16:02 / 29.05.2024
724

Мансабда пулга «чўмилиб», қамоқда «мактаб кўрган» ўқитувчи ҳикояси

Мансабда пулга «чўмилиб», қамоқда «мактаб кўрган» ўқитувчи ҳикояси
2016 йилда Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани суди томонидан кўрилган ишда ғиждувонлик мактаб директорига нисбатан уч йил муддатга қамоқ жазоси тайинланган. Асли касби ўқитувчи бўлган М.С. жазо муддатини ўтаб бўлгач, бир неча йил муҳожирликда яшаган. «Xabar.uz» М.С.нинг ҳикоясини тинглади.

Ҳар гал отам айтиб берган ривоятни эслаганимда, «ўқитувчи»дек улуғ мақомни «маҳбус» деган пўстин билан алмаштириб қўйганимни ўйлаб, ич-ичимдан эзиламан. Отам сўзлаб беришича, Ҳазрат Алишер Навоий бир қабристон олдидан ўтиб кетаётганларида отдан тушиб пиёда кетадилар. Уларнинг бу ҳолатини кузатиб турган навкару аъёнлар ҳам унинг измига бўйсунадилар. Яна йўлларида давом этар чоғлари бу ҳолатнинг сабабини сўраганларида Ҳазрат: «Бу ерда менга таълим берган устозлар ётишибди. Уларнинг қабри олдидан ҳам от устида ўтиш ўта кетган ҳурматсизлик бўларди», — деган экан. Кўряпсизми, Навоийдек улуғ даҳо шунчалик ҳурмат билан тилга олаётган ўқитувчилар қанчалик марҳаматга муносиб.
Бугун афсуски ўқитувчилар орасида ҳам арзимас чақалар учун ўз виждонини сотиб, оила тебратаётган, бойлик тўплашга муккасидан кетган, мансаб талашишдан тоймайдиганлар йўқ эмас... Шулардан бири менман. Ўткинчи дунё бойликлари кимга вафо қилибдики, барча нарсани тушуниб-билиб турган менга вафо қилган бўлса...

Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчиликдир. Менга Аллоҳ шу шарафни насиб қилган эди. Физика фани ўқитувчиси эдим. Ўқувчиларга берган илмларим, ташаббускорликларим юқоридагиларга маъқул келдими, 2012 йилда мени Ғиждувон туманидаги мактаблардан бирига директор лавозимига тайинлашди. Ўшанда атрофдаги таниш-билишлар мени лавозим билан қутлашганда, биргина отам: «Яхшилик бўлсин-да, илоҳим, мансаб йўлдан оздирмасин ҳеч кимни, шу қаторда сени ҳам. Кибрли бўлма, нафсингга эрк берма!» — деди. Мен эса шу топда отамга: «Хурсанд бўлиш ўрнига, менга мансаб беришганини кўра олмаяпсиз, ундан кўра, дуо қилинг, мартабам янаям ошсин. Бир умр далада тимирскиладингиз, нима топдингиз? Худди алам қилгандек гапирасиз-а, ота!» — дея жазавам тутиб, бақира кетдим. «Ҳай-ҳай-ҳай, ўқитувчисан-а, дарров олов бўлиб ёнасан. Бундоқ катта гапирганда, жим тур, насиҳатини ол. Отанг сенга тўғри бўл, деяпти, холос», — дея тинчлантирган бўлди онам. Директорликка тайинланганимнинг илк тонгида отам ва онамнинг маслаҳатига қўл силтаб, ишга шошиб чиқиб кетдим...
Билмадим, ўшанда отамнинг кўнглини қаттиқ ўкситган эканманми, худди унинг оқибатларини пешонам деворга урилгандан кейин кўра бошлагандек бўлдим..

Мен директорликка тайинланганимда, мактаб ўқитувчилари кўп эди. Банк пластик карталар орқали пул олиш тизими деярли ривожланмаган эди. Уларга тушадиган маош ҳам озмунча эмас. Юрагимни кибр, кўзларимни нафс ҳирси босдими, билмадим, йўлдан оздим.

Илгаридан мактабда бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган аёл билан барча пуллик ишларни «келишув» асосида қилардик. У менга пул «ишлаш»нинг турли йўлларини ўргатардики, «э-э, мактабдаям шунақа соққа қилса бўларкан-ку!» — дея ўзимни худди еттинчи осмондагидек ҳис қилардим. 2012-2013-ўқув йиллари давомида муассаса ходимларининг банк пластик карталарига уларнинг ойлик иш ҳақи ведомостларида белгиланган эди. Ведемостда белгиланган суммадан ортиқча пул маблағларини пластик карталарга ўтказардик. 2014 йилнинг январь ойидан бошлаб эса, мактаб ходимларининг иш ҳақларини тўлаш тўлиқ банк пластик карталари орқали амалга оширилиши белгиланди. Ана шу йиллар худди пулга «сузардик». Отамнинг маслаҳатию, онамнинг танбеҳи аллақачон унутилганди. Мактаб хазинасидан нақд пул маблағлари кирими ва чиқими амалга оширилмаган бўлса-да, 2016 октябрь ойига қадар бўлган давр мобайнида айрим ходимларнинг амалда бажармаган вазифаси учун асоссиз ҳақ тўлаб келишдан ҳам тоймагандим. Ўшанда бу каби асоссиз тўланган ҳақлар анчагина эканини эсласам, бугун виждоним худди титилиб кетгандек бўлади.

2013 йилнинг августидан 2016 йилнинг сентябрь ойига қадар бўлган давр ҳужжатлари текширилганда, жами 23 та ҳолатда ходимларга ўриндошлик асосида ўтилган дарс соатлари учун асосий дарс соати сифатида иш ҳақлари ҳисобланганини, айрим таниш ўқитувчиларга ўтилмаган дарс соатларининг қўшиб ёзилгани, 16 та ҳолатда малака ошириш курсида бўлган ўқитувчиларга ортиқча иш ҳақлари ҳисоблаб борилгани, бюджет маблағлари талон-торож қилингани... ҳамма-ҳаммаси фош бўлди.

Суд иши айбловимда — «ўлик жон»ларга иш ҳақи, иш соатларини қўшиб ёзиш, бош ҳисобчи томонидан янги ишга қабул қилинган ёки пластик карточкаси бўлмаган ўқитувчиларнинг иш ҳақларини бошқа ўқитувчининг пластик карточкасига ўтказиш жараёнида устама ҳамда педюклама фоизлари ортиқча ҳисобланиш ҳолатлари борлигининг кўрсатилгани туҳмат ёки бўҳтон эмас эди. Булардан ташқари, мактаб спорт залини ижарага бериб, яхшигина даромад топиш учун йўлдан озганларимни эслашнинг ўзи мен учун бугун азоб.
Ишонасизми, ўшанда кибру-нафсга берилиб кетган онларимни эсласам, юрагим худди бўғзимдан отилиб чиққандек ҳаприқиб кетаман. Қилмишларим ортидан уч йил панжара ортида ўтирдим. Виждон азоби панжара ортида ўтиришдан қийин экан. Мактабда 9 йил таҳсил олдим, коллежлардан бирида 3 йил сабоқ чиқардим, 4 йил олийгоҳда ўқидим. Аммо, мен ҳақиқий «ўқувчилик»ни 3 йил турмада «ўтадим».

Ўйлаб қарасам, 16 йил илм-фан йўлидан, мансаб ва унинг суистеъмоли йўлидан кетибману, китоб ўқишга ва унинг мазмун-моҳиятини уқишга вақт сарфламаган эканман. Ота-онамнинг панду-насиҳатини ўзимга иддао, деб билган эканман. Ношуд эканман, кўр эканман. Бугун жисмим ҳам, руҳим ҳам азобда.
Қамоқдан жазо муддатини ўтаб қайтганимдан сўнг уйга келсам, ҳовли ҳувиллаб ётибди. Бор-йўғи, уч йилда хотиним ҳам, икки болам ҳам ташлаб кетган.

Уларниям тушунаман: «Отаси, ёхуд эри қамалиб чиққан» деган юкни бир умр кўтариб юришни ўзларига муносиб кўришмагандир. Онам ҳам шу дард билан дунёни тарк этган экан. Биргина отам қолган: мунғайиб, мўлтираб, йўлларимга кўз тикиб. Ҳеч бир ота-онага фарзанди йўлида интизор кутишлик азобини бермасин экан. Бир кафтдеккина бўлиб қолибди отаизорим. «Мансабга «минган» чоғимда менга танбеҳгина эмас, уриб, тепкиласангиз ҳам тўғри экан», — дея йиғладим, сиқтадим. Барибир, ҳеч бири нотавонлигиму, хурмача қилғуликларим ўрнини боса олмасди.
Орадан кўп ўтмай, отамниям бой бердим. Ўшанда айни пандемия пайтлари эди. Энди тўрт девор ортида ўзим сийратга айлана бошлагандим. На яқинларим, на бир пайтлар сабоқ берган ўқувчиларим ва наки директорлик чоғимда қўшимча устама «берганларим» ҳолимдан хабар олгани келарди.

Шундай кунларнинг бирида озғин, қорачадан келган ўрта ёшли бир аёл дарвозани қоқиб келди. Аёлнинг юзида ниқоб, бошига рўмол ўралган. Қўлида егуликлар. Ёнида икки боласи ҳам бор. Анчадан буён уйимда иссиқ овқат пишмагани учунми, овқатнинг ҳиди димоғимга урилди. Танимасам-да, беихтиёр қўлларимни узатдим. Бирор бир яқин қариндошим, ёхуд жиянларимми, деб ўйлаб, кимлигини сўрашга хижолат ҳам чекдим.

Аёл анчадан буён иссиқ овқатга муҳтожлигимни сезди, шекилли, шундоқ ҳовли юзидаги столга тугунини очиб, овқат ва нонни қўйди.

«Ея қолинг, амаки!» — деди болалардан бири.

«Раҳмат... Ўтиринглар, ўзларингиз ҳам... ёки... сизлар ҳам қамалиб чиққан мен каби ношуддан ирганяпсизларми?», — дедим ва яна вазиятни қўлга олиб,— «Ковид эмасман, соғломман» — дея кулиб ҳам қўйдим.

«Бизнинг қорнимиз тўқ, аммо, майли, сиз билан бирга ўтирамиз!» — деди аёл сўлғин оҳангда.
Болалар билан чақ-чақлашиб, овқатни «ҳўплаб-ҳўплаб» ичар эканман, ҳар замон-ҳар замонда аёлнинг кимлигини эслаш учун унга қараб-қараб ҳам қўйдим. Косанинг охирига етиб қолай, деганимда, титраб кетдим ва қошиқ қўлимдан тушиб кетди.

«Васила, Васила-а-а, мени кечир, Васила-а-а!...» — деб бўғзимга овқат эмас, тош тиқилгудек бўлди.

2014 йил... Қиш чоғи. Қўшни қишлоқдан келин бўлиб тушган Васила исмли қиз мен директорлик қилаётган мактабга ўқитувчи бўлиб келди. Унинг камхарж оиладан эканини била туриб, отнинг калласидек пулини олиб, зўрға ишга қабул қилган эдим. Ўшанда келинчак айтилган суммани вақтида келтира олмагани учун уни қаерда кўрсам, «ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ» қилардим. Мажлислардан чиқариб ҳайдар, ўқувчилари олдида изза қилдирардим. Ишга кириб, мен айтган «соққа»ни икки-уч ойда тўлаб берганидан сўнггига бироз тинчиган эдим. Бироқ, 2015-2016-ўқув йилида шу ёш ўқитувчига яна жабр қилдим. Дарс соатларини қисқартириб ташлаб, ҳатто, унинг номига ёзилган ва шахсий пластик картасига ташланган пул ва қўшимча устамаларни ҳам бошқа бир ўқитувчининг пластик картасига ўтказиб бериш орқали бу пулларни ўзимнинг манфаатим йўлида ишлатиб юборгандим.

Қиш кунларининг бирида иш хонамга: «болам бетоб» дея моддий ёрдам сўраб келганида: «мен сенинг эрингманми, бетоб болангга пул топиб берадиган», — дея худди итдек қилиб, ёш ўқитувчини қувиб солганман. Ўшанда аёл: «Беванинг қарғиши тош кесади. Сизни худога солдим. Бир пиёла сувга зор қолинг!» — дея қарғаниб чиқиб кетган эди... Сўраб билсам, бу ёш ўқитувчининг эри ярим йилча олдин автоҳалокатда вафот этган, икки боласи ва кекса қайнона-қайнотасига ўзи бош-қош экан... Мен шу қадар ношуд эканманки, ҳатто, қўл остимдаги бирорта ходимнинг оилавий шароити тугул, унинг яқинлари вафотидан ҳам хабардор бўлмаганман. Ёки вафоти хабарини етказишганда ҳам шунчаки қўл силтаб қўя қолганман. Ичимда уриб турган юракми, ёхуд махлуқ эканми, билмадим...

Шу воқеадан кўп ўтмай, мактабни «ревизия» босиб, мендай нобакорнинг кирдикорлари фош бўлганди. Мени худо урганиям шу бўлди-да, журналист опа.

...Ерга тушган қошиқни энгашиб олар эканман, юз тубан чўкиб кетгандек оғир тош босганди ўшанда елкамни.
«Беванинг қарғиши тош кесади, деганинг рост экан, Васила... Мени кечир!..» — дея олдим, холос.

Васила эса дарвозадан чиқар олди: «Ҳарқалай, сизнинг ҳам пешонангизга «ўқитувчи» деган ёзув бор. Шунинг ҳаққи-ҳурмати болаларим сизга овқат олиб чиқиб туришади. Саломат бўласиз!» — деди-да, чиқиб кетди...

Тақдирнинг кечмишини қарангки, Васила бугунги кунда мактаб директори, эл ҳурмат-иззатидаги обрўли аёл, деган номга мушарраф бўлибди. Айнан шу Василанинг саъй-ҳаракати билан менинг оилам, болаларим бағримга қайтишди.

Мен эса рўзғор, турмуш ташвиши билан икки йилдан ортиқроқ вақт хорижга – Москванинг Кемерова шаҳрига ишлагани кетдим. Совуқ қишда қор курадим, нам ва зах ертўлаларда яшадим. Бировнинг уйида ремонт қилишга қарашаётиб, бетон қуяётганда, икки бармоғимдан айрилдим. Ҳамшаҳарларимиз мени ишга яроқсиз, деб қувишди. Кейин ўрисларнинг хандагида яшаб, олти ойдан ортиқроқ вақт чўчқа боқдим. Бир чўчқа боласи ўлгани учун у хонадондан ҳам чақасиз ҳайдалдим. Метрода ҳам ишлаб, барака топмадим. Бу орада фуқаролик паспортимни ҳам йўқотиб қўйдим. Қиш-қировли кунларда бекатларда, ертўлаларда яшаб юрдим. «Домком»лардан бирининг менга раҳми келдими, ҳудуддаги ахлатхона тозаловчиси қилиб қўйди. Ахлатхоналарга қўйиб кетиладиган кийим-кечак ва озиқ-овқатлардан тирикчилик қилар эканман, мактабда ўқитувчи бўлиб юрган кезларим, сўнг лавозимга кўтарилиб, босар-тусаримни билмай қолганларим, қорни тўқ ходимларга ёндошиб, сал қўли калтасига озор берганларим ҳар куни бир-бир кўз олдимдан ўтарди. «Дилозордан Худо безор» деб бежизга айтишмаган экан.
Бу дунёда мансаб ҳам, бойлик ҳам синов экан. Одамзоднинг рўшноли эртанги куни шу синовдан нечоғли ёруғ юз билан ўтишига боғлиқ экан.

Муҳожирликдан оғир аҳволда юртга қайтдим. Бугун ҳовлимда сиғинди, танамда ярим жонман. Мана, мени шу туришим, шу юришимда сизнинг ҳам кўнглингиздан: «шуям вақтида ўқитувчи бўлган эканми?» — деган кечинма ўтар. Йўқ, мен бу муқаддас «ўқитувчи» деган номга номуносиб, ўз нафси йўлида шайтон измидан қолмаган, башарти касбу-корнинг юзидаги доғман. Тўғри, сизнинг менга раҳмингиз келаётгандир, балки ачинаётгандирсиз. Йўқ, мен шунчаки қилмишларимга яраша жазосини тортаётган касман.

Биласизми, қамоқда кечган кунларимда юзлаб китоблар ўқидим. Хатоларимни англадим ва тавба қилдим, саждага бош эгдим. Жуда кўп қийноқлар кўрдим. Азоблар чекдим. Муҳожирликдаям кун кўрмадим ҳисоб. Аммо, ҳар қандай вазиятдаям бу оғриқлар, бу ситам ва синовлар Аллоҳ томонидан берилаётганини тушуниб етдим ва шунинг учун ҳам ҳеч қачон ўзимни ўлдириш ёки жонимга суиқасд қилиш ҳақида ўйламадим: чунки, бу дунёнинг шўришларига ўзим сабабчиман, аммо, у дунёйимнинг ҳам куйишини истамайман...

Ғиждувонлик М. С.нинг сўзларини Лайло Ҳайитова оққа кўчирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мансабда пулга «чўмилиб», қамоқда «мактаб кўрган» ўқитувчи ҳикояси