15:48 / 02.05.2024
501

“От айланиб қозиғини топади” дейишарди, мен “қозиғимни” тополмадим (Ҳаётий ҳикоя)

“От айланиб қозиғини топади” дейишарди, мен “қозиғимни” тополмадим (Ҳаётий ҳикоя)
“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида бераётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони хорижий давлатларнинг бирида ёлғиз қолиб кетган киши. У бир пайтлар савдо ишлари билан Украинага борган ва ўша ерда қолиб кетган.

Қаҳрамонимиз мактубида Ўзбекистонда ўзини ҳеч ким кутмаётганини, шу сабабли ватанга қайтиш истаги йўқлигини ёзибди.

“Совет даври эди, бошқа йигитлар каби ҳарбий хизматни ўтаб келганимдан сўнг ота-онам мени уйлантириб қўйишди. 1980-йиллар эди шекилли, ҳамқишлоқлар билан бирга Украинага сотиш учун қуруқ мевалар олиб бордим. Биринчи гал фойда яхши бўлди. Маҳсулотлар яхши нархларда сотилди.

Баҳор келиб, ишлар бошлангунча Киевга бир неча марта бориб келдим. Кейингиларида қўни-қўшнилардан, бозордан олинган қуруқ меваларни сотиб келдим, фойдаси яхши бўлди.

Шундан сўнг ҳар йил баҳордан кузгача колхознинг ишларида банд бўлардим. Куздан баҳоргача Украинага қатнардим. Бу орада ота-онам мени уйлантириб қўйишди. Бир йил ўтиб қизли бўлдим.

1985 йилда Горбачёв СССР раҳбари бўлгандан сўнг савдо-сотиққа унча индашмайдиган бўлди. Унгача эса милициянинг ОБХСС деган бўлими қонимизни ичарди.

Эркинлик теккач қуруқ меваларни юк машиналарда тонналаб олиб бора бошладик. Энди қишки мавсум демай Украинага ёзда ҳам борадиган бўлдик.

Савдони энди бошлаган пайтимизда қуруқ меваларни фақат Киевдаги бозорда ўтириб сотардик. Юк машиналарда олиб бориб турли корхоналарга топшира бошладик.

Корхоналар биздан қуруқ меваларни тонналаб оларди ва турли байрамларда ишчиларига 1-2 килодан тарқатарди.

Ана шундай кунларнинг бирида Киев четида жойлашган бир корхонага бордим. Раҳбари билан гаплашиб, бир неча тонна қуруқ мевалар олишга кўндирдим.

Эртаси куни қуруқ меваларни олиб бориб корхона омборхонасига тушириб бердим. Раҳбар бухгалтерияга учраб, пулларимни олишим мумкинлигини айтди.

Корхона бош бухгалтери мендан ёши 8-10 ёшлар катта, кўҳликкина аёл экан. Пулимни тезроқ ундириш учун унга гул ва шоколад, яна Ўзбекистондан олиб борган қовунни совға қилдим. Бечора қовунни кўриб азбарои хурсандлигидан гулни ҳам, шоколадни ҳам унутди.

Украинлар Ўзбекистон қовунини жуда яхши кўришади. Биз азалдан қуруқ мева билан шуғулланганимиз боис у ёққа қовун олиб бормасдик. Кейин қовунни узоқ йўлга оддий юк машиналарида олиб бориб бўлмас, ачиб кетарди.

“Совтрансавто” транспорт корхонасига тегишли музлаткич ўрнатилган юк машиналари эса давлатга тегишли юкларни ташишдан бўшамасди.

Ана шундай вазиятда Украинага самолёт билан олиб борилган қовуннинг нархи тиллоларга тенг бўларди ва битта қовун совға қилиб исталган юмушни тез бажариб олса бўларди.

Аёл хурсанд бўлганидан мени кўп куттирмади ва пулларимни берди. Шундан сўнг ўша корхонага бир неча марта қуруқ мева топширдим. Ҳар гал корхона раҳбари ва аёлга қовун кўтариб борардим.

Шу орада бир кун аёл “Кечки пайт бўшмисан, бирга овқатланишга борардик”, деб қолди. Дарҳол розилик билдирдим. Кечки пайт овқатланиб ўтирар эканмиз, аёл биринчи турмуши ўхшамаганини, эридан ажрашгач боши очиқ юрганини айтиб қолди.

Ўша куни у билан дўстона хайрлашдик. Шундан сўнг Киевга борганимда аёл ишлаётган корхонага қуруқ мева топширмасам ҳам ундан хабар оладиган бўлдим. Кейинроқ у билан бирга яшай бошладим.

Тан оламан, ўша пайтларда менда эътиқод масаласи ҳаминқадар, аёл билан никоҳланиб яшаш керак деган тушунча бўлмаган. Шу тариқа хотинимдан кўнглим совиб, аёлга боғланиб қолдим. Ўзбекистонга қайтсам узоқ турмай тезда Украинага ошиқадиган бўлдим.

СССР парчаланиши арафасида аёл менга бир таклиф билдирди:

“Миша (исмим Маҳмуд бўлгани учун у шундай деб чақирарди) сенинг умринг йўлда ўтиб кетяпти. Хотинимда кўнглим йўқ деяпсан. Ажрашиб кел, Киевдаги бозордан сенга “точка” олиб бераман, шу ерда савдо қиласан. Бирга яшайверамиз”.

Кўп ўтмай уйга қайтдим ва хотинимнинг жавобини бериб юбордим. Бу ишимга ота-онам қарши бўлишди. Бироқ уларнинг гапига кирмадим. Киевга қайтгач Лена (Еленани шундай чақирардим) гапида турди ва шаҳардаги марказий бозордан жой олиб берди.

Кўп ўтмай Лена ҳомиладор бўлди ва ўғил туғиб берди. Бироқ ўғлим сап-сариқ, кўзлари кўк бўлиб, менга умуман ўхшамасди. Фарзандли бўлганимиздан сўнг Лена инжиқлик қила бошлади. Шунингдек, менга буйруқ бериб, айтганини қилдирарди.

Ёшим 35 га тўлганда Лена 45 ёшга яқинлашиб қолганди. Ана шу пайтларда мен хотинимдан (кейинроқ дўстлар маслаҳати билан Ленани никоҳлаб олгандим) совиб кетдим ва кўчада дуч келган аёл билан дон олишиб юра бошладим.

Лена мени ҳеч ким билан ушлаб олмаган бўлса ҳам шубҳаланарди. Шу мавзуда тез-тез жанжаллаша бошладик. Бир куни бозордан уйга қайтсам нарсаларимни чемоданга солиб қўйибди. Эшикдан киришим билан “Оёқ кийимингни ечиб ўтирма ва нарсаларингни олиб даф бўл. Бозордаги “точка”га ҳам бориб ўтирма. Бола ҳақида эса унут. У сенинг ўғлинг эмас”, деди.

Мен ҳеч нарсасиз қолгандим. На пулим, на уй жойим ва на оилам йўқ эди. Қишлоққа қайтай десам хотиним бу пайтда бошқага тегиб кетган, қизим бошқа бировни ота деб улғаётганди.

Шу ҳолда Украинанинг бошқа бир шаҳрига бордим ва бозордан жой олдим. Сўнг нарсаларни насияга олиб савдо қила бошладим. Алоҳида яшай бошлаганимдан сўнг бирмунча ўзимни ўнглаб олдим. Бироқ шунда ҳам бошпанам йўқ, ижарада яшаб юрардим.

Шу аҳволда 10 йилча яшадим. Бозоримизда ҳар ҳафта бир кун тозалик куни бўлар, шундан фойдаланиб ўғлимни кўриш учун Киевга келиб кетардим.

Ёшим 45 га етганда танишлар бундай юрмаслигимни, Ўзбекистонга қайтиб ўзимизнинг ўзбек аёлларидан бирини топиб уйланишни маслаҳат беришди.

“Уйланганингиздан сўнг хотинингизни шу ерга олиб келинг. Барибир ёлғиз яшаяпсиз. Хотинингиз ёнингизда бўлса суянчиқ бўлади. Доим овқатингиз тайёр, кийимларингиз тоза, сал одамга ўхшаб яшайсиз”, дейишди.

Бу маслаҳат ўзимга ҳам жўяли туюлди. Ўзбекистонга, қишлоғимга қайтдим. Турмушидан ажрашган, ёши 30 га ҳам етмаган бир жувонни топишди. Орамиздаги фарқ қарийб 20 ёш эди. Унга уйландим ва Украинага олиб кетдим.

Аввалига ҳаммаси яхши эди. Дўстларим маслаҳат бергандай ҳар доим иссиқ овқатим тайёр, кийимларим тоза, ёлғизликдан қутулдим. Кўп ўтмай ўғил фарзандли бўлдик. Бироқ бундай ҳаёт ҳам кўпга чўзилмади.

Хотиним бозорга, олдимга тез-тез келиб турарди. Фарзандимиз туғилгунча савдода ҳам ёрдам берарди. Болали бўлганимиздан кейин уйда қоладиган бўлди. Гоҳида болани айлантиргани олиб чиққанда олдимга келиб турарди.

Ўша пайтларда мен эрталаб уйдан чиқиб кетардим ва куни билан бозорда бўлиб, кечроқ қайтардим. Бундай пайтларда хотиним ёлғиз уйда нима қилади деган савол ҳеч қачон хаёлимга келмасди.

Бироқ сўнгги пайтларда у менга эътиборсиз бўлиб қолди. Унча рўйихушлик бермай қўйди. Шунда ҳам ҳеч нарсадан шубҳаланмадим. Кунларнинг бирида ёнимда савдо қиладиган ҳамюртим “Маҳмуд ака, янга олдингизга келмай қўйдилар, соғликлари яхшими?” деб сўраганда бирданига кўнглимга шубҳа оралади.

Ўзимни гарангликка солиб “ҳа, яхши юрибди” деб жавоб бердим. У эса тиржайиб қўйди. Шундан сўнг хотинимни пойлаш керак деган қарорга келдим.

Эртаси куни эрталаб “Бугун фалон шаҳарга юк олиб келишга бораман, улгуриб қайта олмасам керак, эртага кўришамиз. Ўзингни эҳтиёт қил”, дедим ва уйдан чиқдим.

Сўнг машинамни панароқ жойга қўйиб биз яшайдиган кўп қаватли уйнинг кириш йўлагини кузата бошладим. Кўп ўтмай хотиним чиқди ва ўша атрофдаги магазиндан нималардир олиб қайтди. “Уйда ҳамма нарса бор эди, нимага чиққан бўлса экан?” деб ўйлай бошладим.

Машинанинг ичида соатлаб ўтириш азоб, лекин сабр қилишим керак эди. Тушдан сўнг йўлак олдида ёнимда савдо қиладиган бошқа бир йигитнинг машинаси кўринди. У машинадан тушиб йўлакка кириб кетди.

Ўша пайтда орқасидан кирайми ёки кутайми деб ўйлай бошладим ва кутиш керак деган қарорга келдим. Чунки уларнинг олдига ҳозир кирсам аниқ ниманидир баҳона қилади ва сувдан қуруқ чиқиб кетади.

Йигит уйимга кирганига ярим соатча бўлганида мен ҳам юқорига кўтарила бошладим. Ҳар эҳтимолга қарши ижара уйнинг захира калитини ёнимда олиб юрардим.

Секин эшикни очиб ичкарига кирдим. Қарасам ётоқхонада томоша бўляпти, тўғри бостириб бордим. Шу пайтда бир-бирига чирмашиб ётган хотиним ва йигит бақа бўлиб қолишди.

“Иккаланг ҳам йўқол” деб бақирганим эсимда. Улар қандай чиқиб кетди билмайман. Хаёлим ўзимга келганда ўғлим эсимга тушди. Бироқ хотиним уни олиб чиқиб кетган эди.

Шундан сўнг воқеалар ривожи тезлашиб кетди. Болани олиш учун хотинимни судга бердим. Суд мажлисида у бола мендан эмаслигини айтди. Бироқ суд қарори билан ўтказилган ДНК текширувларида бола мендан экани тасдиқланди. Бироқ ўғлимни барибир қайтариб ололмадим.

Шу воқеаларга ҳам 15 йилдан ошди. Ҳозир бозордаги жойимни арендага бериб қўйибман. Бир пайтлар Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмай, Украина фуқаролигини ҳам олгандим. Шу сабабли менга нафақа тўлашади.

Пул масаласида муаммо йўқ, мени қийнаётган ҳолат ёлғиз қолиб кетганим. Ўзбекистонда қолиб кетган қизим турмушга чиққан, ҳозир фарзандлари бор. У бошқани ота деб улғайди. Украинадаги ўғлим ҳам 16 ёшга кирди, у ҳам мени умуман танимайди.

Биласизми мендан ким хабар олади? Дима, ҳа, ўша “мендан бўлмаган болам” Дмитрий. Онаси билан ажрашганимиздан сўнг у ўқиб яхши мутахассис бўлди. Ҳозир қаердадир ишлайди. Гоҳ-гоҳида ўша мендан хабар олиб турибди.

Ўзбекистонга қайта олмайман. Ота-онам ўтиб кетган, мени у ёқда ҳеч ким кутмаяпти. Укаларим ҳам ҳам ўзининг ташвишлари билан банд.

Бу дунёда ҳеч бир иш жавобсиз олмайди. Бир пайтлар биринчи хотиним билан ажрашиб, қизимни тирик етим қилиб ташлаб кетгандим. Ўзбекистондан уйланган иккинчи хотиним мени ташлаб кетди. Назаримда биринчи хотинимга етказган озорларимга тақдир шу тарзда жавоб қайтарди.

Ҳозир ҳувуллаган квартирада бир ўзим яшайман. Соғлигимда муаммо йўқ, бироқ иссиқ жон, билиб бўлмайди. Бехосдан ўлиб қолишдан қўрқаман. Хавотирим шундан.

Гуноҳларим кўп, уларга жавоб беришим ҳам оғир бўлади. Мен ундан эмас, бу ёқларда қўни-қўшни танимайди, ўлиб қолсам мурдам квартирада қолиб чириб кетишидан қўрқаман”.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “От айланиб қозиғини топади” дейишарди, мен “қозиғимни” тополмадим (Ҳаётий ҳикоя)