Тошкент шаҳрида жойлашган “Premier Motors Auto” МЧЖ фаолияти билан боғлиқ жиноят иши юзасидан янги маълумотлар очиқланди. Маълум бўлишича, компанияда менежер лавозимида ишлаб келган 32 ёшли Д.И. кўплаб ҳолатларда фуқароларнинг ишончини қозониб, уларни алдаш орқали жуда катта маблағларни ўзлаштиргани айтилаётир.
Kun.uz таҳририяти кўриб чиққан айблов хулосасига кўра, Д.И. МЧЖ таъсисчиларидан бири Ш.Р. ва айрим ишчилар билан бир гуруҳга бирлашиб, 20 га яқин ҳолатда одамларни “машина олиб берамиз ёки сотиб оламиз” деган ваъдалар билан ишонтирган. Бироқ тўланган маблағлар шахсий эҳтиёжларга йўналтирилган.
Масалан, Сергели туманидаги “Premier Motors Auto” автосалонида фуқаро В.А.нинг ишончига кирган Д.И. унга Cobalt автомашинасини 10 200 долларга сотиб олишини, пулини эса қисқа муддатда қайтараман деб ваъда қилган. Аммо у автомобилни бошқа шахсга сотиб, маблағни шахсий манфаатларига сарфлаган.
Шу каби ҳолатлар бир неча фуқаролар билан ҳам содир этилган. Жумладан, А.Б.нинг Malibu (375 млн сўм), И.М.нинг Lixiang L9 (72 500 доллар), А.М.нинг BMW I3 (47 минг доллар), У.Х.нинг Cobalt (13 минг доллар), И.Ю.нинг Gentra (12 минг доллар) каби қатор машиналари сотиб олингандай қилиб, кейин бошқаларга пул учун ўтказилган.
Бундан ташқари, Д.И. ўзини МЧЖ раҳбари деб таништириб, фуқаро С.М.га Equinox олиб беришни ваъда қилган ва 44 млн сўм олган. Ундан ташқари турли фуқаролардан Onix, Malibu, Traverse ва Lixiang L9 каби автомобиллар учун жуда катта маблағлар йиғиб олган. Бироқ барча ваъдалар бажарилмаган, пули эса шахсий эҳтиёжларга сарфланган.
Айрим ҳолатларда ҳатто ҳужжатлар қалбакилантирилгани аниқланган. Судга оид экспертизалар шартномадаги имзолар МЧЖ раҳбарига тегишли эмас, балки Д.И. томонидан қўйилганини кўрсатган.
Натижада, Д.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатларни тайёрлаш ва қалбакилаштириш), шунингдек 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича оғир айбловлар қўйилди.
Айни пайтда иш “Premier Motors Auto” таъсисчиси Ш.Р. ва компания ходимлари бўйича алоҳида иш юритувига ажратилган. Тергов жараёнлари давом этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!