Жадидлар фақат ёзувчилик ёки матбаа билан шуғуланмаган. 100 йил олдин, керак бўлса, ёшларни Германияга ўқишга юборишган. Улар тузган Туркистон мухторияти илк демократик давлатлардан бўлган. Конституцияси ҳам жуда яхши ишлаб чиқилган. Kun.uzʼнинг ёзувчи Жавлон Жовлиев билан суҳбатида жадидлар фаолиятига умуман бошқача ракурсдан назар соламиз.
— Нима учун маънавият ва маърифатга бу қадар эътибор қаратиляпти ва айнан президентнинг шахсан ўзи томонидан?
— Биз энди англаб етяпмизки, мамлакатдаги тараққиётнинг асоси илм-маърифатда. Шу сабабли ҳукумат даражасида алоҳида эътибор бериляпти. Президентимизнинг ўзи алоҳида тўхталди бунга. Ривожланган давлатларнинг асосида илм-фан ривожи ётади. У ерларда тўғри йўлга қўйилган тизимлар, институтлар ўз ишини бажаради, бизга ҳам шулар керак. Ёшларга, зиёлиларга, умуман миллатга, келажакка ишонч руҳи керак. Бизда пессимистик қарашлар, кетиш истаклари кўп, кўп ёшлар шунчаки кетишни ўйлайди. Бу нарсани тўғри йўлга қўйилган таълим, маърифат билан тўлдириш мумкин, шу нарсани англаб етишяпти ҳам.
Президентимиз минг китоб таржимаси ҳақида гапирдилар, бу бўйича қарор ҳам чиққан эди. Ўзбекистон китоб таржимаси бўйича орқада қолиб кетяпти, бизда бутун дунё тан олган классик асарлар ҳам таржима қилинмаган, фақат маълум бир қисмигина бўлган.
Яна бир яхши лойиҳа «Мутолаа» иловаси яратилмоқда Ёшлар ишлари агентлиги ва Халқ банки кўмаги билан. Бу иловада китобларнинг электрон ва аудио вариантларини топиш мумкин бўлади. Бир пайтлар жадид бобомиз ҳам худди шундай мутолаахона очган эди, бу ҳам шунинг замонавий кўриниши.
Энди эскича қарашлар билан яшаб бўлмайди. Президентимиз ҳам кичкина болаларимиз нимани ўйлаётганини билишимиз керак, дедилар. Янги авлод нима ҳақида ўйлаётганини билиш керак. Ёшларимиз интернет тармоғида экан, биз ҳам шунга кириб боришимиз, замонавий шаклда яхши контентлар олишимиз, интернетни шулар билан тўлдиришимиз лозим.
— Жадидлар йўлидан юриш, уларнинг тутумларини тутишга чақириқлар бўляпти. Нега айнан жадид боболаримиз йўли танланяпти?
— Чунки бизнинг вазиятимиз ўша жадидларнинг вазиятидек. Яъни янги ҳаётни даъво қиляпмиз, Ўзбекистонни янгиламоқчимиз. Жадидлар шундай қилмоқчи эди. Улар фақат ёзувчилик ёки матбаа билан шуғулланмади, миллат-халқ учун нима қилиш керак бўлса, ҳаммаси учун ҳаракат қилишди ва охирида жон ҳам беришди.
Масалан, ҳозир бизда айрим соҳаларда кадрлар муаммоси бўляпти, 100 йил олдин ҳам шундай бўлганди, шунинг учун Германияга ўқишга юборишди ёшларни. Ҳозир ҳам шундай жараён. Мамлакатни янгилаш учун биринчи навбатда халқнинг тафаккурини, онгини ўстириш керак, бусиз иложи йўқ. Халқ қандай тараққий этишни билиши лозим.
Туркистон мухторияти илк демократик давлатлардан бўлган, уларнинг конституцияси ҳам жуда яхши ишлаб чиқилган, халқчил бўлган, на ирқчилик, на диний босимлар бўлмаган. Жадидлардан биринчи ўринда нимани олиш керак, дейилса, юракни олиш керак, дейман. Уларда ватан ишқида ёниш, ватанни севиш биринчи ўринда турган. Ҳеч қандай манфаатларсиз севишган. Мана шу туйғуларни халқимизга сингдиролсак, барча касб эгалари виждонан, бурч билан ишлайди, шунда мамлакатимиз янгиланади, албатта.
— Маънавий, маърифий томонлама рақобатга тайёрмизми?
— Тажовузларга, таъсирларга нисбатан тайёр эмасмиз деб ўйлайман. Бизда илгаридан бўлган нарсалар бор: омманинг гапига ишониш, қайси маълумот биринчи келса тарқатиш кабилар. Ахборот филтримиз шаклланмаган, оддийгина Telegram тармоғида ҳакерлар жўнатадиган вирусли ҳаволаларга ҳам кириб қўямиз. Бу-ку оддий нарса, маънавиятга, ўзликка таъсир қилувчи нарса эмас, лекин шунгаям алданиб қоляпмиз.
Тайёр бўлиш учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда давлат халққа маълумотларни ўз вақтида етказиши, ОАВ жуда фаол ва очиқ бўлиши керак. ОАВ, блогер, ёзувчи-шоирларни қанчалик бўғсак, улар тўлдириши керак бўлган бўшлиқ ўрнига бошқалар кириб келади. Журналистикага қачонки эркинлик берилса, шунда кучли журналистлар пайдо бўлади. Бўғиб қўйилган журналист ўсолмайди. Шунинг учун маънавий хуруж ва таҳдидларга тайёр эмасмиз деб биламан.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университетида ҳам дарс бераман. Талабаларимга доим мактабларда она тили ва адабиёт ўқитувчиси энг лидери бўлиши керак, унда кўпроқ миллатпарварлик бўлиши керак, дейман. Жамиятда жоҳилият кучайиб кетиши туйғулар тарбияланмаганидан, тингланмаганидан юзага келади, бу эса адабиёт, санъат орқали бўлади, туйғуларни тарбиялайди.
Она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг ҳам маоши оширилиши жуда яхши янгилик бўлди. Чунки она тили ва адабиёт ўқитувчиси мактабда бошқа тил ўқитувчисидан кам ойлик олиб, бундан афсусланмаслиги керак, жуда ёмон нарса бу. Ўзбек тили ва адабиёти асосан Ўзбекистонда ўрганилади, айнан бизга керак. Шунинг учун бунга эътибор катта бўлиши лозим, бизнинг зиммамизда бу.
— Ўзбек, ўзбекистонлик, Ўзбекистон каби тушунчаларни сақлаб қолиш учун нималарга эътибор беришимиз керак?
— Бу масала муҳим ва оғриқли. Чунки ўзбек деган тушунча чет элда ҳам, бошқа жойларда ҳам қанақадир эзилган халқ деган тушунча билан ўлчаниб қолди. Маълум вақт чет элдаги ўзбеклар аҳволи, Ўзбекистонга келиб кетиш муаммолари, қийинчиликлари шуни шакллантирди, ҳатто ўзбеклигини айтишдан уяладиганларни ҳам кўрдик. Лекин бу ўша одамларнинг айби ҳам эмас. Ўзбек халқи қачонки ўз қаддини тикласа, одамларимиз ўзбек деган номдан фахрлана бошлайди. Халқ — ўзбек яхши яшаши керак.
Ўзбекни ўзбекка севдириш учун ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб бериш керак. Бу муаммо бошқа Марказий Осиё давлатларида ҳам бор. Ижтимоий тармоқларда, интернетда ҳам ҳақиқий ўзбек кимлигини билдирувчи кичик-кичик материаллар бўлиши керак.
Бола саводини ўзбек тилида чиқарсин, ўзбекча ўқимас, ўзбекча ёзмас экан, у ҳеч қачон ўзлигини англамайди. Бизда эса ёш болани бирдан русча боғчага беради, рус мактабга беради, у бола на рус тилини, на ўзбек тилини билади. Ҳар бир ота-она ўзбек эканини англатиши керак боласига.
— Ҳозир ҳам жамиятда жадидларни динсизликда, кофирликда, ғарбга хизмат қилишликда айблашлар учраб турибди. Жадидлар ва қадимчиларни муросага келтириш йўли борми? Чунки бу нарса бизга панд бериши мумкин, бунга тарих гувоҳ.
— Ёзувчи сифатида одамларни, жамиятни кўп кузатаман, ўқитувчи сифатида талабаларни ҳам кузатаман. Талабалар гоҳида иккига бўлиниб қолади, бири тараққиётни рад этади, бири дунёга очилиш кераклигини айтади — худди 100 йил олдингидай. Бундан ташқари, соқол, кийим муаммолари бўлади. Қачон бу нарсалар инсоннинг шахсий иши, шахсий чегараси эканини англашади, деган савол қийнайди. Кўп нарсаларга мутаассиблик билан қараш бор. Натижада иккита қутб пайдо бўляпти: бири ғарб тараққиётига талпинади, бири мутаассиб. Биз бундай қарама-қарши бўлмаслигимиз керак. Тўғри, жамиятда фикрлар турли бўлади, лекин бу миллат манфаатларига зиён келтирмаслиги керак. Кимдир айтаётган фикрлар миллат болаларини чалғитиб, бошқа томонга бурмаслиги лозим. Биз иймон-эътиқодимизни ва ўзлигимизни сақлаган ҳолда дунёга чиқишимиз керак. Ўзлигимиздан ўссак, дунёга очилсак, янгиликларни қабул қилолсак, биз шунда тараққий этамиз.
100 йил олдин қадимчилар даъво қилган нарсалар жуда даҳшатли эди. Ўйлаб кўрайлик, дунёвий мактаблар очилмаганда, қай аҳволда бўлардик? Самарқандлик шоир, жадид Сиддиқ Азизий уйида дунёвий мактаб очгани учун қадимчилар унинг уйини шайтоннинг уйи деб эълон қилиб, болаларни юбормасликка буюради. Сиддиқ Азизийнинг онаси вафот этганда жанозасига одамлар бормайди, ўқувчилари билан ўзи кўмади. Мана шундан ҳам жадидларга қанчалик қийин бўлганини билиш мумкин. Бугун ҳам ижтимоий тармоқларда одамларни бемалол динсизга, худосизга чиқариб қўйишади. Ўша ҳукм қилувчиларнинг ўзининг иймонида муаммо бор деб ўйлайман. Иймонимизни йўқотсак ҳам, дунёга очилмай қолиб кетсак ҳам, биз хароб бўламиз.
Тарих бизга катта устоз. Нима хато қилганимизни, нимани тўғри қилганимизни кўрсатиб туради. Тарихда мудҳиш хатолар қилдик. Ватанини, миллатини севган инсонлар шу хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Хонликлар даврида дунёга ёпилиб, оқибатда нима бўлди? Охирда қулликдан чиқиб, баттарроқ қулликка тушдик. Бу бор ҳақиқат. Бугун таълим, ижтимоий ҳаёт ўзгармаса, эртага келажагимиз жуда хавотирли бўлади. Шунинг учун ҳам бу масала давлат даражасида кўтариляпти.
Мустақилликнинг бошидан таълимни яхши ушлашимиз керак эди. Кучли кадрлар ва мутахассисларни шакллантиришимиз ва қадрлашимиз лозим эди. Аввал иқтисод, кейин сиёсат, деган тамойил ҳам ўзини у қадар оқламади.
— Жадидларимиз эътибор берган нарсаларга биз бугун ҳам эътибор беряпмиз, яъни туркий давлатлар билан яқинлик, дунё илм-фан янгиликларини олиш, ривожланишни ўзлигимиз атрофига қуриш кабилар. Шу борада ҳам фикрларингиз?
— Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, туркий давлатлар билан яқинлашиш бошланди. Бусиз илож йўқ эди, чунки атрофимизда гигант давлатлар турибди, уларга тенглашиш учун туркий давлатлар бирлашиши керак эди. Туркистонни айро тасаввур қилиш фақат душманларга хос. Остонада бўлганимда ҳам улар президентимиз туркий дунё бирлиги учун ҳаракат қилаётганини алоҳида таъкидлашди.
Бирлашиш маданий иплар билан боғланиши керак, шу томон бироз оқсаяпти. Масалан, бизда қозоқ, қирғиз адабиётидан таржималар кам, филмлари тарғиботи кам. Сиёсий бирлашувдан ҳам кўра маданий бирлашув жуда қалин бўлади. Сиёсий бирлашув маълум бир сиёсий тузум ўзгариши билан узилиб қолиши мумкин, лекин маданий бирлашув жуда катта куч. Марказий Осиёни бирлаштириш учун унинг маданиятини бирлаштириш лозим.
100 жилдлик туркий адабиёт дурдоналари чоп этилди яқинда, жуда катта лойиҳа бу, Туркияда ҳам бўлгани йўқ бу иш. Мана шундай маданият боғланаверса, бирлик мустаҳкамланаверади.
Алифбо бирлиги масаласи кўтариляпти, бу ҳам муҳим. Бир вақтлар руслар атайлаб алифболаримизни турлича қилиб ташлаган, тушуниш қийин. Қозоғистонда ҳам нега қозоқ драматурглари асарларини саҳналаштирмайсизлар, деган савол беришди, худди шундай, улар ҳам бизнинг асарларни саҳналаштиришмаган. Қўшни мамлакатлар адабиётига унчалик эътибор бермаганмиз.
Оилам билан ёки талабаларим билан музейларга борганимда, у ерда кўпроқ чет элликлар ёки русийзабон юртдошларимиз бўлади. Нега биз болаларимизни олиб бормаймиз, ўзи болаларга текин бўлса? Катта-катта музейларимиз бор, қимматли экспонатлар бор. Бу нарсалар болаларнинг тасаввурини ўзгартиради. Одамлар болам телефонга ўрганиб қолди, деб нолийди, лекин шундан қутулиш учун нима қиляпти, театрга, музейга олиб бориш керак-ку. Шаҳарда яшовчи ота-оналарга тегишли бу гап, қишлоқда-ку буларнинг иложи йўқ, бошқа йўлларни қилиш керак.
Совет пропагандаси зўр ишлаган, ҳар бир қишлоқда кутубхона, клублар бўлган. Биз ҳам мана шундай маданият масканларини қайтаришимиз керак. Совет даврида қурилган бўлса ҳам, халқимиз пулига қурилганди шулар, биз эса бузиб ташладик. Маданий марказ, кутубхоналар ҳар бир қишлоқда бўлиши керак.
— Театр борасида ҳам гап кетди, ҳар ойда бир марта ташкилотларда театр куни бўлиши айтилди. Театр ҳақида ҳам икки оғиз?
— Жуда бир оғриқли нуқта эди театр. Театрда ишловчиларнинг ойлиги ҳам жуда кам, арзимаган маошга ишлаб юрганлар кўп эди. Маданият уйларидаги маош ҳам шундай эди. Яқинда ижтимоий тармоқларда санъаткорларга уй олиш бўйича субсидияни муҳокама қилишди, санъаткор деганда хонандаларни тушунишади, лекин театрларда парда ортида меҳнат қиладиганлар ҳам санъат вакили, улар арзимаган ойликка ишлайди. Кутубхоначилар ҳам худди шундай жуда кам ойлик олар эди, ўзим ҳам ишлаб кўрганман.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг