13:57 / 13.11.2022
1 340

Собиқ солиқчининг надоматлари: «Бошим деворга урилганда кўзим очилди» (Ҳаётий ҳикоя)

Собиқ солиқчининг надоматлари: «Бошим деворга урилганда кўзим очилди» (Ҳаётий ҳикоя)
Бойликка интилиш, заҳмат чекмасдан осон пул топишга уриниш ва бу йўлда инсоф ҳамда виждонни бир четга суриб қўйиш айримлар учун чўт эмас. Қуйидаги ҳикояда келтирилган қаҳрамонимиз ҳам бир пайтлар шундай шахс бўлган. Осон пул топиш учун ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб тамагирлик қилган. Кейинчалик қўлга тушиб, етарли жазосини олгандан сўнг тўғри ҳаёт кечира бошлаган.

Ошхонада овқатланиб ўтирар эканман, ёнимга ёши қирқлардан ошган бир йигит келиб ўтирди. Бироз ўтиб у билан танишдик, вилоятнинг чекка туманида яшаркан. Бозорда савдо дўкони бўлиб, шаҳарга маҳсулот олиб кетиш учун келган экан.

Суҳбат асносида солиқдан гап очилди. Шунда суҳбатдошим анча йиллар аввал солиқчи бўлиб ишлаганини, тамагирлик ортидан қўлга тушиб, қамалиб чиққанини айтиб қолди.

«Қамоқдан озод бўлсам ҳалол яшайман, зинҳор бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайман, деб ўзимга сўз бергандим. Ҳалол меҳнат ортидан озроқ пул жамғариб, кичик савдо дўконига эга бўлдим. Ҳозир оиламдагилар билан ўшани юрғизяпмиз. Худога шукур, бировдан кам жойимиз йўқ, қора қозон қайнаб турибди», деди.

Менга унинг бошидан ўтган ҳодисалар қизиқ туюлди ва малол келмаса ҳикоя қилиб беришини сўрадим. У гап бошлади.

«Бир пайтлар менинг ҳаётимга барча ҳавас қиларди. Обрўли иш – ахир барча ҳам солиқ ходими бўла олмайди, салмоқли маош, иноқ коллектив, бахтли оила, қисқаси яхши ҳаётда яшардим.

Ана шундай шароитда нафсим мени йўлдан урди ва тамагирлик билан пул топишга ўтдим. «Қинғир ишнинг қийиғи албатта чиқади» дейилганидек, бир кун шишиб турган шар пақ этиб ёрилди ва ноқонуний ишларим фош бўлди. Шундан сўнг мен барчасидан айрилдим.

Мактабни битиргач танишлар ёрдамида институтлардан бирининг иқтисодиёт факультетида ўқидим. Сўнг туғилиб ўсган туманимга қайтиб, солиқ инспекциясига ишга кирдим.

Бир неча йил оддий ходим сифатида иш ўргандим. Кейинроқ мени катта бир қишлоққа солиқ назоратчиси этиб тайинлашди. Қишлоқда бешта маҳалла бўлиб, мен у ерда ёрдамчим билан ер ва мулк солиғини йиғардим.

Қишлоқ жойларида солиқ назоратчиси сифатида ишлаб, ер ва мулк солиғини йиғишнинг «манфаатли» томонлари кўп эди. Масалан, қишлоқларда сўнгги 20-25 йилда қурилган янги иморатларнинг аксариятида ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

Мен ва ёрдамчим ана шундан фойдаланиб, уй-жойининг ҳужжати бўлмаганларга «Шартли солиқ тўлайсиз» деб, улардан пул ундирардик. Одамларга эса квитанциянинг нусхасини тўлдириб бериб кетаверардик. Баъзида квитанция ҳам бермасдик. Бундай пуллар давлатга топширилмас, ёрдамчим ва мен ҳаққимни олиб қолиб, қолгани туман солиқ бўлими раҳбарига етказиларди.

Айрим ҳолларда кимдир уй-жойини ҳужжатлаштирганда бизга тўлаган пуллари компьютердан чиқмас, аммо ер-мулкини қонуний қилиб олганига хурсанд бўлган одамлар бунга эътибор бермасди.

Бундан ташқари, бешта маҳаллада 20 дан ортиқ катта-кичик турли савдо ва хизмат кўрсатиш дўконлари бор эди. Уларнинг орасида тўрт-бешта каттароқ дўкон якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб солиқ тўлар, қолганларидан ойма-ой «доля» йиғардик.

Биз белгиланган «ставка» ЯТТ сифатида тўлайдиган маблағидан бироз камроқ бўлгани учун улар айтган пулимизни оғринмасдан берарди. Шу тариқа, ҳамма хурсанд, ўз ишини қиларди.

Ўшанда айрим ҳамкасб ходимлар қилаётган ишимни нотўғрилигини, бу кетишда бир кун балога йўлиқишимни айтишди. Аммо мен уларнинг насиҳатига қулоқ солмадим.

Ана шундай кунларнинг бирида менга насиҳат қилган ҳамкасбларнинг айтгани бўлди. Ҳакалак отган нафсим нафақат ўзимнинг, балки бутун туман солиқ бўлимининг ағдар-тўнтар бўлиб кетишига сабаб бўлди.

Маҳаллалардан бирида солиқ йиғиб юргандик, олдимизга бир йигит келди. Салом-аликдан сўнг у сомсахона очмоқчи эканини, шунга биз билан келишиб иш бошламоқчи бўлганини айтди.

Йигитга ўша пайтда устахона ва сартарошхона каби жойлардан оладиган пулимизни айтдик, аммо у рози бўлмади.

«Маҳалламизда учта сомсахона бор. Мен тўртинчисини очяпман. Жойим маҳалла марказида эмас, четроқда. Кунига бир тандир сомса ўтказаман ва бундан катта даромад қилиб бўлмайди. Шунга сизлар сўраган пулни бера олмайман» деди у.

Йигит биз сўраган пулнинг ярмини таклиф қилганди, рози бўлмадик. Унга талаб қилган пулимизни берсагина ишлаши мумкинлигини, акс ҳолда жарима қилишимизни айтдик. Йигит индамай кетди.

Эртаси куни ишхонага боргандим, бошлиқ чақириб қолди. Кирсам олдида кечаги йигит. Бошлиқ менга савол назари билан қараганди, унга вазиятни қисқача тушунтириб, йигит биз айтган таклифга кўнмаётганини айтдим.

Шундан сўнг бошлиқ йигитга қараб «Бор сўраган пулини бер ва ишлайвер. Арзимаган нарсани ҳам менинг бошимга кўтариб келасанми?» деди. Ўзича туман солиқ идорасидан адолат истаб келган йигит нима дейишини билмай қолди ва индамай чиқиб кетди.

Орадан икки кун ўтгач, йигит телефон қилиб шартимизга розилигини айтди. «Эрталабдан сомсапазларим иш бошлайди, келиб ҳаққингни олиб кет», деди.

Эртаси куни ёрдамчим билан унинг маҳалласига бордик. Айтганидай сомсахонани қишлоқ четидаги уйидан очган экан. Сомса тайёрланадиган хонага кирдик, қарасак икки йигит нимадир иш билан банд.

Йигит пул беришидан аввал «сал камроқ олсанглар ҳеч нарса бўлмасди» деб бироз гина қилди. Унга биз ҳам хўжайинли одам эканимизни, йиғаётган пулларимиздан арзимас қисми ўзимизда қолдириб, қолганини тийин-тийинигача тепадагиларга олиб бориб беришимизни айтдик.

Йигит бизга бермоқчи бўлган пулни эринмай олдимизда санади ва шу аснода гапга тутиб бошқалардан қанча олаётганимиз билан қизиқди. У пулни санаб бўлиб қўлимга бергач бирданига унинг ўзини тутиши, тинмай саволлар бераётгани менга шубҳали туюлди.

Эътибор бериб қарасам ташқарида, арава устига ўрнатилган тандирда олов йўқ. Ичкарида ҳам на хамир, на ёпиш учун тайёрланган сомса, ҳеч нарса кўринмаяпти. Сомсапаз дейилган йигитлар ҳам шунчаки уёқ-буёқни тозалаётгандай тутаётганди. Уларнинг хавфсизлик ходими эканига заррача шубҳам қолмади. Олган пулимни улоқтириб, ёрдамчимга «қоч» деб бақирдим ва ўзимни ташқарига урдим.

«Сомсапаз» йигитлар ортимиздан қувишди. Ёрдамчим чаққонроқ эди, тезда мендан ўзиб кетди. Ўша пайтда «Жигули» машинам сомсахона олдида қолган, унинг ичида мен ва ёрдамчимни фош қилиш учун етарли бўлган турли дафтарлар бор эди. Бундай пайтда қочиш мантиқсизлик эди, аммо ўша пайтда қўлга тушмаслик учун ҳамма нарсага тайёр эдим.

Минг уринмайлик, узоққа қоча олмадик. Тезда етиб олиб ушлашди. Шундан сўнг бизни тутганлардан бири қаергадир телефон қилди. Бир зумда бир неча машинада ИИБ ва туман миллий хавфсизлик хизмати (у пайтларда хавфсизлик хизмати шундай аталарди) ходимлари етиб келишди. Шунда бизни ушлаган йигитлар вилоятдан келишганини билдик.

Бизни тўғри туман солиқ бўлимига олиб боришди ва бинонинг кириб-чиқиш эшигини, кейин ичкаридаги барча ходимларни ҳовлига чиқариб, уларнинг хоналарини ҳам муҳрлашди.

Шундан сўнг туман солиқ бўлимини бир неча ҳафта «ғалвир» қилишди. Кўп қинғир ишлар чиқиб келди.

Ўша пайтда мен ишлайдиган қишлоқ аҳолисининг солиқ идорасидаги компьютер маълумотлари билан дафтаримдаги ҳисоб-китобни солиштиришди. Компьютердан 4 мингта хўжаликнинг, дафтаримдан эса 5 мингта хўжаликнинг рўйхати чиқди.

Тумандаги бошқа маҳаллалар, бозорда тадбиркорлар билан ишлайдиган ходимлардан ҳам шунақа ишлар аниқланди. Маълум бўлишича, ходимлар орасида энг ноинсоф ўзим бўлган эканман.

Бу орада бизга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Терговдан сўнг туман солиқ бўлими бошлиғи, унинг ўринбосари, мен ва ёрдамчим турли йилларга озодликдан маҳрум этиш жазосини олдик.

Турли камчиликларга йўл қўйган бошқа ходимлар ҳам турлича жазолар олишди. Кимдир озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари каби жазоларни олди. Яна кимлардир турли миқдорларда жаримага тортилди. Бир қатор ходимлар ишдан бўшатилди.

Қамоқда ўтириб ўтган ҳаётимни таҳлил қилдим. Менга ҳам бошқалар қатори бир марта умр берилади. Нега ҳаромдан ҳазар қилмай яшаганимга, ҳалол ризқ изламаганимга афсусландим.

Қамоқдан чиққанимга ҳам бир неча неча йил бўлди. Ҳозир тадбиркорлик қиляпман. Бозордан кичик бир дўконни ижарага олиб, ўша ерда хўжалик молларини сотяпман».

Суҳбатдошим ҳикоясини тугатгач, қачонки инсоннинг боши деворга бориб урилганда кўзи мошдай очилишига ва тўғри хулоса чиқаришига яна бир бор амин бўлдим. Ҳатто исмини ҳам сўрамаган суҳбатдошим билан ошиб кетган нарх-наволар ҳақида бироз суҳбатлашгач, иккимиз икки ёнга кетдик.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият