date

2025 йилда 6 блогер миллиардлаб даромаддан қанча солиқ тўлади?

2025 йилда 6 блогер миллиардлаб даромаддан қанча солиқ тўлади?

Фото: Солиқ қўмитаси

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда миллионлаб кузатувчиларга эга машҳур блогерларнинг даромадлари ва солиқ фаолияти таҳлил қилинди. Солиқ қўмитасида блогерлар иштирокида ўтказилган учрашувда маълум қилинишича, 3 миллиондан ортиқ обуначига эга олти нафар топ блогер 2025 йил давомида жами 2,7 миллиард сўм даромад топган.

Расмий ҳисоботларга кўра, улар бюджетга 110,4 миллион сўм миқдорида солиқ тўлаган. Мазкур блогерлар бир йил давомида 360 та сторис ва 184 та реклама пости жойлаштиргани аниқланган. Бу эса реклама бозори ва блогерлик фаолияти тобора катта даромад манбаига айланаётганини кўрсатмоқда.

Қўмита томонидан соҳанинг энг фаол 110 нафар вакили ўрганилган. Таҳлилларга кўра, уларнинг 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор мақомида фаолият юритмоқда. Яна 22 нафари эса оддий жисмоний шахс сифатида рўйхатдан ўтган.

Мутасаддилар айрим блогерларнинг даромади ва фаолият кўлами кенгайганига қарамай, улар ҳануз соддалаштирилган фаолият шаклидан фойдаланаётганини таъкидлади. Шунингдек, айрим контент яратувчилар администратор, ёрдамчи ва бошқа мутахассисларни жалб қилаётгани қайд этилди.

Учрашув давомида реклама даромадларини солиққа тортиш тартиби, даромадларни расмийлаштириш ҳамда қонунчилик талабларига риоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, блогерлар учун махсус ўқув семинарларини ташкил этиш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш таклифи илгари сурилди.

Солиқ қўмитаси вакиллари блогерлик фаолиятида молиявий шаффофликни таъминлаш, рекламаларни расмийлаштириш ва соҳани қонуний асосда тартибга солиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Келгусида онлайн реклама ва блогерлик контентларини маркировкалаш тизимини жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » 2025 йилда 6 блогер миллиардлаб даромаддан қанча солиқ тўлади?