Ҳижрий йил ҳисобидаги ойлар ичида алоҳида фазилатга эга бир неча ойлар бўлиб, улар орасида энг мукаррами муборак Рамазон ойидир. Рамазон ойининг муқаддаслиги шундаки, у покланиш, меҳр-оқибат ва саховат ойидир. Бу ойда ер юзига Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳар қачонгидан кўпроқ ёғилади, жуда кўп гуноҳ ва маъсиятлар мағфират қилинади, ҳасанотлар эса бир неча бор зиёдаси билан инсоннинг амаллар дафтарига – номаи аъмолига ёзилади. Шу билан бирга Рамазон ҳидоят ойи бўлиб, айнан шу ойда Қуръон нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ баёнотлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” (“Бақара” сураси, 185-оят).
Рамазон мағфират ойи бўлгани сабабли ушбу ойда кўпроқ саховат қилиш, ҳадялар бериш, меҳр-муруват кўрсатиш матлуб амаллардан ҳисобланади.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ушбу улуғ ой ҳақида хушхабар бериб, уларни айнан шу ойда кўпроқ намоз ўқишга, кундузларни рўза билан, кечаларни эса нафл ибодатлари билан ўтказишга, кўпроқ зикр, тасбиҳ ва Қуръон тиловати билан машғул бўлишга, фарз ва нафл садақалар қилишга ва шу каби солиҳ амалларга тарғиб қилардилар. Бу амаллар орқали мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришишлари ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлганида шайтон ва итоатсиз жинлар кишанбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирор эшик очилмайди ҳамда жаннат эшиклари очилиб, ундан бирор эшик ёпилмайди. Нидо қилувчи: “Эй, яхшилик истовчи, шошил, эй, ёмонлик хоҳловчи тўхта”, дея нидо қилади. Аллоҳнинг (айнан шу ойда)дўзахдан озод қилинадиган (банда) лари бўлиб, бу ҳар кеча (юз беради)” (Термизий ва ибн Можа ривояти).
Демак, ҳадисда айтилишича, Рамазон ойида шайтонлар занжирбанд қилинса, нега инсонлар гуноҳ ишлар қилишдан тийилмайдилар, деган савол туғилиши мумкин? Бу саволга уламоларнинг жавоби шундан иборатки, Рамазон ойида инсонларни кўпроқ васвасага соладиган ва уларга ўз ҳукмини ўтказа оладиган қайсар шайтонларгина занжирбанд қилинади. Заиф шайтонлар эса бандаларни йўлдан оздиришда давом этаверадилар. Уларнинг васваса таъсири камроқ бўлганлиги сабабли бошқа кунларга нисбатан Рамазон кунларида гуноҳлар камроқ содир бўлади.
Рамазон ойи яна шуниси билан улуғки, унда минг ойдан яхши бўлган муборак қадр кечаси бор. Дарҳақиқат, ушбу ойда ва қадр кечасида қилинган ибодатлар орқасидан ҳасанотлар бир неча бор кўпайтирилади.
Айнан Рамазон рўзасини чин ихлос билан тутиш ва Қадр кечасидан умидвор бўлиш ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Кимки қадр кечасида иймон ва (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф мазмунидан маълум бўладики, Аллоҳга иймон келтирган ва фарз қилинган рўза амалини зиммасига олган ва унинг ажру савобига шак-шубҳа қилмаган бандаларнинг гуноҳлари мағфират қилинади.
Инсон ушбу мукаррам, муборак ва мағфират ойига етсаю, бу ойнинг фазилатли кунларида тавба-тазарру қилмаса, бўйсуниш, қўрқув, тавба ва истиғфор билан Аллоҳга юзланмаса ва бу ойни тавбасиз гуноҳлари билан ўтказса, Аллоҳнинг мағфиратидан маҳрум бўлади. Бу ҳақда Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис бундай лоқайд инсонларни ҳушёрликка ундайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Кейинг иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омин», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омин» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейшди. У зот дедилар: «Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга соловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим».
Ҳадисда зикр қилинган «Бурни ерга ишқалсин», деган ибора арабларда «хор бўлсин, боши юзтубан эгилсин» деган маънода ишлатилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)