date
views 362

Минг тангага сотиб олинган султон

Минг тангага сотиб олинган султон

Ҳижрий 689 йил зулқаъда ойининг (милодий 1290 йил 11 ноябрь) 7 кунида Мамлуклар давлати султонларидан бири Мансур Сайфуддин Қаловун вафот этди. Унинг даврида салтанат салбчиларга қарши кечган жангда катта ғалабага эришган. У ўзидан салтанат учун катта мерос қолдирган.

Султон Қаловун ансамбли дунё архитектурасининг энг ноёб намуналаридан бири ҳисобланади. Ансамбль шифохона, мадраса ва султон мақбарасидан иборат. Архив маълумотларига кўра, бу мажмуа 13 ой давомида, 1284-1285 йилларда қурилган.

Хўш, Султон Қаловуннинг ўзи ким эди?

Ал-Мансур Сайфуддин Қаловун ал-Алфий барча мамлуклар сингари асли мисрлик бўлмаган. У Черкесияда туғилган. Уни ўша ердан қул сифатида Қоҳирага олиб келишган.

Қаловун учун 1000 динор тўлаб, сотиб олишади, уни Алфий (минг) деб аташгани шундан. Махсус ҳарбий мактабни тугатгач, у озод этилади ва ҳарбий бошлиқ лавозимини эгаллайди. Кейинчалик Қаловун машҳур султон аз-Зоҳир Бейбарснинг ворисига айланади. 

Қаловун 1279 (ҳижрий 658) йили ўзини ҳукмдор деб эълон қилди. Барча амирлар ва бошқа давлат арбоблари унга байъат қилиб, “Ал-Малик Ал-Мансур” унвонини бердилар.

Деярли барча тарихчилар Султон Қаловуннинг энг яхши фазилатларига эга бўлганини ёзишган.

Қаловун довюраклиги   ва зукколиги билан ном қозонган, шахсий фазилатлари туфайли султон Бейбарс эътиборига тушган.  Бейбарс уни камтар, қон тўкишдан қочадиган ва бировга зарар келтирмайдиган инсон сифатида баҳолаган.

Қаловун халқ дардини яхши тушунадиган ҳукмдорлардан бўлган. у кўплаб солиқ ва тўловлар ҳамда оддий халқни қийнаб келаётган кўплаб тартиблар бекор қилади.

Аммо, буларнинг барчасига қарамай, Қаловун ҳатто буюк мамлук амирларига ҳам давлат ишларини бошқаришга рухсат бермади. Уларнинг баъзилари ўзларини Қаловундан кўра ҳукмдор бўлишга лойиқроқ деб билишган. Лекин у қаердадир куч билан, қаердадир сиёсий саъй-ҳаракатлар билан бу муаммоларни ҳал қилди ва салтанатнинг ягона ҳукмдори бўлиб қолди.

Қаловун арманлар ва Хулагуидларга қарши юришларда ғолиб бўлди. 1272 йилда Қаловун қўшини Айн-Жолутдаги мағлубиятдан сўнг Сурияда ўзини тикламоқчи бўлган мўғулларни тор-мор қилди.

Шунингдек, у салибчилардан бир нечта муҳим қалъаларни, жумладан Триполи шаҳрини қўлга киритди. Нубиядаги Қаловун армиясининг юришлари унга Мамлук султонлигига вассал қарамлигини тиклашга имкон берди.

Унинг ҳукмронлиги даврида Миср Ғарбий Европа ва Шарқнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Олтин Ўрда билан дипломатик ва савдо алоқаларини давом эттирган.

Аммо Қаловун барча режаларини амалга ошириши учун фурсат етмайди: 1290 йилда у вафот этади. Вафотидан сўнг тахтга келган ўғли Ал-Ашраф Салоҳиддин Халил бин Қаловун отасининг барча мақсадларини амалга оширади.

Султон қурдирган мажмуа, юқорида қайд этилганидек, шифохона, мадраса ва мақбарадан иборат. Шифохона вайрон бўлган ва фақатгина унинг қолдиқлари сақланиб қолган.  У мақбарадан жанубда жойлашган. Бу ерда икки ҳовуз ва фаввора жойлашган.

Султон мақбараси тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, мажмуанинг шимолида жойлашган. У катта гумбазли, мармар нақшлар билан безатилган. Шунингдек, пештоққа Қуръон оятлари битилган. Деворларга мозаикалар терилган ва унда куфий хатида Муҳаммад исми ёзилган.

Мақбарада Мисрдаги энг катта меҳроблардан бири жойлашган.  Мақбара устунлари Мисрнинг қадимги фиръавнларининг қабри жойлашган Асвондан махсус олиб келинган.

Бундан ташқари, мақбаранинг ёғоч гумбазлари ҳозирга қадар мутахассисларни ҳайратга солиб келмоқда.

Мажмуада жойлашган мадраса катта очиқ ҳовлили қилиб барпо этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Минг тангага сотиб олинган султон