18:48 / 12.02.2023
241

Вазир ўринбосари: “Энди фаолиятимизга жамоатчилик кенгаши баҳо беради”

Вазир ўринбосари: “Энди фаолиятимизга жамоатчилик кенгаши баҳо беради”
Азизбек Икромов, ички ишлар вазири ўринбосари
Ички ишлар вазири ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи Азизбек Икромов Kun.uz’га берган интервьюсида тизимда кутилаётган ўзгаришлар, ишга қабул қилиш, фуқаролар билан мулоқот қилиш ва бошқа жараёнларда жорий этилган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

– Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантиришга доир қарорни имзолади. Бу қарор билан тизимда нималар ўзгаради? Жамоатчилик ўзгаришларни сезадими?

– Президентимиз бошчилигида 6-7 йилдан бари ички ишлар тизимини ислоҳ қиляпмиз. 20 январда ҳам муҳим қарор имзоланди. Қарордан белгиланган биринчи мақсад инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган.

Ички ишлар органларини халқчил тизимга айлантириш учун ички ишлар тизимини ижтимоийлаштириш масаласи қўйилган. Қарор натижасида тузилма ва мазмун ўзгарди. Биринчи ўринда ички ишлар ходимларига муомала маданияти, одамларни рози қилиш вазифаси қўйилган.

Президент қарори билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси қабул қилинган. Кодексда ходимларнинг маданияти, билими ва тартиб интизомини кучайтириш масаласи бор.

– Кодексдаги қоидаларга амал қилиш қатъий белгиланмоқда. Қоидадан четга чиқилса, интизомий жавобгарликка тортиш, ҳатто ишдан бўшатишгача бўлган чоралар кўрилиши белгиланган. Бу каби қоидалар олдин ҳам мавжуд эди бошқа ҳужжатлар шаклида. Кодекс қабул қилингач, амалда нималар ўзгаради?

– Тўғри, олдин ҳам интизом низоми бор эди. Улар идоравий ҳужжат мақомида бўлган ва аҳамияти алоҳида кодексникичалик катта бўлмаган. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни, ички ишлар ходимларининг нотўғри ҳаракатларни кўриб чиқиб ҳам ўрганганмиз ва таҳлил асосида уларни кучайтириш, фуқаролар билан муомала маданияти, улар билан ҳамкорлик қилиш бўйича кодекс қабул қилдик.

Биринчи ўринда камтарлик қадрланади, кодексда фуқароларни билан менсимаслик ҳолатлари содир этмаслиги қатъий талаб сифатида белгиланган. Илгари вазир буйруғи шаклида ҳам шундай талаблар бўлган, аммо уларни фақат ходимларнинг ўзлари биларди, фуқароларнинг хабари бўлмасди. Ҳозирги ҳужжатни ҳар бир фуқаро кўриши, билиши мумкин. Фуқаролар ходимлардан кодексдаги қоидаларга риоя этишни талаб қилиш имконига эга.

Кодексни бузган ҳар қандай ходимга нисбатан белгиланган чора кўрилади. Керак бўлса, ҳар битта ходим кодексни ёнида олиб юради. Барча ходимлар ундаги қоидаларни ёддан билиши ва сўзсиз амал қилиши керак. Бу бўйича қўшимча машғулотлар ўтамиз ва ҳар бир ходимга қатъий талаблар қўямиз.

Бундан ташқари, кодексда баҳолаш мезони ҳам бор. Ходимларнинг даража олиши, лавозимларга кўтарилиши масалалари, рағбатлантириш меъёрлари ҳам белгиланган. Кодекс талабларини бажармаган, билмаган ходимларга рағбатлантириш ҳам бўлмайди, уларнинг навбатдаги унвонни олиши, бошқа лавозимга кўтарилиши тўхтатилади.

– Кодексда белгиланган қоида ва талаблар ички ишлар органларида содир этилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўйига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмасликка йўналтирилган, деб айтилган. Ножўя хатти-ҳаракатлар, тизимни обрўсизлантирадиган ҳолатлар деганда, нималар назарда тутиляпти?

– Ножўя хатти-ҳаракатларнинг барчаси кодексда белгиланган. Масалан, ички ишлар ходими уч кун асоссиз ишга чиқмаса, уни ишдан бўшатиш мумкин. Масалан, ходимларга хизмат мажбуриятларини бажариш ва хизмат вақтида ёхуд хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланган. Ходимлар фуқаролар ва ҳамкасбларига сабр-тоқат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим. Шу каби бошқа ҳолатлар ҳам кўзда тутилган.

– Ходим фуқарони ҳақорат қилса, ваколатларидан четга чиқса, одамларга ноўрин куч ишлатса, унга қандай чора кўрилади?

– Ички ишлар ходимларининг ўз вазифалари бор. Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексининг иккинчи бобида мажбуриятлари ҳам белгиланган. Агар ходим нотўғри ҳаракат қилган бўлса, фуқаролар унинг устидан шикоят қилса бўлади. Хизмат текшируви орқали ҳуқуқий баҳо берилади. Хато қилган бўлса, албатта, чора кўрилади.

Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси
Кодексда чора турлари белгиланган: танбеҳ, ҳайфсан, қаттиқ ҳайфсан, ойлик маошдан жарима тўлаш, лавозимини пасайтириш, лавозимдан озод қилиш, унвонини пасайтириш кабилар. Қилинган хатти-ҳаракат даражасига қараб, белгиланган чора кўрилади.

– Президент қарорида кўзда тутилган ўзгаришлар сўнгги йилларда ички ишлар тизимида кузатилаётган салбий ҳолатлар, жумладан, тергов пайтида рўй берган фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар билан боғлиқми?

– Буларнинг барчасини инобатга олганмиз. Ички ишлар тизими шаффоф ва очиқ. Биз ҳам шу жамиятда яшаймиз. Халқчил тизимга айланиши учун шаффофлик бўлиши керак. Шуни инобатга олиб, кодекс қабул қилинди ва очиқ эълон қилинди. Бу кодексда хизматда бўлмаган вақтимиз учун ҳам қоидалар белгиланган.

– Ўзингиз нима деб ўйлайсиз, ушбу янгиликлардан сўнг тизимда ҳақиқатда ўзгариш бўладими?

– Вазир ўринбосари сифатида айтоламанки, ўзгариш бўлади. Тизим халқчил бўлади. Қарор қилинган қарорни бандма-банд, сўзма-сўз бажартирамиз. Қарор қабул қилингач, барча таркибга етказдик.

ИИБларда алоҳида бурчак ташкил қилинади. Ҳар бир ходимга қўлланма сифатида олиб юрадиган чўнтаккитоб қилиб берамиз. Ўқитиш тизимини бошладик. Ҳолат бўйича Kun.uz’га уч ойдан сўнг очиқ ҳисобот беришим мумкин. Президент қарорида жамоатчилик кенгаши ҳам белгиланган. Албатта, тизим ўзгаради.

– Президент қарорида Ўзбекистонда ички ишлар органлари устидан назорати ўрнатилиши ҳақида сўз боради. Фуқаролар тизимдаги хатоликларга гувоҳ бўлса ва бу ҳақида хабар берса, холис кўриб чиқиладими? Дейлик, оддий фуқаро ички ишлар ходимининг нотўғри ҳаракатини тасвирга олса, унга нисбатан қаршиликлар бўлмаслигига кафолат бериладими?

– Президент қарорида айнан очиқлик ва кодекс талабларини бажариш кераклиги белгиланган. Ички ишлар тизимида жамоатчилик назорати керак. Халқаро тажрибада ҳам буни ўргандик. Хизмат фаолиятимизга ўзимиз баҳо берсак, нохолис бўлиши мумкин. Шунинг учун энди жамоатчилик кенгаши баҳо беради. Кенгаш таркибига бизнинг нафақадаги ходимлар, журналистлар, блогерлар, жамоатчилик фаоллари киради.

Бир нарсани илтимос қилардим. Блогерлар нотўғри талқин қилинадиган тарзда тасвирларга олиб, муҳокамага қўйишади. Биринчи тарқатиш эмас, бизга хабар беришса, ўзимиз муҳокама қиламиз. Жамоатчилик кенгашидан кейин очиқ кенг жамоатчиликка муҳокамага қўйилади. Керак бўлса, жамоатчилик кенгаши учун алоҳида сайт қиламиз.

Президент қарорида белгиланган меъёрий ҳужжатлар устида ишлашни бошладик. Тахминан икки ойда низоми, ваколатлари, мажбуриятларини белгилаб оламиз. Керак бўлса, журналистлар муҳокамасига қўямиз уни ҳам. Жамоатчилик таклифлари асосида қайта кўриб чиқилади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазир ўринбосари: “Энди фаолиятимизга жамоатчилик кенгаши баҳо беради”