
Бир олим бўларди. У ёшларни атеизимга тарғиб қилиш билан шуғулланадиган ташкилот аъзоси эди. Илм-фан деб ёшларни кўпини диндан чиқариб юборганди. Бир куни у йиғиндан қайтаётганида бир аёл ва ундан сал олдинда кетаётган болага кўзи тушди. Аёл бир уринишда боланинг телефонини олди-да кўпқаватли уйлар оралаб қочди. Бола аввалига нима бўлганини тушунмади. Кейин аёлнинг ортидан югурди. Олим уларнинг орқасидан борди. Қараса, йигит аёлнинг изини йўқотиб, анграйиб турибди. Йўлда давом этди. Олим аёлнинг бекиниши мумкин бўлган жойни мўлжаллаб юриб борди. Аёл олимни кўриб ўзини оқлашга уринди.
Олим қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Аёлнинг ёлғонлари мўрт ва кулгили чиқаётганди. Тўсатдан ақлига ўзининг ёлғонлари келди. Шу аёл каби ўзини ўзи алдаб яшаяпти-ку. Худо борлигини билади-ку, ахир. Қанчадан қанча ёшларни сўзамоллик билан йўлдан урди. Саволларга пойинтар-сойинтар жавоб бериб, уларни ишонтиришга ҳаракат қилди. Илдизи йўқ алдовларидан қанчалаб одамларни йўлдан урди. Шу шароитда мана бу ўғри аёл ундан минг чандон яхшидир балки. Балки ҳаёт тарзини ўзгартириш вақти келгандир. Шу мақсадда бир масжид имомининг ёнига келди.
Эътиқоди, имони ва ахлоқи билан обрў орттирган бу имомни кўриб, бошда қайтиб кетгиси келди. Гапни нимадан бошлашни билмади. Балки олимман деб ўйлаган ва бошқаларни эргаштирган фаолияти маъқулдир. Балки бу ерга уни Аллоҳнинг истаги етаклаб келгандир. Имом икиланиб турган бу одамни кўриб:
– Келинг, биродар, – деди.
– Мен гуноҳкор бандаман.
– Аллоҳ бизга тавба қилишни буюрган.
– Менинг гуноҳларим... – шу ерга етганда кўзидан ёш қуйилиб келаверди. Икки соат олдин бир инсон олдида бошқаси йиғлаганини кўрса, устидан кулиши мумкин эди. Аммо ҳозир имомнинг қаршисида тиз чўкди. Барча гуноҳларини айтиб енгил бўлмоқчи эди. Имом ундан ҳеч нарса сўрамади. Ҳижжалаб калимаи шаҳодатни қайтартирди. Кун асрга яқинлашиб, одамлар масжидга кела бошлади. Олим ҳозир имом ҳамманинг ичида мени гапиради, деб ўйлади. Имом азон айтди, намоз бошланди. Олим ҳам илк намозини жамоат билан адо этди. Тиззалари титрар, атрофидаги одамларга қараб, ким мени кузатаётган экан, деб ҳадиксирарди. Ҳамма кетди. Имом келиб олимни бағрига босди.
– Аллоҳга шукур, мендай гуноҳкорни шу ерга бошлаб келганига шукур, – деди шивирлаб.
– Бардавом бўлсин, – деди имом.
– Кейинги намоз қачон?
– Икки соатлардан кейин шом намози ўқилади.
– Менга ҳам ўргатасизми?
– Бажонидил.
– Умримда бундай ҳаловат тотмаган эдим...
– Ҳар бир инсон ислом фитратида дунёга келади. Исломга қайтмагунча ҳаловат йўқ. Муборак бўлсин.
Бу гапдан олим жудаям таъсирланди. Имомдан ҳар куни диндан таълим ола бошлади ва ўзи йўлдан адаштирган ёшларни эса исломга киришлари учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди.
Умму Муслиҳиддин
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар