20:37 / 23.07.2024
68

Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади

Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади
Фото: Getty Images
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилган.

Депутат Шаҳноза Холмаҳаматовага кўра, сўнгги йилларда аҳоли орасида носоғлом маърифий ишларни амалга ошириш кўпайган.

Бундай тадбирларда аҳоли, айниқса, ёшлар онгига, маданиятига турли ёт қарашлар, ғоялар ва ҳиссиётлар сингдирилмоқда. Тадбирларнинг ташкилотчилари томонидан гўёки маърифий деб баҳоланадиган кўп сонли йиғинлар, учрашувлар, ўқув ва суҳбатлар махсус билим ва тажрибага эга бўлмаган, асосий мақсади ёлғон йўли билан пул ишлаш бўлган сохта тренерлар ва лекторлар томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Бундай тадбирларда кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик, ҳуқуқбузарликлар тарғиб қилиниб, тингловчилар онгини манипуляция қилиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Бундай фаолиятни тўхтатиш, тақиқлаш ёки тартибга солишнинг ҳозирча имкони йўқ. Сабаби, амалдаги қонунчиликда маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, кур, марафон, давра суҳбати каби шаклларда амалга ошириладиган фаолият турлари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган
”, – дея таъкидлаган у.

Шаҳноза Холмаҳаматованинг қўшимча қилишича, аҳолининг бундай тадбирларга қизиқиши ортиб бораётгани ва ушбу соҳада меҳнат қилаётган кишиларнинг асосий даромад манбаига айланишини инобатга олган ҳолда ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солиш зарур.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 59-4-модда билан тўлдирилиб, маърифий фаолиятни бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд маърифий фаолиятни амалга ошириш бўйича қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланмоқда. Яъни, “тез бойиб кетиш” ва “осон пул топиш йўлларини ўргатаман” каби эълонлар билан турли вебинар ва семинар-тренинглар ўтаётган шахслар фаолияти тартибга солинади.

Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги қонун янги модда билан тўлдирилиб, унда қуйидагилар белгиланмоқда:
  • “маърифий фаолият” деганда, инсонни шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, индивидуал салоҳияти, имкониятлари, коммуникатив қобилиятларини яхшилаш учун зарур кўникма ва малакани шакллантиришга қаратилган ҳамда давлат таълим стандартлари билан қамраб олинмайдиган фаолият тури тушунилади;
  • маърифий фаолият республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин;
  • маърифий фаолиятни амалга ошириши тақиқланган шахслар доираси белгиланмоқда;
  • маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шакллари, уни амалга ошириш талаблари ва шартлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қонун депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилиб, Олий Мажлис Сенатига юборилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади