18:14 / 21.08.2022
1 038

“Фундаментал ҳуқуқларнинг Конституцияда ифодаланиши фуқаролар фойдасига хизмат қилади” — Расул Кушербаев

“Фундаментал ҳуқуқларнинг Конституцияда ифодаланиши фуқаролар фойдасига хизмат қилади” — Расул Кушербаев
Суд қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмаслиги ҳар бир ўзбекистонликнинг конституциявий, яъни энг олий ҳуқуқига айланиши кутилмоқда. Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, кутилаётган бу янгилик ва аввалроқ Конституциявий суд чиқарган кутилмаган қарор мулки олиб қўйилган фуқароларнинг судларга ёппасига арз қилиши тўлқинини келтириб чиқариши мумкин ва шундай бўлиши ҳам керак.

— Расул ака, Ўзбекиистон бош қонунига киритиш таклиф этилаётган снослар ва хусусий мулк дахлсизлигига оид ўзгартиришларни бунгача ҳам ёритгандик. Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, айрим юртдошларимиз истеҳзо билан йиллар давомида ишламай келаётган нарса Конституцияга киритилса, бирдан ишлаб кетармикан деб ёзишаётганига кўзим тушди. Сиз бу фикрларга қўшиласизми?
— Ҳар ким фикр билдириш ҳуқуқига эга. Уларда ҳам қандайдир асос борки, шунга таяниб айтишаётгандир. Бу фикр қанчалик тўғри ёки нотўғри эканини вақт кўрсатади.

Лекин бир нарсани айтиш керак. Мулк ҳуқуқига оид фундаментал қоидаларнинг айнан Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши бу – ижобий ҳолат. Узоқ вақтдан бери ишламаган Конституция ўзгартиришлар киритилгандан сўнг ишлаб кетадими деган масала ўртага чиқяпти. Ҳечдан кўра кеч, деган гап бор. Амалдаги Конституциянинг 53-моддасида мулкдор фақат қонунда белгиланган тартибдагина мулкидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақидаги қоида белгиланган бўлса-да, лекин Уй-жой кодекси ва бошқа бир қатор қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатларида Конституцияга зид нормалар бўлгани ҳисобига мулк дахлсизлиги таъминланмай келаётганди. Афсуски, бу масалага узоқ вақт давомида кўз юмиб келинди.

Ушбу муаммо фуқароларнинг ёки қайсидир бир томоннинг хатоси деб ҳисобламайман. Бу ерда энг катта хато – қонунларнинг бир хилда ижро этилишини назорат қилувчи органлар, хусусан, Конституциявий суднинг журъатсизлиги ҳамда масалага бир томонлама ёндашув билан боғлиқ деб ҳисоблайман.

Қувонарлиси, шу йилнинг 31 май куни Конституциявий суд ўз тарихидаги катта қадамлардан бирини ташлади. Қайсидир маънода уйғонди ва уйғониши ҳам айнан мулк дахлсизлиги масаласи билан боғлиқ бўлди. Конституциявий суд 31 майдаги қарори билан Фуқаролик кодекси, бир қатор қонунлардаги нормалар мамлакат бош қонунининг 53-моддасига мувофиқ эмаслигини расман тан олди ва бошқа ҳужжатлардаги конституцияга зид қоидалар асосида фуқароларнинг уй-жойлари “снос” қилиниши, мулкдан маҳрум этилиши ноқонуний деб топилди. Бу жуда катта иш аслида.

Демак, “снос” масаласини, яъни хусусий мулк дахлсизлигини мустаҳкамлашни Конституцияга киритадиган бўлсак, у бир куни барибир ҳақиқат қарор топишига асос бўлиб хизмат қилади.

— Конституциявий суднинг қарори фуқароларнинг индивидуал мурожаатига асосан чиқарилган-ку. Ушбу ҳужжат фақат қайсидир фуқароларга дахлдорми ёки ушбу кейсдан барча ўзбекистонликлар фойдалана олишлари мумкинми?
— Тўғри, Конституциявий суднинг қарорига фуқаронинг индивидуал мурожаати туртки бўлган. Лекин мурожаатда кўтарилган масалани таҳлил қилиш натижасида амалдаги қонунчилик таҳлил қилиб чиқилган ва барча учун мажбурий бўлган қарор қабул қилинган. Яъни кодексларимиз, қонунларимиз, қонуности ҳужжатларидаги фуқаро хусусий мулкидан маҳрум этилиши мумкин эканини кўзда тутувчи тартиб-таомиллар Конституцияга зид экани қайд этилди.

Энди нима бўлади, деган савол туғилади. Фуқаролар мол-мулкидан фақат қонунда белгиланган тартибда маҳрум қилинади деган фундаментал ҳуқуқнинг бир вақтлар Конституцияда белгилаб қўйилгани туфайли, амалда у узоқ вақт давомида ишламай келаётган бўлса ҳам бугунга келиб тан олинаётгани мана шу давргача Конституцияга зид қонунларни қўллаб, фуқароларнинг мулкидан маҳрум қилиб, жойини “снос” қилиб келган нимаики ҳаракат бўлса, уларнинг бекор бўлишига олиб келади.

Фуқароларда энди ҳуқуқ пайдо бўладики, улар менинг мулк ҳуқуқимдан Конституцияга хилоф тарзда маҳрум қилган экансизлар, мулкимни қайтариб беринглар, деб айтишлари мумкин.

— Орадан бир неча йил ўтган бўлса ҳам мана шу ҳужжатга асосланиб, улар судга даъво аризаси киритишлари мумкинми?
— Албатта, чунки Конституциявий суд тан оляпти буни. Шу пайтгача агар маҳаллий ҳокимликлар, ҳукумат ёки бошқа идораларнинг давлат манфаатларини кўзлаб фуқароларни хусусий мулкидан маҳрум этишга оид, яъни “снос”га доир қарорлари буларнинг ҳаммасини зудлик билан бекор қилиш талаб этилишига олиб келади.

Афсуски, бизда асосий муаммо Конституцияга муносабат, мамлакат бош қонунида белгиланган қоидаларнинг ижро этилмаётгани билан боғлиқ. Конституциявий суднинг қандай органлиги, унинг қарорлари ҳамма учун мажбурийлиги Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, маҳаллий ҳокимликлар ҳалигача “снос”ларга оид қарорларини кўриб чиқиб, бекор қилишаётгани йўқ. Халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари ҳам бундай қарорларини бекор қилишмаяпти.

Ҳалиям жойларда эски қарорлар асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатлари асосида одамларнинг уйлари бузиляпти, “снос” қилиняпти. Энг қизиғи, судларимиз шунга оид ишларни кўриб чиқяпти. Яъни энг кучли юристлар – қозикалонларимиз ўтирган суд бунинг моҳиятини тушуниб етмасдан фуқароларни мулк ҳуқуқидан маҳрум қилиш, яшаб турган уйидан кўчириш ҳақида ажримлар, қарорлар қабул қилишда давом этмоқда. Аслида бизнинг асосий фожиамиз – шу.

— Аслида Конституциявий суднинг қарори барча учун мажбурий ва бир хилда ижро этилиши керак...
— Худди шундай ва шу билан бирга 31 майда қабул қилинган ҳужжат конституциявий ҳуқуқи бузилган ҳар бир шахсга ҳуқуқини тиклаш учун қўшимча асос, яъни янги очилган ҳолат бўлмоқда. Конституциявий суднинг шу қарорига кўра, хусусий мулкидан мосуво бўлган, уй-жойи ноқонуний “снос” қилинган ёки унга етарли даражада компенсация тўлаб берилмаган фуқароларнинг ишлари судлар томонидан қайта кўриб чиқилиши керак.

Конституциявий суд томонидан бундай қарорнинг қабул қилингани шахсан мен учун кутилмаган ҳол бўлди, тўғриси. Кеч қолиб бўлса ҳам бунинг тан олиниши катта воқеа, кимлар бу ишга ҳисса қўшган, билмадим, шунга қарамай уларнинг барчасига миннатдорлик билдираман.

Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган янги нормаларнинг муҳимлиги ҳам шунда. Фундаментал ҳуқуқларнинг мамлакат бош қонунида ифодаланиши вақти келиб фуқаролар фойдасига хизмат қилади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Фундаментал ҳуқуқларнинг Конституцияда ифодаланиши фуқаролар фойдасига хизмат қилади” — Расул Кушербаев