
Қизиқ одатимиз бор, одатда катталар учун ишлаётгандай бўламиз. Масалан, вилоятларда ёки пойтахтимизнинг ўзида ҳам мамлакатимиз раҳбари ташрифи олдидан бир кунда ё бир кечада “улкан бунёдкорлик” ишларини бажаришга улгурамиз. Йиллаб ўнқир-чўнқир турган кўчаларга асфальт ётқизилиб, деворлар оқланади, дарахтлар буталиб, керак бўлса, янгилари ўтқазилади. Бу ишлар халқни ўйлаб эмас, “бир кишини рози қилиш” учун, аниқроғи кўзини бўяш учун амалга оширилаётгани афсусланарли ҳол, албатта.
Ваҳоланки, бир йили мана шундай кўзбўямачиликка “кўнгилли” равишда чиққан ёшгина ўқитувчи аёл фожиали ҳалок бўлган ва шу муносабати билан давлатимиз раҳбари маҳаллий амалдорларни жиддий танқид қилиб: “деворни бўяб қўйганларинг билан унинг орқаси қанақа эканини мен жуда яхши биламан”, деганди. Шунга қарамай бунақа ишлар тўхтагани йўқ...
Рақамлар, қуруқ ҳисоботлар ортидан қувиш билан иш битмайди. Яқинда «Маҳаллабай» агентлиги эълон қилган “маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан 2,4 млн иш ўрни яратилган”и ҳақидаги маълумот ҳам ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан қаттиқ танқид қилинди.
“...шиширилган. Ясалган 2,4 млн эмас, балки ҳақиқий рақамлар ҳақида гаплашсак, унда ҳоким ёрдамчилари нима учун керак? — деган савол яна қийнашни бошлайди, деб ёзган иқтисодчи Миркомил Холбоев. “Агар бу рақамлар ҳақиқий бўлса, юртимизда ишсизлар қолмасди-ку?!”, дейди яна бир фойдаланувчи ҳақли равишда ажабланиб.
Кўчат экиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўл учида бажарилгани бот-бот ва албатта фото ва видео фактлари билан тармоқларда ёритилмоқда. Биргина шу хайрли ташаббус ортидан халқнинг миллионлаб маблағи ҳавога учяпти ёки қайсидир “масъул”ларнинг ҳамёнини қаппайтиряпти.
Андижонлик таниқли блогер Отабек Нуритдинов ўзи яшаётган ҳудуд – Асака туманини кўкаламзорлаштириш учун жуда кўп ҳаракат қилди.ҳар қалай кўчатчилик соҳаси, уларнинг савдоси ва нарх-навоси ҳақида унча-мунча тушунчаси бор. Отабек фейсбукдаги постида қимматбаҳо кўчатларнинг қаровчизлик қуриб ётганига эътибор қаратди:
“Донаси 12 млн, 6, 4, 3, 2, 1 млн сўмлик кўчатларни олиб эккунча, сал кўрпага қараб оёқ узатсак бўлмайдими? Бундай қиммат дарахтларни эккандан кейин, ҳеч йўқ қаровини яхшилаш керак эди. Юзлаб млн.ли кўчатларни қуритиб, ким ишонади хақиқатдан экилганига?
...Бунча катта пуллар молиядан чиқади. Молия қандай чиқараётгани қизиқ...”
Хабарингиз бор, куни кеча президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига борган эди. Давлатимиз раҳбари “Навоий вилояти сўнгги 2 йилда олий таълимга киришда республикада юқори ўринни эгаллаётгани”ни таъкидлаб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга эътибор қаратди. Дарҳақиқат, ёшларнинг маънавиятига эътибор ҳам кўнгилдагидек эмас. Бу борадаги ишларимизда ҳам “хўжакўрсин”лик ҳукмрон.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотларнинг фаолияти оддий одамлар ҳаётига таъсир кўрсатаётгани йўқ. Қанча ҳаракат қилинмасин, бу борада бўшлиқни тўлдириб бўлмаяпти. Ёшлар адабиётдан, маънавиятдан узоқ қолаётгани барча зиёлилар қатори мамлакатимиз раҳбарини ҳам ташвишлантириши турган гап.
Айни шу муаммоларни назарда тутган президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи чоғида вилоят ёшлари билан суҳбатда мактаблар кечки соат 18:00 дан кейин ёпиқ турганини танқид остига олиб, мактабларда кечки пайт мушоиралар қилиб, гулхан ёқиб, атрофида байрамлар ўтказиш кераклигини айтган эди. Бу ердаги гулхандан мақсад оддий образли қилиб тушунтириш эканини менимча ёш бола ҳам тушунади. Яъни ҳисобот учун эмас, номига эмас, балки самимий ва чиройли тадбир ўтказиш назарда тутилган эди.
«Нимага мактабларда кечки пайт мушоиралар бўлмайди? Гулхан ёқиб, атрофида байрамлар бўлмайди? Буни ҳам қилиш керак», деган эди Президент.
“Ушбу тадбир Президент таклифидан сўнг бир кун ўтмай ўтказилди, яъни топшириқ зудлик билан бажарилган. Мамлакат раҳбари Навоийдаги сафари чоғида ҳудудни ривожлантиришга оид ўнлаб таклифлар ҳам вилоятдаги сессияда киритилган.
Ажаб, навоийлик мутассадилар берилган топшириқларнинг энг осонидан бошлашибди-да!!! Шу билан топшириқларнинг барчаси бажарилди, деб бериладиган ҳисоботлар тайёрда!!!” деб ўз муносабатини билдирган blogeruz канали админлари.
Ростдан ҳам, қачонгача салла деса, калла олиб келаверамиз?! Ҳайбаракаллачиликнинг охири борми? Бундай ёндашишдан фойда чиқмаётганини ҳамма кўриб-билиб турибди-ку?
Энг асосийси, мана шу “ташаббус” ёнадию сўнади. Эрта-индин унутилади. Яна эски ҳаммом, эски тос, деб юрилаверилади. Лекин мутасаддилар учун “айтилдию бажарилди” деган ҳисобот тайёр. Асли жўяли, мантиқли ва манфаатли ташаббуслар, топшириқлар шу каби ҳайбаракаллачилик, енгил-елпи муносабатлар, кўзбўямачиликлар натижасида эрмакка айланяпти. Худди рус масалчиси Криловнинг “Квартет”идаги каби маҳоратсиз машшоқларга кунимиз қолгандай...
Аҳмад Али
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар