Кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширмаган қарздорнинг уй-жойи давлат қонунчилиги талабларига кўра аукцион савдосига қўйилди. Бу ҳақда Ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қарздор шахсга ўз мажбуриятларини бажариши ҳақида бир неча бор огоҳлантириш берилган бўлса-да, у белгиланган муддатларда қарзини узмаган. Бюро ходимлари қарздорни расмий равишда огоҳлантириб, кредитни тўлаш зарурлигини тушунтиришган, аммо огоҳлантиришлар ҳам самара бермаган.
Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди 2025 йил 21 январь куни чиқарган қарорга асосан, ЯТТ М.А.дан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ фойдасига жами 148,4 миллион сўм қарз ундириш белгиланган. Суд ҳужжатида қарздор белгиланган муддатларда қарзни тўламаса, унинг турар-жойига ундирув қаратилиши қайд этилган.
Шундан сўнг Ижро бюроси ходимлари қарздорга яна бир бор расмий огоҳлантириш берган. Аммо жавобгар ўз мажбуриятларини яна рад этиб, тўловларни амалга оширмаган.
Натижада қонунчилик талабларига мувофиқ, қарздорга тегишли бўлган Андижон вилояти Балиқчи тумани Кўл маҳалласидаги турар-жой хатланди ва тортиб олинди. Бу уй давлат платформаси орқали электрон савдоларга қўйилди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу хонадоннинг бошланғич қиймати 175 миллион сўм этиб белгиланди. Онлайн-аукцион орқали савдоларда исталган фуқаро белгиланган тартиб асосида иштирок этиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!