Англия Премьер-лигасининг олтинчи тури доирасида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Бёрнли”ни қабул қилди ва мухлислар кутганидек йирик ҳисобда зафар қучди. Пеп Гвардиола шогирдлари рақибни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, муҳим уч очкога эга бўлишди.
Беллашувнинг дастлабки қисмидаёқ манкунианликлар ташаббусни қўлга олди. Аммо ғалабанинг калити кутилмаган манбадан келди – меҳмонлар ҳимоячиси Эстеве. Франциялик футболчи ҳужумларни қайтаришда икки марта хатога йўл қўйиб, тўпни ўз дарвозасига йўллади ва “шаҳарликлар”нинг йирик ҳисобига “ёрдамчи”га айланди.
“Сити”нинг яна бир голига Матеуш Нуньеш муаллифлик қилди. Шоунинг асосий қаҳрамони эса Эрлинг Холанд бўлди. Норвегиялик ҳужумчи учрашувнинг сўнгги қисмида дубль қайд этиб, лига тўпурарлари пойгасида саккизта гол билан пешқадамликка чиқди.
Ушбу баҳс Холанд учун тарихий аҳамият касб этди. Чунки 25 ёшли ҳужумчи АПЛдаги умумий голлари сонини 93 тага етказди. Бундай натижага эришиш учун унга атиги 103 та учрашув кифоя қилди.
Шу тариқа, Холанд совуқ иқлимли Норвегиядан чиққан футболчилар орасида Англия чемпионатида энг кўп тўп урган ўйинчига айланди. Аввалги рекорд “Манчестер Юнайтед” афсонаси Уле Гуннар Сульшерга тегишли бўлиб, у 235 та баҳсда 91 та гол киритганди.
Манчестерликлар мухлислари учун бу ғалаба нафақат очколар, балки Холанднинг янги рекорди туфайли ҳам эсда қоларли кечди. Эндиликда жамоа навбатдаги турларда ҳам шунга ўхшаш самарадор ўйинларни давом эттириши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!