date

Қамчиқ довонида автоҳалокат: қурбонлар ва йирик тирбандлик юзага келди

Қамчиқ довонида автоҳалокат: қурбонлар ва йирик тирбандлик юзага келди

Қамчиқ довони орқали Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига кириш қисмида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган лавҳаларда кўринишича, автоҳалокатда нефт ортилган махсус юк машинаси, цемент ташиган яна бир юк машинаси ҳамда бир нечта енгил автомобиллар иштирок этган. Йўлнинг муайян қисмида транспорт воситалари ёнгани ҳам акс этган.

Видеолардан бирида юк машинаси кабинасида қолиб кетган одамнинг қутулиб чиққанини кўриш мумкин. Бироқ кўп ўтмай ушбу юк машинаси тўлиқ ёниб кетгани маълум бўлди.

Яна бир тасвирда эса ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар борлиги айтилган. Ҳозирга қадар қурбонлар аниқ сони ошкор этилмаган бўлса-да, расмий маълумотларга кўра, воқеа оқибатида инсонлар ҳаётидан айрилгани тасдиқланди.

Тошкент вилояти ИИББ баёнотида айтилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши очилган. Бу эса икки ёки ундан ортиқ шахс ҳалок бўлганини англатади. Тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳодиса сабабли йўл ҳаракати бутунлай тўхтаб қолди ва икки йўналишда ҳам йирик тирбандлик юзага келди.

«Қамчиқавтойўл» телеграм-каналида тарқатилган маълумотга кўра, «Тошкент-Оҳангарон-Ангрен-Қўқон-Шаҳрихон-Андижон» автомобил йўлининг 93–94 километри оралиғида «Тошкент-Водий» ва «Водий-Тошкент» йўналишларида ҳаракатда узилишлар кузатилмоқда.

Таъкидланишича, тегишли ташкилотлар ҳозирда йўл ҳаракатини тиклаш ва оқибатларни бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.

Шу тариқа, Қамчиқ довонида содир бўлган йирик автоҳалокат нафақат қурбонлар билан, балки кўплаб йўловчилар учун йўлда қийинчиликлар юзага келтирди. Тергов натижалари эса ҳодиса сабабларини ойдинлаштириши кутиляпти.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қамчиқ довонида автоҳалокат: қурбонлар ва йирик тирбандлик юзага келди