Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси солиқ қарзларини ундиришни ташкил қилиш бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида қарздорларнинг мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбирларга 20 нафардан ортиқ ходимлар жалб этилган бўлиб, куни кеча мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундиришга қаратилган галдаги тадбир Қибрай туманидан рўйхатдан ўтган "Дўрмон автойўл ихтисослашган йўллардан фойдаланиш" УКда ташкил этилди.
Мазкур корхонанинг 2023 йил 15 август ҳолатига 2 652,7 млн. сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, солиқ қарзини узиш тўғрисида талабномалар юборилган. Талабномаларда солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажарилиши, акс ҳолда солиқ хизмати органлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан, 15 кундан сўнг хатлов ишларини амалга оширилиши назарда тутилган.
Шунга қарамасдан, жамият томонидан бугунги кунгача солиқ қарздорлиги сўндирилмаган. Натижада солиқ органи раҳбари томонидан чиқарилган хатлов қарори бўйича ташкилотга тегишли бўлган автотранспорт воситалари хатланиб жарима майдонларига жойлаштирилди.
Шунингдек, Оҳангарон туманидан рўйхатдан ўтган “Оҳангарон Шохрух Файз РСУ-3” МЧЖда ҳам хатлов тадбири бўлиб ўтди. Мазкур корхонанинг 2023 йил 15 август ҳолатига 556,8 млн. сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, Солиқ органлари томонидан корхонага солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатда бажарилишини таъминлаши юзасидан талабномалар юборилган бўлса ҳам мавжуд қарздорлик ўз вақтида қопланмаган.
Шу асосида хатлов қарори чиқарилиб, жамиятга тегишли бўлган оғир юк автотранспорти солиқ қарздорлиги ҳисобига хатланди.
Таъкидлаш керакки, Тошкент вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 227,6 миллиард сўм солиқ қарзига эга 500 та объектда хатлов тадбири ўтказилиб, 196 та ҳолатда 198,4 млрд. сўм маблағ ундирилди. Шу билан бирга, 482 та қарздорнинг 296,7 млрд. сўм солиқ қарздорлиги ҳисобига мол-мулклари, шундан 201 та бино ва иншоот, 80 та транспорт воситалари ва 201 та бошқа турдаги мулклар хатланди.
Аслида солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарздорлигининг ортиб боришига йўл қўймаслик, солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ахборот хизмати.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!