17:23 / 24.03.2023
154

Янгиланаётган конституцияда қийноқ ва зўравонликлар масаласи

Фото: KUN.UZ

Яқин вақтгача тергов қилинаётган ёки ҳибсдаги шахсларнинг турли қийноқларга солингани, уларга нисбатан ғайриинсоний ҳаракатлар содир этилгани ҳақидаги хабарлар қулоққа чалиниб турарди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун янги таҳрирдаги конституция қийноққа солишни чеклайдиган норма билан тўлдирилмоқда

2021 йилнинг октябрь ойи. Сурхондарёда ўғирликда гумон қилинган икки фуқаро жиноятни бўйнига олиши учун ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солинади. Улардан бири ўзига нисбатан электр токи қўлланилганини таъкидлаган.

“Қора пакетни олиб бошимга кийгизиб, бўғди, нафасим қайтди. Улардан тўғри муомала қилишларини сўрадим. Хоналарида камера йўқлигини айтдим. Шундан кейин биттаси “Сенга дўзахни кўрсатаман” деди. Қўрқдим. Матони кесиб, биттасини билагимга ўрашди, қолгани билан кўзим ва оёғимни боғлашди. Ўша ҳолатда полга ўтқазишиб, қулоғимга иккита кабелни улашди. Шериклари елка ва оёқларимдан босиб турди, бири қандайдир кнопкали аппарат орқали токни кўпайтириб-камайтирди. Қулоғимга уланган токнинг оғриғидан тилимни чайнаб ташладим. Ундаям бўлмай, қўл бармоқларимга улашди. Айтганларидай, дўзахни кўрсатдиям”, — дея ҳикоя қилиб берганди ўшанда қийноққа солинганини айтган Сирож Шерниёзов.

Хоразм вилояти Хазорасп тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходими Дилшод Машариповнинг бошидан ўтказганлари эса ундан ҳам даҳшатлироқ. У 2011 йилнинг 19 декабрь куни Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ишхонасидан жиноятчилардек ушлаб кетилган. Дилшод Машарипов сўроқ пайтида инсон зоти чидаши мушкул бўлган шафқатсиз усуллар билан қийноққа солинган.

У ўша қийноқларни шундай эслаган:

“Қоп-қоронғи тергов хонасига олиб киришди. Хонадаги иккита стул, битта стол ерга цемент билан қотириб ташланган. Ўрнидан қўзғатиб бўлмайди. Стол устига «Кириш бор, чиқиш йўқ. Бу кунингдан ўлганинг яхши!» деб ўйиб ёзиб қўйишган. Сўроқ бераётган шахс стулга ўтқазилгач, қўллари занжирланади, ерга қоқилган занжирлар қўлингизни маҳкам тортиб туради. Баҳодир деган тезкор ходим вакили ҳеч йўқ бе йўқ пешонамга мушт туширди. Айбим нима деб сўрагандим: «Айбинг бўлмаса, айб топамиз. Жиноятчи бўлмасанг, жиноятчига айлантирамиз», деди. Сўнгра маска кийган тўрт ходимга: “Буни ўзига келтиринглар”, деб буюрди. Улар мени деворга суяб, икки қўлимдан ушлаб туриб, дубинка билан ура бошлашди. Икки соатча азоб беришди. Ҳаттоки, икки қўлимни тепага боғлаб, моягимга сув солинган баклажка осиб қўйишди. Бу усулни кўп марта қўллашди, сўроқ қилинаётган шахс оғриқдан додласаям, то у ҳушдан кетмагунча олишмайди”.

Самарқанддаги воқеада эса маҳбуснинг учта қовурғаси сингани аниқланган. Ҳолат у тергов ҳибсхонасига келгунга қадар содир бўлгани айтилган. Аммо жабрланувчи Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили билан учрашувда ички ишлар ходимлари томонидан қўлланган қийноқлар оқибатида учта қовурғаси сингани, танасида бошқа жароҳат излари ҳам борлигини айтган.

Бу каби қийноқ, зўравонлик, камситиш, шахс дахлсизлигининг бузилиши Ўзбекистондаги узоқ йиллик муаммолардан бири.Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларидаги вазият фуқаролар ва халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади.

Ўзгараётган конституцияда ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу орқали шахсий дахлсизлик, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари сўзсиз таъминланиши белгилаб қўйилиши орқали мазкур муаммога барҳам бериш кўзда тутилган. Яъни шахс дахлсизлиги асосий ҳуқуқ ва қадрият сифатида конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар кўпинча эрки, ҳуқуқи чекланган шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан содир қилиниши мумкин.Бу конституцияда қийноқларга йўл қўйилмаслигининг аниқ ҳуқуқий асосларини белгилаб қўйишни тақозо этди.

Бугун суд-тергов тизими аввалгидай ёпиқ эмас. Очиқлик сиёсати, секин-аста бўлса-да, бу соҳанинг ҳам ислоҳ қилинишига олиб келяпти. Жазони ижро этиш муассасаларида 2800 дан ортиқ, жумладан, жазони ижро этиш колонияларида 1920 та, тергов ҳибсхоналарида 880 та видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Шунингдек, ИИВнинг барча тергов изоляторларида, тергов тадбирларини ўтказиш хоналарида 123 такамера ўрнатилган.

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгаришлар инсон қадрини таъминлашда, уларни ҳар қандай вазиятда, ҳатто тергов пайтида ҳам ҳимоя қилишга асос бўлади. Яъни бундан буён инсонни камситишга ҳеч қанақа вазият баҳона бўлолмайди. Ҳатто энг оғир жиноятда гумон қилинаётган одамни тергов қилишда ҳам қийноқ, зўравонлик ишлатиш, уларни камситиш тақиқланади.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият