Гарри Кейн Криштиано Роналдонинг рекордини такрорлади

Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб учрашувида Бавария ҳужумчиси Гарри Кейн Пари Сен-Жермен дарвозасини ишғол қилиб, ўзига хос тарихий натижани қайд этди. Учрашувнинг 90+4-дақиқасида урилган гол инглиз футболчисига турнирнинг плей-офф босқичидаги кетма-кет олтита ўйинда гол уриш имконини берди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Шу тариқа, Гарри Кейн 2012–2013-йилги мавсумда Реал Мадрид сафида худди шундай натижа кўрсатган Криштиано Роналдонинг рекордини такрорлади. Кейн ушбу серияни Аталанта, Реал Мадрид ва Пари Сен-Жермен жамоаларига қарши баҳсларда амалга оширди.
Гарчи Гарри Кейн гол урган бўлса-да, Бавария Париждаги дастлабки ўйинда 5:4 ҳисобида мағлуб бўлгани сабабли Чемпионлар лигасини тарк этди. Пари Сен-Жермен эса финалда Арсенал жамоасига қарши майдонга тушади.
Жорий мавсумда Гарри Кейн Бавария сафида барча мусобақаларда 48 та ўйинда майдонга тушиб, 55 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилди. Ҳужумчи Бундеслига тўпурарлари пойгасида яққол пешқадамлик қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!