21
Тадқиқот: Ўзбекистонда аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, миннатдорлик деб билади
“Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказилган тадқиқотда жамоатчилик ва ҳукуматнинг коррупцияга муносабати баҳоланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси (АCRC), БМТ Тараққиёт дастурининг Сеулдаги сиёсий маркази ва Европа иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадқиқот 500 дан ортиқ сўров иштирокчиларининг маълумотларига ва 20 дан ортиқ аноним давлат вазирлик ва идоралари ходимларининг фикр-мулоҳазаларига асосланган.
Тадқиқотда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида мақсадли гуруҳлар, эксперт интервьюлари ва телефон орқали сўровлар ёрдамида жамоатчилик фикри ҳақидаги асосий маълумотлар тўпланди. Сўровномада қамраб олинган барча 14 та ҳудуд тенг равишда тақдим этилган бўлиб, респондентлар сони сезиларли даражада фарқ қилмайди. Ушбу сўровномада эркаклар ва аёллар, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси тенг равишда иштирок этган. Ёш гуруҳлари бўйича 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган гуруҳ кўпчиликни ташкил этди (умумий соннинг 38 фоизи).
Тадқиқот натижаларига кўра, жамоатчилик кўпинча коррупцияни порахўрлик ва қариндош-уруғчилик деб тушунади. 50 фоиздан ортиқ респондентга кўра, коррупция — бу мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчилик, 40 фоиздан камроғи учун эса қимматбаҳо совғалар беришдир.
Коррупция ҳақида жамоатчилик фикри:
54,8 фоиз — мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
51,4 фоиз — қариндошларни ишга жойлаштиришда устунлик (қариндош-уруғчилик);
49,6 фоиз — давлат хизматчисига пул кўринишида миннатдорлик;
49,2 фоиз — мансаб мавқейидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш;
47,2 фоиз — қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг шахсий манфаатлар учун шакллантиришга таъсир кўрсатиш;
44,4 фоиз — давлат хизматчилари томонидан пул совғаларини олиш;
42,8 фоиз — аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган товарлар ва хизматларни ўзлаштириш;
38,4 фоиз — давлат хизматчилари томонидан қимматбаҳо совғалар олиш.
Аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорлик деб билади. Пора олиш (88,4 фоиз) ва пора бериш (68,4 фоиз) кўпчилик томонидан қораланади, аммо яхши хизмат учун кичик совғалар одатийдек қабул қилинади.
Респондентлар коррупция кенг тарқалган соҳалар сифатида соғлиқни сақлаш, таълим (айниқса, олий таълим) ва маҳаллий ҳокимиятни эътироф этди.
Коррупцияга энг мойил соҳалар:
- Тиббиёт муассасалари — 56,4 фоиз;
- Олий таълим муассасалари — 39 фоиз;
- Мактабгача таълим муассасалари — 27,4 фоиз;
- Умумий ўрта таълим муассасалари — 27 фоиз;
- Маҳаллий ҳокимият органлари (ҳокимликлар) — 25,6 фоиз.
Коррупциядан жиддий таъсир кўрсатувчи соҳалар:
- йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати;
- ички ишлар органлари;
- автомобиль йўллари;
- қурилиш соҳаси.
Қишлоқ аҳолиси шаҳар аҳолисига қараганда автомобиль йўлларини энг коррупциялашган соҳа сифатида кўрсатган — мос равишда 22,2 фоиз ва 12,8 фоиз.
Респондентларнинг 74,0 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга, жумладан, 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёр. 12 фоиз респондент коррупция ҳақида хабар беришни салбий ҳолат деб ҳисоблайди. Хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида бу бефойда, ҳеч ким бунга эътибор бермаслиги (24,8 фоиз) кимга мурожаат қилишни билмаслик (20,4 фоиз), коррупциядан ўзлари манфаатдорлиги (19,8 фоиз) кўрсатилган.
“Масалан, 10 миллион сўм жарима тўлаш керак бўлса, инспектор билан келишиб, 2 миллион тўлайсиз. Энди 10 миллион қаерда-ю, 2 миллион қаерда эканини ўйлаб кўринг”, деган сўровномада иштирок этганлардан бири.
Сўралганларнинг ярми хабар бериш оқибатларидан қўрқади, 13,8 фоизи эса ўзлари миннатдорлик белгиси сифатида пул ёки совға беришини таъкидлаган. Коррупция ҳақида хабар беришга тайёрлик эркакларда (79,2 фоиз) аёлларга (70,4 фоиз) нисбатан бир оз юқорироқ.
Респондентларга кўра, “суюнчи”, “тўёна”, “раҳмат” кабилар ҳам фақатгина миннатдорлик, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий тарзда амалга оширилади.
Агентликнинг билдиришича, ушбу тадқиқотнинг мақсади — одамлар коррупция ҳақида нима сабабдан нотўғри тасаввурга эга эканлиги ҳамда нима учун кишилар коррупция ҳолати ҳақида хабар беришга иккиланишларини аниқлаш. Унинг мақсадлари шундай хабар берувчиларни ҳимоя қилишни кучайтириш, фуқаролар ва давлат амалдорлари ўртасидаги ҳисобдорлик ҳамда ижтимоий масъулиятни оширишдан иборат. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тадқиқот: Кунлик қаҳва истеъмоли умрни узайтириб, ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради
Башар Асаднинг яқин қариндоши осиб ўлдирилди
Конституциявий суд: Қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур
Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари Ҳалима Ибрагимовани қандай хотирламоқда?
Тожикистоннинг Конибодомида бир оиланинг 6 аъзоси ўлдириб кетилди
Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу устидан суд жараёни бошланди
"Мевалар қироли" мангонинг саломатлик учун қандай фойдали хусусиятлари бор?
Сурияда исёнчилар Башар Асаднинг отаси қабрини вайрон қилди