date

Эрдўған: Уруш баронлари можароларни авжига чиқаришда давом этмоқда

Эрдўған: Уруш баронлари можароларни авжига чиқаришда давом этмоқда

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Босфор дипломатик форумида сўзга чиқиб, глобал сиёсий жараёнлар ҳақида қатъий баёнот берди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, айрим кучлар Россия ва Украина ўртасидаги можарони авжига чиқаришда манфаатдор бўлган, Туркия эса бундай пайтда ҳам тинчлик учун ҳаракат қилган.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия ҳеч қачон бегоналашиш йўлини танламаган. – «Кўплаб давлатлар суриялик қочқинлардан юз ўгирганида, биз уларга юз бурдик. Россия ва Украина можаросида ҳам шундай йўл тутдик. Урушдан фойда кўрадиган баронлар оташга мой сепаётганда, биз адолатли тинчлик йўлида меҳнат қилдик. Ҳозир ҳам бу йўлни Фаластинда, Ғазо минтақасида давом эттиряпмиз», – деди Туркия етакчиси.

Шу билан бирга, у «ўйинчилар» ёки «уруш баронлари» деганида аниқ қайси давлатлар ёки тузилмаларни назарда тутганини очиқламади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ёзида Эрдўған Ғарбдаги айрим сиёсий доиралар ҳаракатлари Учинчи жаҳон уруши хавфини кучайтираётганини айтганди. Ўшанда у қурол савдосидан катта даромад топишни истайдиганлар борлигини, улар учун энг асосий бозор айнан Ғарб эканини таъкидлаган.

2025 йилнинг 23 сентябрида Туркия раҳбари яна бир бор Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини «катта иштиёқ билан қўллаб-қувватлашини» қайд этди.

– «Биз “урушда ғолиб йўқ, адолатли дунёда мағлуб йўқ” шиорига амал қиламиз. Шундай экан, келгусида ҳам отишмаларни тўхтатиш ва тинчликка эришиш учун бор кучимизни сафарбар этамиз», – дея таъкидлади Эрдўған.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған: Уруш баронлари можароларни авжига чиқаришда давом этмоқда