янгиланди, деб хабар берди NHK телеканали. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакат аёлларининг ўртача умр кўриш давомийлиги 87,13 ёшни ташкил этди ва бу билан Япония 40-марта ушбу кўрсаткич бўйича жаҳон етакчиси бўлиб қолди. Эркаклар учун эса ўртача кўрсаткич 81,09 ёшга тенг бўлди.
Кўрсаткичлар 2023 йилга нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди — аёлларда умр давомийлиги атиги 0,01 фоизга ошган бўлса, эркакларда эса ўтган йил даражасида сақланиб қолган. Япония аёллари учун бу 40 йиллик устунлик ҳисобланса-да, япон эркаклари бу борада дунёда олтинчи ўринда туради. Улар фақатгина Швеция, Швейцария ва Норвегия каби давлатлардан орқада қолмоқда.
Вазирлик хабарига кўра, ўтган йил давомида юрак-қон томир касалликларидан ўлим ҳолатлари камайган, мамлакатда эса кўпроқ одамлар табиий сабаблар билан ҳаётдан кўз юммоқда. Шунингдек, Японияда кутилаётган умр давомийлигининг ўсиши COVID-19 пандемияси давридаги ўлимлар сабаб секинлашгани қайд этилган. 2023 йилда эса бу кўрсаткичлар барқарорлашгани таъкидланди.
Япониянинг умр кўриш давомийлиги бўйича етакчилиги дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатдаги соғлом турмуш тарзи, тиббиёт ривожи ва касалликлардан профилактика бўйича олиб борилаётган ишлар бу натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда. Жамоатчилик эса ҳар йили қайд этиладиган бундай рекордларни ижобий тенденция ва янги умид сифатида баҳолашмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!